Сочни қандай қуритиш керак?  

Сиз сочингизни тез-тез ювасизми? Ювгандан сўнг яхшилаб қуритмай кўчага чиқиб кетасизми? Асло бундай қилманг! Чунки бош оғриши, қулоқ шамоллаши, юз нервларининг яллиғланиши, бўйин мушакларининг қотиб қолиши айнан шу одатимиз сабаблидир.

Ҳозирги вақтда ҳар бир хонадонда ювилган сочларни қуритувчи фенлар бор, албатта. Сочни тез қуритиш, албатта, инсон учун фойдали. Лекин косметологлар сочлар учун фен ишлатаётганда бир неча қоидаларга амал қилиш кераклигини таъкидлашади. Биринчидан, фен танлаётганда унинг ёрлиғига яхшилаб эътибор беринг. Фенларни ҳар хил ҳароратда ишлатиб кўриб, кейин ҳарид қилинг. Масалан, узун сочлар учун максимал даража 1600 Вт гача бўлади. Калта ва ингичка сочлар учун эса 400 дан 800 Вт гача тавсия этилади. Фен ишлатаётганда соч толаларига юқори иссиқлик оқими берилиши сабаб, соч толалари ва бош териси жароҳатланиши мумкин. Бундай усулда қуритилган сочлар заиф, синувчан бўлиб қолади. Соч қуритишда қуйидаги тавсияларга амал қилинг:

Сочлар толасини текислаш учун ҳаво оқимини юқоридан пастга томон йўналтириш зарур. Яхшиси фенни бошқарувчи қўлда ушлаган маъқул, бу ҳаракатларнинг бир текис ва аниқ бўлишини таъминлайди. Фен билан сочлар ораси камида 20 см масофада бўлиши керак.  Фенни ҳаддан ташқари яқин келтириб қуритиш соч толаларини жиддий зарарлайди.

Ҳўл соч билан кўчага чиқманг

Сочларни қуритишдан аввал, унинг бутун ҳажмини тутамларга ажратиб, қисқичлар билан қистириб қўйиб, ҳар бир тутамни алоҳида қуритиш мумкин – бу сочларга ҳажм бағишлайди ва сочнинг бир текис қуришига ёрдам беради.

Кўпчилик нам сочларни табиий шароитда бошни ўрамасдан ва фен ишлатмасдан қуритишни ёқтиради. Бироқ бу сочни қуритмасдан кўчага чиқиб кетувчилар ва сочлар ҳўллигича ухлаб қолувчилар учун ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Яъни соч ва бош мия салбий ташқи таъсирга, масалан шамол ва совуқ ҳароратга дучор бўлиши мумкин. Шунинг учун иложи борича сочни ўртача ҳароратда фен ёрдамида қуритиш, чала қуриган соч билан биланлик кўчага чиқмаслик тавсия этилади.

Фен билан қуритганда яхшиси, ҳароратни аста-секин пасайтириш йўли билан қуритган маъқул. Ҳаво ҳаддан ташқари иссиқ ёки совуқ бўлса соч толаларига зарар етказади. Фенларнинг “сооl” режими илиқ ҳаво оқимини юборувчи режим ҳисобланиб, соч толаларига зарар етказмайди ва бош терисида қон айланишни яхшилайди.

Ҳўл сочларни фенда қуритманг

Инсон табиатидаги шошқалоқлик соч қуритишда ҳам ўз  ифодасини топади. Кўпчилик сочларини ювгандан кейин дарҳол қуритишга тушади. Лекин ҳаддан ташқари ҳўл сочлар кўпроқ таъсирчан бўлади. Айниқса уларнинг илдизи юмшоқ ҳамда тўкилишга мойил бўлишини ёдда тутиш керак.  Шунинг учун  сочлар табиий равишда бироз қуригандан кейин фендан фойдаланган маъқул.

Агар иссиқ ҳаво режимида қуритаётган бўлсангиз, охирида сочлар узунлиги бўйлаб фен ёрдамида совуқ ҳаво оқимини юбориш керак. Бундай усул соч толаларини текислайди ва ундаги намликни сақлашга ёрдам беради. Шу билан бирга сочларни жилолантиради.

Биласизми?

Cочни қуритмасдан ухлаш зарарли экан. Қуйида бу одатнинг қандай нохушликларга олиб келиши ҳақида тўхталамиз.

Астма ва аллергия

Агар бошингизни ювиб, қуритмасдан сочиққа ўраб уйқуга ётсангиз, тунда намликнинг катта қисми ёстиққа сингиб кетади. Сочларингиз тез қурийди, лекин ёстиқ ичидаги синтепон, пахта ёки парга сингиб кетган намлик қуримасдан узоқ вақтгача сақланиб қолади. Ва бу илиқ муҳит ичида замбуруғлар ва бактериялар фаол равишда кўпая бошлайди. Кўп ўтмай ётоқхонангиздан моғорлаганга ўхшаш ҳид келиб қолади. Бир неча ойдан кейин эса сиз замбуруғ споралари билан тўйинган ҳаводан нафас ола бошлайсиз. Агар ёстиғингизни янгиламасангиз, сизда бронхиал астма касаллиги пайдо бўлиши мумкин.

Қазғоқ ва соч тўкилиши

Олдинлари, масалан 30-40 йиллар илгари бошда қазғоқ пайдо бўлиши оддий ҳол ҳисобланар эди. Ҳозирда бош терисида қазғоқ пайдо бўлиши камдан-кам кузатилади ва одамнинг ташвишга тушишига сабаб бўладиган воқеа ҳисобланади. Инсониятнинг қазғоқ устидан ғалаба қилишида сочни қуритувчи фенлар муҳим роль ўйнайди. Гап шундаки, қазғоқни келтириб чиқарувчи замбуруғлар бош терисида ҳар доим яшайди. Улар ҳамма замбуруғлар сингари нам муҳитда тез кўпаяди. Сочни ювгандан кейин ҳўл сочлар билан ухлашга ётиш натижасида сиз бу замбуруғларнинг кўпайишига шароит яратиб берган бўласиз.

Бўйиндаги оғриқлар ва мигрень

Биласизми, агар сиз сочларингизни қуритмасдан ухлашга ётсангиз, унда бошингизнинг ёстиқдаги томони хўллигича ва иссиқлигича қолади. Иккинчи, очиқ турган томони эса совийди. Чунки барибир хона ҳарорати тана ҳароратидан пастроқ бўлади. Бутун кеча давомида мушакларнинг бундай ҳолатда исиб ёки совиб туриши уларнинг қисилишига, шамоллашига олиб келади. Бунинг оқибатида эрталаб сизни бўйиндаги ёки бошдаги оғриқлар безовта қилади.

Шаҳризода тайёрлади.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: