Қуйи Чирчиқда маънавият тарғиботчиларининг семинари бўлиб ўтди

Мамлакатимиз ёшларининг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун замонавий шароит ва имкониятлар яратиш, шунингдек уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳар доим муҳим вазифалардан бўлиб келган. Ёшлар қанчалик кўп маънавий баркамол бўлса, турли ёт иллатларга чалғиши шунчалик кам бўлади.

Маълумки, давлатимиз раҳбари ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари сурган эди.

Биринчи ташаббус ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш, иккинчиси жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилиш, учинчи ташаббус ёшлар ўртасида компьютер ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган.

Тўртинчи ташаббус эса ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишдан иборат.

Бу ташаббусларни ҳаётга татбиқ қилишда айниқса мактаблардаги маънавият тарғиботчиларининг зиммасига кўпроқ вазифалар қўйилган. Бугунги кунда уларнинг фаолиятини юқори босқичга кўтариш, иш самарадорлигини ошириш учун фойдали маслаҳатларни бериш ва зарур қўлланмалар билан таъминлаш масаласи энг долзарб масалалардан бўлиб турибди. Ҳозирда туманлар бўйлаб ёшлар маънавиятини юксалтиришга ҳисса қўшувчи педагоглар иштирокида тизимли ўқув-машғулотлари бўлиб ўтмоқда.

Куни кеча худди шундай ўқув-семинари Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманидаги 33-умумтаълим мактабида ташкил қилинди. Унда туман мактабларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари, ижодий маданий ишлар бўйича тарғиботчилари ҳамда тажрибали экспертлар иштирок этишди.

Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад мактаб ўқувчилари орасидан ижодий салоҳиятли, иқтидорли ёшларни топиш ва уларнинг қобилиятларини ривожлантириш масалалари ва бу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда таъсирчан чораларни кучайтиришга қаратилди.

Семинарда Республика маънавият ва маърифат маркази Қуйи Чирчиқ тумани бўлими бошлиғи Абдуғаффор Шодмонов, туман ХТБ бўлими мудири Абдусамат Шодмонов, Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари туман шўъбаси раҳбари Феруза Турматова ва бошқалар сўзга чиқиб, туманда бу йўналишда олиб берилаётган ишлар, ютуқлар ва галдаги вазифаларга тўхталишди.

Амалий машғулотлар жараёнида намунали фаолият олиб бораётган маънавият тарғиботчиларининг маърузалари тингланди. Семинар давомида иштирокчиларни қизиқтирган кўплаб саволларга жавоблар қайтарилди, таклифлар берилди.

Келгусида ишлар самарадорлигини ошириш ва ўқувчиларнинг ижод қирраларини намоён қилиш, уларнинг таниқли ёзувчи, шоир ва рассомлар, турли амалий санъат намоёндалари билан учрашувларини ташкил этиш ва ижод намуналарини ОАВда кенгроқ ёритиш, уларнинг республика миқёсидаги танловлар ва кўргазмаларда иштирокини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Гулнора БЕРДИҚУЛОВА, Қуйи Чирчиқ туманидаги 33-мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: