Заҳарли жонзотлар ва ўсимликлар ҳақида қизиқарли маълумотлар

Шуниси қизиқки, заҳар бемор танасига кирса, ундаги соғлом ҳужайраларни эмас, касаллик қўзғатувчи ҳосилаларни емирар экан. Шу боис тиббиётда илон, чаён, асалари ва бошқа жонзотлар заҳридан кенг фойдаланилади.

Илон нега тиббиёт тимсолига айланган?

Сиз қадаҳсимон идиш ёки асо тагидан ўралиб чиқиб, унга заҳарини тўкаётган илон тасвирини кўрганмисиз? Ушбу тимсол қачон пайдо бўлгани, бунинг учун нега айнан илон, жомли қадаҳ танлангани, уларнинг тиббиётга нечоғли дахли борлиги ҳақида ҳеч ўйлаганмисиз?

Манбалар дарак беришича илон тиббиётчиларга ҳамроҳ бўлганига кўп асрлар бўлган. Хусусан, афсонавий юнон шифокори Эскулап тасвирий санъат асарларида ҳар доим илон билан бирга акс эттирилган. Негаки илонлар туфайли у буюк ҳаким деган мақомга эришган. У ҳақда шундай афсона бор: Қадим замонда таниқли шифокор, дея эътироф этилган Эскулапни қирол Минос вафот этган ўғлини тирилтириб бериши учун саройга чақирибди. Ҳаким хассага суяниб йўлда келаётган экан, унга бир заҳарли илон ўрмалаб чиқа бошлабди. Қўрқиб кетганидан уни хассаси билан уриб ўлдирибди. Шу пайт оғзида қандайдир ўсимликни ушлаган яна бир илон пайдо бўлибди. Бу гиёҳни ўлик илонга теккизган экан, у тирилибди. Буюк шифокор худди шундай ўсимликни топиб қирол Миноснинг ўғлини ҳам ҳаётга қайтарган экан. Илон тиббиёт тимсолига айланишига ушбу ривоят сабабчи бўлгандир эҳтимол. Айрим тадқиқотчилар эса инсонларнинг илондан қўрқиши ёки одамлар илон билан касалликни қўрқитишга интилиши бу жонзот тиббиёт рамзига айланишига асос бўлган дейишади.

Тиббиёт рамзи сифатида дастлабки илон ва қадаҳ тасвирлари эрамиздан аввалги 800-600 йилларда пайдо бўлган. Яъни саломатлик худоси Гея қадимда ўнг қўлида илон, чап қўлида қадаҳ билан тасвирланган.

Қадаҳга ўралган илон рамзини тиббиётга рамз сифатида қабул қилишни XVI асрда таниқли шифокор Парацельс таклиф қилган.

   Қайси жониворлар заҳарли?

Сайёрамизда ҳаёт кечирувчи юз мингдан ортиқ жониворларда заҳар ишлаб чиқариш хусусияти ва уни сақлаш учун махсус безлар мавжуд. Булар: илонлар, чаёнлар, ўргимчаклар, бир неча хил калтакесаклар, асаларилар, саккизоёқлар, турли балиқлар, конуссимон шиллиққуртлар ва медузалардир. Ҳатто баъзи бир сут эмизувчилар ҳам заҳарли бўлиши мумкин. Масалан, ўрдакбурун модасининг тепкисида уруғланиш даврида заҳар ажралиб чиқар экан. Албатта, ҳар қандай заҳар ҳам халокатли таъсирга эга эмас. Мисол учун, асаларилар заҳардан ҳимоя воситаси ўрнида фойдаланадилар. Аммо улар чаққанда одам ёки жонивор эмас асаларининг ўзи ҳалок бўлади.

Шифо мақсадида энг кучсиз деб ҳисобланган асалари заҳридан ҳам ўзбошимчалик билан фойдаланиб бўлмайди. Чунки касалликларни даволашда заҳарнинг жуда кичик меъёрларидан ишлатилади. Бу борада, албатта, ўзбошимчалик билан эмас, шифокор маслаҳати билан иш тутиш лозим.

Халқ табобатида қадим замонлардан буён баъзи хашаротлар заҳри беморларни даволашда қўлланиб келинган. Бундай препаратлар ҳақидаги маълумотлар эрамизгача бўлган II асрда ёзилган санскрит матнларда ҳам учрайди. Шуниси қизиқки, заҳар бемор танасига кирса, ундаги соғлом ҳужайраларни эмас, касаллик қўзғатувчи ҳосилаларни емирар экан. Шу боис тиббиётда илон, чаён, асалари ва бошқа жонзотлар заҳридан кенг фойдаланилади. Заҳарни дориворга айлантириш билан илм-фан 1960 йиллардан эътиборан шуғуллана бошлаган. Бу фаолият инглиз шифокори Хью Алистер Рид томонидан қалқонтумшуқ илон заҳри веналар тромбозини даволашда фойдали эканлиги аниқланганидан кейин бошлаб юборилган. Маълум бўлишича, мазкур илон заҳридаги токсинлардан бири қондаги фиброз оқсилларни камайтириб тромбоз ҳосил бўлишининг олдини олар экан. Ушбу хулосаларга кўра, кашф этилган препарат 1968 йилда Европа дорихоналарига сотувга чиқарилган. Бугунги кунда бу дори воситаси ўрнига янада самаралироқ бошқа препаратлар пайдо бўлди.

