Қуюқ қонни табиий суюлтириш усуллари

Қуюқ қон томирларда жуда секин оқади ва касалликларга сабаб бўлади. Чунки бунда тўқималарга керакли озиқ-моддалар етиб бормайди ва танадаги ортиқча иллатлар чиқиб кетолмайди. Бундан ташқари, ўта қуюқ қонни ҳайдашда юрак ҳам тез чарчаб қолади.

Инсон организмидаги барча жараёнлар қон ёрдамида амалга ошади. Қон инфекцияларга қарши курашади, моддалар алмашинувидан ортган чиқиндиларни ташқарига ҳайдашга ҳисса қўшади.

Қон плазмаси ва шаклли элементлар: эритроцитлар, лейкоцитлар ва тромбоцитлардан таркиб топган. Қоннинг ранги эритроцитлар ҳисобига қизил бўлади. Лейкоцитлар иммунитет учун жавоб беради. Тромбоцитлар эса жароҳатдан кўп қон кетмаслиги учун қон ивишини назорат қилади. Айнан тромбоцитлар қон қуюқлигига таъсир кўрсатади.

Қон қуюқлашишига кексалик; организмда сув етишмовчилиги; овқат ҳазм қилиш тизимидаги сурункали хасталиклар; дисбактериоз, тўлақонли овқатланмаслик; сифатсиз овқатлар; фермент етишмаслиги; турли замбуруғ, вирус ва бактериялар; кучли зўриқиш, стресс; алкоголь, тамаки; камҳаракатлик; ифлосланган ҳаво ва ўта иссиқ иқлим қон қуюлишига олиб келувчи асосий сабаблардандир.

Қон қуюқлашганини қандай биламиз?

Қон қуюқлашиши одам организмидаги ҳар қандай аъзо ва тизимга жиддий зиён етказиши мумкин. Қони қуюқ кишиларда умумий ҳолсизлик, тез чарчаш, уйқучанлик, тез-тез бош оғриши, қўл ва оёқлар совуқ бўлиши, жимирлаши, паришонхотирлик, депрессия, оғиз қуриши каби аломатлар сезилади. Булардан ташқари, юрак тез уриши, нафас қисиши, тананинг турли қисмларида кўкаришлар пайдо бўлиши, тирноқ шакли ўзгариши, онг карахтлиги кабилар ҳам кузатилади. Мияга қон яхши етиб бормаса бош айланиши, ҳушдан кетиш ҳам содир бўлиши мумкин.

Тадқиқотларда аниқланишича, қон қуюқлашишига олиб келувчи асосий сабаблардан бири кам сув ичиш экан. Бу қабзиятга, пешобга кам чиқишга сабаб бўлади. Натижада ортиқча моддалар қонга сўрилиб унинг таркибини янада айнитади.

Шунинг учун барча шифокорлар иложи борича кўпроқ сув ичишни маслаҳат беришади. Соғлом одам кунига камида 2 литр (ёзда 3 литр) сув ичиши зарур.

Қон қуюлишининг олдини олишда махсус овқатланиш тартибига ва табиий дамламалардан ташқари, ичиш-чекишдан чекланиш, фаол ҳаракатда бўлиш ҳам жуда муҳим ўрин тутади. Иложи борича кўпроқ пиёда юриш ва эрталаб тоза ҳавода бадантарбия қилиш ҳам яхши самара беради.

Қон қуюқ бўлганда кишига биронта яққол белги сезилмайди. Шунинг учун ҳар йили 1-2 марта қоннинг умумий таҳлили, қон ивиш даражаси ҳамда қон томирлар ҳолатини текширтириб туриш керак. Агар таҳлил топширганда қон қуюқлиги аниқланса, тезроқ бунинг сабабини билиш зарур. Негаки қон қуюқлиги алоҳида касаллик ҳисобланмай, қандайдир касаллик белгиси бўлиши мумкин. Бундан ташқари, қон қуюқлиги қон босими кўтарилишига, тромбларга, кейинчалик инфаркт ва инсультга олиб келиши эҳтимоли бор.

Қон қуюқлашишини даволашда етарли миқдорда сув ичиш, қонни суюлтирувчи маҳсулотларни истеъмол қилиш энг қулай усул ҳисобланади. Айрим ҳолларда, масалан кексаларда қон қуюқлашганда шифокор тавсиясига асосан таркибида аспирин бўлган дорилар қабул қилинади.

Қовурилган таомлар қон қуюлишига олиб келади. Шунинг учун асосан овқатларни димлаб, қайнатиб ва буғда тайёрлаб истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ.

Қонни суюлтирувчи маҳсулотлар

Табиий тарзда қонни суюлтириш учун қуйидаги маҳсулотларни таомнома таркибига киритиш тавсия этилади. Ёғсиз гўштлар: мол, товуқ, курка гўшти; помидор, лавлаги, бодринг; денгиз карами, балиқ; олма, гилос, анор, анжир, тут мевалари; цитрус мевалар: лимон, грифурт, киви; занжабил (имбирь), долчин (корица), саримсоқпиёз, сельдир, аччиқ қалампир, пиёз; кунгабоқар пистаси, барча ёнғоқ турлари; пиёз, саримсоқпиёз; ўсимлик мойлари: кунгабоқар, зайтун, зиғир мойи ва бошқалар; узум, олҳўри мевалари ҳамда қоқиси, майизи; таомга қўшиладиган зираворлар: зарчава (куркума), зирк (тимян), занжабил (имбирь), долчин (корица), ялпиз мята.

Қонни қуюлтирувчи маҳсулотлар

Агар қонингиз қуюқ бўлса қуйидагиларни истеъмолдан чекланг: шакар ва бошқа ширинликлар; дудланган гўшт, ёғли таомлар; газли ичимликлар; маржумак (гречка), банан, картошка, шовул (шавель); ёғли хамир овқатлар.

Эсингизда бўлсин: қонни суюлтирувчи таблеткалар ва табиий воситаларни меъёридан кўп қабул қилиш қоннинг ҳаддан ортиқ суюлишига ва ички аъзолардан қон кетишига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳар қандай ҳолатда даволовчи шифокорингиз билан маслаҳатлашинг.

Хива тиббиёт коллежи «Терапия ва тор мутахассликлар» кафедраси ўқитувчиси  Дилноза ЭГАМБЕРГАНОВА тайёрлади. Эксперт – кардиолог Азимбой АБДУЛЛАЕВ.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: