«ОLTIN HUMO» соҳиблари аниқланди

Пойтахтимиздаги «Туркистон» саройида миллий кинематография соҳасида «ОLTIN HUMO» мукофотини топширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. 

«Ўзбеккино» миллий агентлиги ҳамда Ўзбекистон кино арбоблари ижодий уюшмаси томонидан ташкил этилган мазкур тадбирга санъат ва маданият намояндалари, кино ижодкорлар, талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари таклиф этилди.

«Ўзбеккино» миллий агентлиги бош директори Ф.Зокиров, Ўзбекистон кино арбоблари ижодий уюшмаси раиси М.Матчонов юртимизда миллий кинематография санъатини янада ривожлантириш, бу соҳада изланаётган ижодкорларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, халқимиз учун юксак бадиий савияли киноасарларни тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

«Ўзбеккино» миллий агентлиги томонидан бу борада кўплаб ижодий лойиҳалар амалга оширилмоқда. «ОLTIN HUMO» миллий мукофотининг таъсис этилиши ҳам кино соҳасида самарали изланаётган ижодкорларни аниқлаш, уларни янги ижодий парвозлар сари руҳлантириш, фаолияти эътиборга молик кино ижодкорларини халқимизга яқиндан танитишга қаратилган.

«ОLTIN HUMO» миллий кинотақдимотининг саралаш комиссияси таниқли санъаткорлар, режиссёрлар, операторлар, сценарийнавислардан иборат эди. Ҳакамлар ҳайъатига атоқли режиссёр Юсуф Розиқовнинг раислик қилгани саралаш жараёнининг янада холис ва ҳаққоний кечишини таъминлади, десак янглишмаймиз. Асосий номинацияларга 2017-2018 йилларда яратилган, томошабинлар ҳукмига ҳавола этилган, премьералари ўтказилган картиналар қўйилди. Тақдим этилган ишларнинг бадиий жиҳатдан сифатли эканига, ижронинг пухта ва мукаммаллигига алоҳида эътибор қаратилди.

«ОLTIN HUMO» миллий мукофоти «Йилнинг энг яхши фильми», «Энг яхши режиссёрлик иши», » Энг яхши эркак роли», «Энг яхши аёл роли», «Томошабин меҳрини қозонган фильм», «Энг яхши ҳужжатли фильм», «Энг яхши компьютер графикаси», «Энг яхши овоз режиссёри», «Энг яхши монтажчи», «Энг яхши грим рассоми», «Энг яхши кино бастакори» каби ўн олти асосий номинациядан иборатдир.

Ўзбек кинематографияси ривожига қўшган ҳиссаси учун «ОLTIN HUMO» махсус мукофотига устоз санъаткорлар – Бахтиёр Ихтиёров, Абдураҳим Исмоилов, Ҳабибулла Файзиев, Хайрулла Саъдиев, Қамара Камолова, тожикистонлик машҳур актриса Сайрам Исаева муносиб топилди

«Икки элнинг суюкли фарзанди» номли фильм «Энг яхши ҳужжатли фильм» номинациясида ғолиб бўлди.

Табдирда кўплаб номинация ғолиблари эълон қилинди ҳамда уларга «»ОLTIN HUMO» миллий мукофотининг махсус статуэткаси ва дипломи тантанали топширилди.

Уза

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: