Сталинни соғинганлар… (Фельетон)

Қораянтоқ қишлоғилик Саъдулла хўжа Бобохон ўғли уч ҳафтаки ухламайди, деганларида ишонмадим. Тиббиёт одам етти кун ухламаса… у ёққа “текин йўлланма” олишини исботлаган. Мўъжизага ишонмай хўжа бувани излаб бордик. Йўқ, отдек юрибдилар –томорқасидаги картошкадан бўшаган бир энлик жойга кечки сабзи экиш ташвишида эканлар.

Сўрашдик, исташдик. Дарров гапни “уйқусизлик хасталиги”га буриб… ҳушларини учиргимиз келмади. Навбати етганда астагина сўраган бўлдик: «Бу…уч ҳафтаки ухламасдан, томорқада куйманиб ётибсиз, деб эшитдик, шунга…”

Сўзимиз шундоқ ҳам жаҳли тез хўжа буванинг фиғонини кўкка ўрлатиб юборса бўладими. Жавоб ўрнига набирасига: “Анов мен ҳар куни ўқиб, сўкинадиган китобни бу ёққа олиб кел-чи!” деб қолдилар. Набираси пилдираб бориб, салмоқлигина китобни келтириб, бувасининг қўлига тутқазди.

Хўжа бува олманинг чала соясида ўтириб, китобнинг букиб қўйилган саҳифаларини очиб: “Мана буни кўринг, мана буни! Улар қаттол Сталинни оқлаб, китоб ёзибдилар. Мана қаранг!” деб қўлимга тутқаздилар.

Букилган саҳифалардаги таги чизилган сатрларга тез-тез кўз югуртираман.

“Йўқ, – дейдилар Хўжа бува кўрсаткич бармоғи билан ниқтаб. – Сиз ўша… мен чизиб қўйган жойларини овоз чиқариб ўқинг! Қани?!”

Ўқий бошлайман:

“…В.М. Молотов тарихда эллик йил фаолият кўрсатган (?) ҳалол раҳбарлардан бири эди…”

“…Куйида Ф. Чусевнинг “Молотов билан юз суҳбат” номли китобидан ибратли парчалар тақдим этилади…”

“…Черчиль 1959 йилда Буюк Британия парламентида нутқ сўзлаб, бундай деган: «Сталин Россияни чипта чориқ, омоч билан қабул қилиб олди, фашизмни тор-мор этди ва СССРни водород бомбаси билан қуроллантирди. Мен… унинг руҳи, ақл-заковати, ташкилотчилиги олдида таъзим қиламан…”

“…Сталин ҳар доим» ярим дўстлашган мустамлака миллатлар билан узоққа бориб бўлмайди”, деб огоҳлантирарди. Ўша даврларда Ўрта Осиё халқларининг урф-одат, характерини ҳеч ким Сталинчалик яхши билмасди…”

“…1986 йилгача Сталин ҳақида ёзилган мемуарларнинг деярли барчасида тарих сохталаштирилган. Сталин катта уруш бўлишини яхши биларди…”

“…Сталин камтарона ҳаёт кечирди. Унинг хусусий дачаси ва автомашинаси ҳам йўқ эди…”

Ўқиб бўлишим билан Саъдулла хўжанинг яна фиғони кўкка ўрлайди: «Менинг катта бобомни бу қаттол фақат араб алифбосидаги китоблари борлиги учун, қаматтирган ва оттирган. Сталин деган иблиснинг халқимизга ўтказган зулми, қатағонининг чегараси йўқ. Бу олимлар эса унинг қабри устида кўз ёши тўкиб, уни оқлашга уринишларига ўлайми?..”

Хўжа буванинг олиму муаллифларни бўралатиб сўкишларини тўхтатишга куч тополмайман. Қўлимдан келгани “Урганч “Авесто” музейи -2019” эслатмаси остида чоп қилинган “Биз билган ва билмаган тарих” номли илмий-оммабоп мақолалар тўплами”ни варақлаш бўлади ва беихтиёр “Олтин мерос” халқаро ҳайрия жамғармаси нашрга тайёрлаган тўпламга тақриз ёзган ва масъул муҳаррирлик қилганлар кимлар экан, деган саволларимга жавоб излайман.

Мана, ёзиб қўйилган экан: Тақризчилар: Озод Машарипов, тарих фанлари доктори, профессор. Қ.Машарипов, тарих фанлари номзоди. Масъул муҳаррир: филология фанлари номзоди, доцент Ф. Иброҳимова.

“Китобни Урганчдаги китоб дўконидан олгандим, билмаган тарихимизни билай дедим-да…

Ўқисам… бу нима?! Анов ўрисда қаттол Сталинни оқлаш ҳаракати бошланибди, деб эшитгандим. Энди бизгаям келибди-да, а? “ дейди жиғибийрон бўлганча Хўжа бува, яна қўшиб қўяди: «Яхшиям, юз донагина босишибди. Шу ҳам кўп-да, ёмоннинг бир қилиғи ортиқ дейдилар-ку!”

…Ҳайрлашиб қайтаётганда Саъдулла хўжа илтимос қиладилар: «Бунинг олдини олиш керак, яна “болалаб” кетмасин. Ҳеч ким индамаса булар… эртага Сталинга ҳайкал қўйиш таклифи билан чиқишади!”

…Қайтаётиб, хаёлим чалғийди, кекса Хўжа бувани асабийлаштириб, уйқу бермаётган бу хавфнинг оқибати кўз олдимга келади. Маҳалла гузаридан ўтаётганда кўзим тушгани… қачонлардан қолган шўро доҳийларига ўрнатилган ва истиқлол замонасида олиб ташланган ҳайкал таглиги. У ҳалиям жойида турарди. Кўзимни юмиб, шу бетон таглик устида кеккайиб турган, устига аскар шинели кийган мўйловдорни тасаввур қиламан ва…

…Шу бехос тасаввуримдан сўнг уч кунгача кўзимга қўрқувдан уйқу келмайди…

Мирзо ДЕВОНИЙ, Хоразм вилояти.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: