Қадимий Лангар Қуръони диний идорага топширилди

Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси раҳбари Фирдавс Абдухолиқов 19 апрель куни Катта Лангар Қуръонининг факсимиле нусхасини Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовга тақдим этди. 

Президент томонидан Ислом дини қадриятларини асраб-авайлашга қаратилган ташаббусларга мос равишда миллий ассоциация раҳбари томонидан масжид-мадрасалардаги қадимий битикларни тадқиқ этиш ва халқимизга етказишда жуда катта ишлар қилинганини муфтий Усмонхон Алимов алоҳида қайд этди. Шунингдек Қуръони Каримнинг ушбу нусхаси жуда ҳам табаррук экани, уни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг музей-кутубхонасига жойлаштирилишини билдириб ўтди.

Муфтий қадимий қўлёзма асарларнинг юртимизга олиб келишда Диний идора ва уламолар ҳамкорлик қилишга доим тайёр эканини таъкидлади. Миллий ассоциация раҳбари айни вақтда хориж мамлакатларида сақланаётган улуғ мутафаккирларимиз битган, қадимий қўлёзма асарларнинг факсимиле нусхаларини юртимизга олиб келиш саъй-ҳаракатлари олиб борилаётганини айтди.

Қадимий Катта Лангар Қуръонининг мазкур факсимиле нусхаси, бошланган ишларнинг илк натижаси ҳисобланади. Ислом динининг асосий манбаси – Қуръони каримнинг энг қадимий нусхалари халқимизнинг бебаҳо мероси сифатида қадрланади. Ҳозирда маънавий мерослардан бири бўлган VIII асрга оид Катта Лангар Қуръонининг 13 та саҳифаси Ўзбекистон мусулмонлари идораси музей-кутубхонасида сақланмоқда. Эндиликда унинг ёнида қолган саҳифаларнинг факсимиле нусхаси ҳам ўрин оладиган бўлди.

islom.uz таҳририяти
Манба: Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: