Нью-Йоркда Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти тарғиб қилинди

100 дан ортиқ автомобиллар иштирокида тайёрланган ва дрон ёрдамида суратга олинган “I LOVE UZ”  (Мен Ўзбекистонни севаман) ёзуви намойиши Нью-Йорқда кутилмаган воқеа бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консуллиги ҳамда “Ватандош” диаспора ташкилоти томонидан, АҚШда Ўзбекистоннинг миллий туризм брендини оммалаштириш, ватандошлар билан яқин алоқаларни ўрнатиш ва Америка жамоатчилигига ўзбек халқининг бой тарихий-маданий мероси ҳақидаги маълумотларни етказиш мақсадида “Ўзбекистонга саёҳат қил!” шиори остида йирик акция ўтказилди.

Тадбир давомида “Uber Technologies Inc.” va “Lyft” компанияларининг йўловчиларни ташиш учун лицензиясига эга бўлган ватандошларимиз Ўзбекистоннинг машҳур шаҳарлари, жумладан, Хива, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларининг суратлари акс эттирилган ҳамда Ўзбекистоннинг туризм ахборот веб-сайтлари манзиллари кўрсатилган ёрлиқларни ўз автомобилларига ёпиштиришди.

Шу билан бирга, “Ўзбекистонга ташриф буюришнинг 10 та сабаби” номли инглиз тилидаги брошюралар кейинчалик йўловчиларга тақдим этиш учун такси ҳайдовчиларига тарқатилди.
100 дан ортиқ автомобиллар иштирокидаги тадбир жараёни интернет тармоғида тўғридан-тўғри онлайн трансляция қилинди ҳамда маҳаллий ОАВда ёритилди. Тадбир давомида транспорт воситалари ёрдамида тайёрланган ва дрон ёрдамида суратга олинган “I LOVE UZ”  (Мен Ўзбекистонни севаман) ёзуви намойиши эса кутилмаган воқеа бўлди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Uber Technologies Inc. – 2009 йилда ташкил этилган Американинг халқаро хусусий компанияси ҳисобланади. Мазкур компания хусусий ҳайдовчи ёки такси чақириш, тўловларни амалга ошириш, озиқ-овқатларни етказиб бериш учун мўлжалланган мобил илова яратган ва шу орқали машҳурликка эришган. Мавжуд маълумотларга кўра, таҳминан 2 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар бу компаниянинг лицензиясига эга.
Lyft – Сан-Францискодаги 2012 йилда ташкил этилган  компания. Мазкур компания ўз фойдаланувчиларига ўртача ва арзон нархларда белгиланган манзилга етказиб қўйишга тайёр бўлган таксиларни мобил дастур ёки веб-сайт ёрдамида қидириб топиш имконини беради. Lyft компанияси АҚШнинг 60 та шаҳрида фаолият олиб боради.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг март ойида АҚШда кенг нишонланган Наврўз байрами доирасида, Калифорния, Иллинойс, Вашингтон ва Пенсильвания штатларида Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари акс эттирилган, автомобилларга ёпиштириш учун мўлжалланган ёрлиқлар ҳамда “Ўзбекистонга ташриф буюришнинг 10 та сабаби” брошюраларини тарқатиш каби тадбирлар ўтказилган эди.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: