“МЕН БИЛАНСАН, КУНЛАРИМДА ОҲОР БОРДИР…”

Мен барига кўндим,
Ҳаммаси яхши,
Ҳаммаси жойида,
Ғам йўқ ғамимга.
Фақатки, юрагим беҳузур, бешон,
Минг йилки, кўникмас, кўникканимга.

Бахтинисо Маҳмудова

МЕН БИЛАНСАН

Мен билансан,
Кунларимда оҳор бордир,
Оҳанг бордир,
Кузларимда баҳор бордир.
Кўзларимда мурувват бор ва зор бордир,
Мен билансан!

Муҳаббат бор, музларимга олов бергай,
Олам бергай,
Сўзларимга оро бергай.
Бир йиғласам, юпатгувчи биров бергай,
Мен билансан!

Осмонларда фақатгина қушлар қолмиш,
Гоҳ заминий, гоҳ самовий кучлар қолмиш.
Юлдуз санаб… тушларимда тушлар қолмиш…
Мен билансан!

Юрагимга юрагини тўкди шомлар,
Тўлди шомлар.
Дарёларга чўкди шомлар.
Мени олиб кетгунича намозшомлар,
Мен билансан,
Мен билансан,
Мен билансан!

* * *

Ишқим бўлак, ишқим ўзи сафар, илло,
Жим қўшилгай, Худо деган нидоларга.
Мени кўрсат, мендан жой бер, мени йўлла,
Овозингнинг ортидаги дунёларга…

Мен барига кўндим…
Ойдин фасллар
Кўзимга ажинлар солиб ўтади.
Нечун
бир дил истаб,
бошимни қўйсам,
Туннинг елкалари толиб ўтади?!

Мен барига кўндим.
Эшик очилар.
Мен интиқ шамоллар келмайди кириб.
Гарчи, остонамда гуллар қадамлар,
Гарчи, томонларни оламан териб.

Мен барига кўндим…

* * *

Шундай соғиндимки бугун барини!
Соғиндим, тош ўпган йўлларни бирам!
Ҳеч кимдан бекитмай ҳайратларини
Дарё-дарё оққан шамолларни ҳам.

Шовуллаб борсайдим барига бардам,
Шовуллаб чиқсайди соғинчим қирга.
Гулдай ҳисларимдан эҳсон қилардим,
Гул хайр этмаган гулхайриларга…

Майли, бўлганича бўлсин ҳаммаси,
Бетартиб кўнглимни ўрганиб олдим.
Не бўбди, қуёшга тик қаролмасам,
Дунёни ўзгартмай, ўзгариб олдим.

Кўзимга илиниб ўтди ёмғирлар,
Кўнглимга кўриниб ўтди ёмғирлар.
Тилиниб, уриниб ўтди ёмғирлар,
Булутлар туртмади — сесканиб олдим.

Айни куз. Пойимга йиқилди хазон-
Дарахтлар заминга этдими эҳсон?
Бари номукаммал ва бари осон,
Йиғимда тингланиб, тўпланиб олдим.

Майли, бўлганича бўлсин ҳаммаси,
Бетартиб кўнглимни ўрганиб олдим…

 

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: