Мукофотларни Франция Тиббиёт академияси Президенти жаноб Тран Ба Хюи топширди. Маросимда Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги элчиси Сардор Рустамбоев ҳам иштирок этди.
Шунингдек, AVICENNIA INTERNATIONAL PRIZE совринини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги элчихонаси кўмагида Франция тиббиёт институти академиясининг директорлар кенгаши тахт залида Абу Али ибн Синонинг бронза бюстини ўрнатди. Бюст буюк олим хотирасига миннатдорлик ва чуқур ҳурмат белгиси сифатида ўрнатилди. Маросим иштирокчилари Ўзбекистонга ва Жаҳон жамиятига ушбу ташаббус учун миннатдорчилик билдирди.
“Биз Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятига ушбу лойиҳани амалга оширишга қўшган ҳиссаси учун алоҳида миннатдорлик билдирамиз. Кўз олдингизда турган ушбу бюстни ўзбек халқи номидан ҳамкорлигимиз рамзи сифатида қабул қилишингизни сўрайман. Бу воқеа тарихда қолади ва ёш авлодларга улуғ олим Ибн Сино меросини ўргатиш фаолиятига қўшилган муносиб ҳисса бўлиб хизмат қилади”, — деди Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сардор Рустамбоев.
“Мен маросимда иштирок этганимдан жуда мамнунман ва Жаҳон жамиятининг Франция Тиббиёт академиясида Ибн Сино бюстини ўрнатиш бўйича ташаббусини юксак маънода қадрлайман. Ибн Сино ўзбек заминининг сўзсиз даҳоси, айни пайтда унинг мероси Европа ва жаҳон меросининг муҳим қисмидир. Ўзбекистон ва Франция ўртасида яна бир маданий кўприк ўрнатган мамлакатингиздан чуқур миннатдорман, – деди Париж университети профессори Жоэл Чандиле бюстини ўрнатиш маросимида.
“Франция Тиббиёт академиясида буюк инсонпарвар олим Ибн Сино бюстининг ўрнатилиши барчамиз учун катта шараф ва ғурурдир! Бугун Ўзбекистонда буюк мутафаккир ва алломалар қолдирган илмий-маънавий мероснинг аҳамиятини чуқур англаган ҳолда, уларнинг меросига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Бу ҳайратланарли! “Виват” Ўзбекистон, “Виват” Франция, “Виват” Ибн Сино!” – дея таъкидлади исломшунос олим, Франция Миллий илмий тадқиқот маркази эксперти Карим Ифрак.
Шунингдек, Париждаги Тиббиёт академиясининг Катта амфитеатрида Халқаро “Авиценна” мукофотини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Жорий йилда “Европа Иттифоқи, Ўртаер денгизи ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги фалсафий ва тиббий тадқиқотлар ҳамда ҳамкорликни рағбатлантириш учун” мазкур олий мукофот турли мамлакатлар вакилларига топширилди. Мукофотланганлар орасида ҳамюртимиз, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти Васийлик кенгаши раиси, “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳасини амалга ошираётган Бахтиёр Фозилов ҳам бор. Мукофотни Франция Тиббиёт Академияси президенти жаноб Тран Ба Хуи ҳам иштирок этди.
“Биз биламизки, Бутунжаҳон жамияти бир қатор йирик лойиҳаларни амалга оширмоқда ва буюк Ибн Сино асарларини ўрганишга катта эътибор қаратмоқда. Биз бу эзгу ва машаққатли ишни амалга ошираётган инсонларни муносиб тақдирлашга қарор қилдик. Мен Ўзбекистон маданий меросини асраб-авайлаш ва уни хорижда тарғиб қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун Бутунжаҳон жамиятига ва Бахтиёр Фозиловга миннатдорлик билдираман”, – деди “AVICENNE-France” президенти ва мукофотнинг ижрочи директори Марк Боннел.
Маълумот учун: “AVICENNIA INTERNATIONAL PRIZE” мукофоти 2015 йилда “Европа Иттифоқи, Ўрта Ер денгизи ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги фалсафий ва тиббий тадқиқотлар ҳамда ҳамкорликни рағбатлантириш мақсадида таъсис этилган. У ўз тадқиқотлари ва нашр қилган китоблари орқали буюк мусулмон мутафаккири Ибн Сино ижодини ўрганишга ҳисса қўшган, тинчлик ўрнатиш ва/ёки маданий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилган олимлар ва/ёки шахсларга берилади.