“Боламнинг бўйи нега паст?..”

Болаларда бўйнинг ўсишдан орқада қолиши жуда долзарб муаммо. Бўй ва вазн билан боғлиқ камчиликлар боланинг асабийлашиши, тенгдошлари қаторида ўзини нуқсонли деб билишига сабаб бўлади. Шунинг учун бўйи пастлигининг сабабларини аниқлаб, тезда уларга барҳам бериш лозим.

Баъзи ота-оналар фарзандининг бўйи яхши ўсмаётганидан хавотирга тушишади. Айниқса ўғил болаларининг бўйи пастлигидан ташвишланиб, шифокорлардан бўйни ўстириш бўйича маслаҳатлар сўрашади.

Болаларда бўй ўсишидан орқада қолиш жуда долзарб муаммо. Бўй ва вазн билан боғлиқ камчиликлар боланинг асабийлашиши, тенгдошлари қаторида ўзини нуқсонли деб билишига сабабчи бўлади. Шунинг учун бўйи пастлигининг сабабларини аниқлаб, тезда уларга барҳам бериш лозим.

Бола она қорнидалигида жуда тез ўсади. Агар у туғилганидан кейин ҳам шундай тезлик билан ўсганида 10 ёшида бўйи 6 метр бўлган бўларди. Аммо дунёга келгандан сўнг боланинг ўсиши бироз секинлашади. Умуман инсон умрининг турли даврларида ўсиш суръати турлича бўлади.

Инсон умри давомида жадал суръатда ўсиш босқичлари учта даврга бўлинади. Булар: бир ёшгача бўлган давр, 4-5 ёшлик даври, жинсий етилиш даври.

Бу босқичларда организмдаги барча тизимлар бор кучи билан ишлайди. Шу сабабдан ҳам боланинг мослашув имкониятлари заифлашиб, тез-тез касалга чалиниб туради. Шу билан бирга унинг тана аъзолари ҳамда тизимлари ҳам ўз вазифасини тўла бажаришга қийналади. Ўсиш суръатлари секинлашганда организм бироз ором олади. Лекин бўй ўсиши секинлашганда ички аъзолар ривожланиши тезлашади.

Шуниси ҳам борки, баъзи бир болалар баҳорда, бошқалари эса ёзда яхши ўсади. Қизлар ўғил болаларга нисбатан тез ўсгандек бўлади. Аслида ўғил болаларга нисбатан секин ўсади. Аммо қизларда жинсий етилиш даври эртароқ, 10 ёшларида кузатилади. Бу даврда қизлар бўй ўсишида ўғил болаларни ортда қолдиришади. Ўғил болаларда жинсий етилиш даври бироз кечроқ, яъни 13 ёш арафасида бўлади. Бу даврда уларнинг бўйи ҳам жадал ўсиб, қизлардан ўзиб кетади.

  Нима учун бола секин ўсади?

Боланинг ўсишига кўплаб омиллар ўз таъсирини кўрсатади. Хусусан:

Ирсий (генетик). 100 та ген боланинг меъёрий ўсишида муҳим роль ўйнайди. Шу сабабли ирсий ва келиб чиқиши билан боғлиқ омиллар катта аҳамиятга эга. Яъни ота-онасининг бўйи паст бўлса, боланинг узун бўйли бўлишига умид қилмаса ҳам бўлади ёки аксинча.

Гормонал. Маълум гормонлар кўп ёки камлиги билан боғиқ). Қалқонсимон ва буйрак усти безларида етиладиган гормонлар ўсиш гормонлари дейилади. Шу боисдан эндокрин тизимидаги турли издан чиқишлар бўй ўсишидаги потологияларга олиб келади. Шуниси қизиқки, ўсиш гормонлари бола ухлаганда ишлаб чиқарилар экан. Шунинг учун яхши ухлаган бола яхши ривожланади, дейишади.

Эндокрин безлар фаолияти. Бу тизимнинг иши мия марказлари томонидан бошқарилади. Шу боис бош миядаги ҳар қандай ўзгариш, ҳатто туғуруқ вақтидаги жароҳатлар, миянинг инфекцион касалликлари бевосита бўй кўрсаткичларига таъсир кўрсатиши мумкин.

Сурункали касалликлар. Агар улар буйрак, юрак, ўпка ва ҳазм тизими аъзоларига асорат берса бу ҳам бўй ўсишдан орқада қолишига олиб келади. Бироқ сурункали тонзиллит (ангина), холецистит (ўт қопи яллиғланиши) одатда бўй ўсишига салбий таъсир қилмайди. Бошқа томондан олиб қараганда эса улар иштаҳасизликка сабаб бўлади. Бу ҳам ёш болаларда бўй ўсишини тўхтатиши мумкин.

Тўлақонли овқатланмаслик.

Руҳий омил. Болага меҳр етишмаслиги унда ўсиш гормонлари ишлаб чиқарилишига салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабли меҳрибонлик уйларидаги 5 ёшгача бўлган болаларда кўпинча бўй ўсишидан ортда қолиш кузатилади.

Бўйни ўстириш борасида маслаҳатлар

Агар боланинг бўйи яхши ўссин десангиз, оқсилга бой овқатларни кўпроқ едиринг. Бунда колбаса маҳсулотлари ўрнига гўштли таомлар истеъмол қилишига аҳамият қаратинг;

Ўсиш суръатини А ва Е дармондорилари тезлаштиради. Шундай экан болангизга ҳар куни қирғичдан ўтказиб, асал қўшилган сабзи, янги мева ва сабзавотлар, табиий шарбатлардан бериб туринг;

Боланинг овқатида минерал моддалар, кальций ва фосфор билан етарли бўлиши зарур. Булар ундаги суяк тўқимасининг шаклланишида жуда муҳим;

Жисмоний машқлар барча ўсиш нуқталарига фаол таъсир кўрсатади. Шу боис болани спорт турлари билан шуғулланишга жалб этиш керак;

Ўсмирлар, кўпинча ўғил болалар ўзининг бўйи ўсмаётганидан тушкунликка тушиб, ўзбошимчалик билан анаболик воситаларни қабул қила бошлашади. Бундай “бўй ўстирувчи” дорилар табиий ўсиш меъёрларига салбий таъсир кўрсатади. Баъзида эса аксинча, ўсишдан тўхтатиб қўйиши ҳам мумкин.

Ўсмир йигит-қизларнинг ота-оналари уларга бўйи пастлик катта муаммо эмаслиги, саломатлик ундан муҳимроқ эканлигини тушунтириб беришлари керак.

Болаларнинг ривожланиши меъёрида бўлиши учун турли касалликлардан эҳтиёт қилиш, улардаги ўткир ва сурункали касалликларни ўз вақтида даволатиш зарур.

Фарангиз АТАБАЕВА тайёрлади. Эксперт – педиатр Саломат ХЎЖАБОЕВА.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: