Орол – бизнинг умумий оғриғимиз

Ўзбекистон Жаҳон тиллари университетида юртимизга ташриф буюрган чет эллик адиблар билан учрашув бўлиб ўтди. Улар орасида қозоғистонлик таниқли ёзувчи, публицист, иқтисодчи, жамоат арбоби Бекнур Кисиков ҳам бор эди. У билан, тўғрироғи унинг дўсти Нурлан билан бундан 1 йил олдин поездда танишиб қолгандик. Нурлан ўз оиласи, тўрт нафар фарзанди билан Ўзбекистонга саёҳат қилиш учун келган экан. У оила аъзолари билан бир неча қадимий шаҳарларимизни айланиб чиқибди. Ўзининг яқин дўсти – ёзувчи Бекнур Кисиков экофантазия жанрини яратгани ва ушбу жанрда “Мен сени… денгиз” (Я тебя… more) номли романини ёзганини гапириб берди. Ушбу романни ўқиб, Орол денгизини Ўзбекистон томонидан томоша қилиш истаги пайдо бўлганини айтди. Шу сабабли оиласи билан юртимизга саёҳат қилиш учун келган экан.

Кейин менда ҳам бу китобни ўқишга қизиқиш туғилди. Нурлан орқали Бекнур билан танишиб қолдик. У менга ўзининг Орол ҳақидаги экофантазия жанрида яратилган китобининг электрон нусхасини совға қилди.

Маълумот учун: Бекнур Кисиков Алмата халқ хўжалиги институтини ва Ал Фаробий номидаги қозоқ давлат университетини тамомлаган, сўнг Голландияда магистратура босқичини ўтаган. Кўплаб монографиялар, романлар, қисса ва шеърлар муаллифи. Бир қатор адабий танловларнинг ҳакамлар ҳайъати аъзоси, Алмата Тадбиркорлар ва ишбилармонлар жамоат кенгаши раиси.

Б.Кисиковнинг “Мен сени… денгиз” асарида табиатга муҳаббат мавзуси улуғланади.  Бу асар пойтахтлик журналист ҳақида бўлиб, у денгиз ўртасидаги орол, у ерда йўқолиб қолган одамлар ҳақида мақола ёзиш бўйича топшириқ олади.  Ғойиб бўлганлар 12 киши эди, улар орасида банкир, профессор, мусиқачи, физик, официант қиз ва дастурчи ҳам бор.

Асар қаҳрамони денгиз бўйида яшовчи балиқчилар, овчилар, денгизчилар ҳаёти билан танишади. Бироқ бошқа дунёдан келиб қолган одам каби унга бу инсонларнинг турмуш тарзини тушуниш жуда қийин эди…

Асар қаҳрамони бу ерда содир бўлаётган сирли воқеаларнинг тагига етиш истагида астойдил изланади ва охири ўз ҳаётининг мазмунини топиб олади. Яъни умрнинг асосий саволига жавоб топади, у ўзини англайди.

Асарда иккинчи планда бўлса ҳам муҳим персонажлардан бири – Денгиз. Унинг прототипи эса – Орол. Қозоқ адиби бизнинг умумий муаммомиз, қалб оғриғимиз бўлган Орол фожеаси, оролбўйи аҳолисининг ҳаётини бор реаллиги билан ўзининг фантастик асарида моҳирона акс эттирган.

Экофантазияда ўлмас мавзу – муҳаббат ҳаёт калити, тириклик манбаи сифатида тасвирланади. Бу ҳар қандай ёшдаги ўқувчини қизиқтира оладиган асардир. Оғир турмуш шароитлари, экология қийинчиликларига қарамай кекса денгиз қирғоқларидаги аҳоли нега бу ерларни тарк эта олмаётганини ушбу китобни ўқиш давомида англаб оласиз.

Манзура БАХТИЁР

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: