Тошкент бренди тақдим этилди

Тошкент шаҳрининг Туризм брендида олтин рангда пойтахтнинг очиқ дарвозалари ва “Т” ҳарфи шаклида Тошкентнинг мусаффо осмони тасвирланган.

Шаҳар ҳокимлигида Тошкент брендининг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда шаҳар ҳокимлиги аппарати ҳамда бренддан фойдаланиш имконияти мавжуд бўлган компания вакиллари қатнашди.

Тақдимотни ўтказишдан мақсад бренддан фойдаланишни тарғиб қилиш, шаҳарнинг ижобий қиёфаси ва имижини бренд орқали кўрсатишдан иборат.

Тошкент шаҳар Туризмни ривожлантириш департаменти раҳбари Санжар Тожиев пойтахт бренди фақатгина мегаполис учун эмас, балки шаҳар туризм марказлари учун ҳам етакчи аҳамиятга эгалиги, туризмни ривожлантиришдаги ўрнини алоҳида таъкидлади.

Брендни ишлаб чиққан “MA’NO branding” компаниясининг асосчиси  Элина  Ибрагимова ҳамда дизайнер Тимур Саъдийлар бренд тасвиридаги рамз ва белгиларга изоҳ беришди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, 2018 йилнинг июлида Тошкент шаҳар жамоатчилик кенгашининг экспертлари Тошкент шаҳар бренди устида иш олиб боришди. Бу жараёнда дизайнерларнинг 310 дан ортиқ иши кўриб чиқилди. Саралаб олинган 6 та лойиҳа орасидан “MA’NO branding” компаниясининг бренд тасвири тасдиқланди. Тошкент шаҳар туризм брендини танлаш жараёнида асосий эътибор брендни тасвирлашда креатив ёндашув, ўзига хослик ҳамда миллий элементларга қаратилди.

Тошкент шаҳрининг Туризм брендида олтин рангда пойтахтнинг очиқ дарвозалари ва “Т” ҳарфи шаклида Тошкентнинг мусаффо осмони тасвирланган. Мазкур бренд тасвиридан сайёҳлар учун буюмлар, эсдалик совғалари ишлаб чиқаришда кенг фойдаланиш мумкин.

Шаҳризода ОТАБОЕВА

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: