Жумладан, режиссёр Дилмурод Масаидовнинг “Аёл қисмати” картинаси “Энг яхши бадиий фильм” номинациясида, режиссёр Фурқат Усмоновнинг “Инсон” фильми эса “Энг яхши ҳужжатли фильм” номинациясида гран-при соҳиби бўлди.
Бундан ташқари, ўзбек актрисаси Юлдуз Ражабова «туркий халқлар бирдамлиги ва ҳамдўстлигига қўшган ҳиссаси учун» «ТУРКСОЙ» халқаро мукофотига лойиқ деб деб топилди.
Актриса Раъно Шодиева туркий халқлар кинематографияси соҳасидаги хизматлари учун тақдирланди. У даволанишда бўлгани боис мукофотни Райҳон Уласенова қабул қилиб олди.
Кинофестиваль доирасида ВГИК (Бутунроссия кинематография институти) талабалари Акмал Обиджонов ва Саидаълохон Маъсудхоновга Туркия маданият ва туризм вазири Мехмет Нури Эрсой томонидан «Энг креатив қисқа метражли фильм» учун эсдалик нишони тақдим этилди.
Ўзбекистонлик кино усталарини шундай нуфузли мукофотлар билан чин дилдан қутлайман!” – дея таъкидлади Туркия Республикаси туризм ва маданият вазири Меҳмед Эрсой.
“Нуфузли кинофестивалда қўлга киритилган икки гран-при, шубҳасиз, муҳтарам Президентимиз томонидан миллий кино ривожига қаратилаётган улкан эътибор натижасидир. 57 фильм орасида иккита номинация бўйича ғолибликка эришиш оддий иш эмас. Чунки 17 та давлатдан рақобатчилар бўлган фестивалда айнан Янги Ўзбекистонда шаклланган кино ижодкорлар – Фурқат Усмонов ва Дилмурод Масаидов муваффақият қозонди”, – таъкидлади Фирдавс Абдухолиқов.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1–5 ноябрь кунлари Бурса шаҳрида туркий тилли давлатлар “Қўрқут ота” кинофестивали иккинчи бора ўтказилди. Фестивалда Дилмурод Масаидовнинг “Аёл қисмати”, Акром Шоҳназаровнинг “101 рейс”, Иброҳим Расуловнинг “Севги баҳори” фильмлари ва Фурқат Усмоновнинг “Инсон” ҳужжатли фильми намойиш этилди.