«Заҳарни заҳар кесади»

Замонамиз олимлари айни вақтда хашаротлар заҳридаги токсинлар асосида тайёрланган оғриқсизлантирувчи ҳамда саратонга қарши дори воситаларини синаб кўрмоқдалар. Яқин ўн йиллар ичида бу препаратлар амалиётда қўлланила бошлайди. Шунингдек, сохта кобра заҳри асосида тайёрланган қонни тўхтатувчи спрейлар ҳам тез орада автоҳалокатда жабр кўрганлар ҳаётини сақлаб қолиш имкониятини кенгайтиради. Ҳозирги кунда олимлар хавфли заҳарлар таркибидаги моддалардан турли бедаво каксалликларни даволовчи дориларини синтез қилишда фойдаланишмоқда.

Таҳлил қиладиган бўлсак, заҳар – табиат томонидан яратилган ҳалок қилиш воситасидир. Унинг таркибида токсик хусусиятга эга оқсил молекулалари, биоген аминлар ва бошқа токсинлар мавжуд. Ўз таркиби ва тузилишига кўра, бу токсинлар организмнинг турли тизимларига ёмон таъсир кўрсатиши мумкин. Заҳар таркибидаги баъзи токсинлар асаб ва мушак импульсларини мусодара қилиб, фалажликка олиб келса, бошқалари қонни ивитиб, тромбоз ҳосил қилади ва юрак фаолиятини тўхтатади. Учинчи хил токсинлар эса ўлимга олиб келувчи қон кетишига сабаб бўлади. Айрим жонзотларнинг заҳри инсоннинг бирданига бир нечта тизими фаолиятига зарар кўрсатиши аниқланган. Аммо айнан шу заҳарларни илмий томондан тадқиқ қилиб, фойдали ишларга йўналтириш мумкин.

Асалари заҳри артритни даволайди

Асаларига чақтириб даволаш – қадим замонлардан буён қўлланиб келинаётган самараси синалган табобат усулларидан бири. Олимлар асалари заҳри ёрдамида даволаш борасида бундан икки минг йил олдин ёзилган манбаларни топишга муваффақ бўлишган. Бу усулдан илк бор Қадимги Миср, Юнонистон ҳамда Хитойда фойдалана бошлашган. Табиблар асалари заҳри ёрдамида асосан артрит ва ревматизм билан оғриган беморларни даволашган. Шунингдек, асалари заҳри теридаги битмайдиган яраларни, варикозни, простатит ва аёллар бепуштлигини даволашда яхши самара беради.

Асалари заҳри билан даволанишни бошлашдан олдин, албатта, махсус синама ўтказиб, организмда бу маҳсулотга аллергия йўқлигини текшириб кўриш керак. Умуман ҳар қандай даво воситаси учун аниқ меъёр ва тартиблар ишлаб чиқилган. Айниқса жониворлар ва ўсимликлар заҳридан фойдаланганда уй шароитида даволаниш тақиқланади. Чунки меъёрларга амал қилмаган ҳар қандай иш инсон ҳаётига хавф туғдириши мумкин. Асаларига чақтириш учун эса махсус нуқталар мавжуд. Билимсизлик, дуч келган жойни чақтириш фалажланиш ҳолатларини келтириб чиқариши эҳтимоли бор. Шунинг учун муолажани фақат мутахассис ўтказиши талаб этилади.

Заҳарли ўсимликлардан эҳтиёт бўлинг

Биласизми, биз беозор деб ўйлаган чиройли гулли, ёқимли ҳидли ўсимликларнинг ҳам заҳарлилари бор. Уларни таниб олиш, тоққа ва далага чиққанда эҳтиёт бўлиш керак. Ҳатто уй гуллари орасида ҳам заҳарлилари мавжуд. Уларни парвариш қилганда қўлни кўзга, оғизга теккизмаслик, қўл билан ушлагандан сўнг яхшилаб ювиш, бундай ўсимликларни ёш болали хонадонларда ўстирмаслик талаб этилади.

Буюк аждодимиз Абу Али ибн Сино заҳарли ўсимликлар ҳақида тиб қонунлари асарида кенг маълумот бериб ўтган. Улардан айримлари кам дозада мураккаб дориномалар таркибига киритилади ва бир қатор хасталикларда шифо бўлади. Масалан, адонис, афсонак, аччиқ тарон, аччиқ шувоқ, бўймадорон, бангидевона, дастарбош, доривор шотара, испарак, кўкнори, кичик бўригул, кичик санчиқўт, кулмоқ, марваридгул, мингдевона, оддий арча, парпи ўсимлиги, пушти радиола, саллагул, сариқ қашқарбеда, сариқ нуфар, тоғ қуддуси, қизилча, қончўп кабилар шулар жумласидан. Улар фақат белгиланган меъёрларда ишлатилади.

Гулшан тайёрлади.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: