Шу сингари саволларга жавоб олиш масадида Ўзбекистон Фанлар Академияси фундаментал иммунология лабораторияси мудири, тиббиёт фанлари доктори Адолат Исмоилова билан суҳбатлашдик.
Иммунитет нега керак?
Иммунитет барча тирик организмларнинг ўзига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ташқи омилларга қарши ҳимоя тизими. Тарих гувоҳ, илгари вабо, ўлат каби касалликлар дастидан бутун бошли мамлакат аҳолиси қирилиб кетган. Булар инсонларнинг иммунитет, касалликларнинг юқиш тарзи, инфекциядан ҳимояланиш кабилардан бехабарлиги оқибатида юз берган.
Эпидемик характерга эга касалликлар инсониятга жиддий хавф солавериши натижасида, касаллик тарқатувчилар ва улардан ҳимояланиш ҳақида илк изланишлар олиб борила бошланди. Организмнинг ташқи таъсирларга нисбатан ҳимоя тизими борлиги аниқланиб, иммунология бўйича илк тасаввурлар вужудга кела бошлади.
Иммунология жуда ёш соҳа. У атиги 100 йил аввал пайдо бўлган бўлса-да, тиббиёт учун нақадар муҳимлиги аллақачон эътироф этилган. Энг кўп изланишлар иммунологияда қилиняпти, лекин унинг ўрганилмаган қирралари ҳали кўп. ОИТС, саратон каби оғир хасталикларни даволаш, умрни узайтириш, ёшликни сақлаб қолиш каби саволларнинг барчасига иммунология жавоб беради.
Организмни иммун, асаб, эндокрин тизими бошқаради. Шу тизимлардан биттасида ўзгариш бўлса, қолган иккитасида ҳам бузилиш рўй беради. Масалан, шунчаки хурсанд бўлганда ҳам иммунитет кўтарилади. Депрессия натижасида ҳосил бўладиган кортизол гормони эса иммунитетни қисиб қўяди. Шунинг учун иммунитети ҳақида қайғурган одам организмидаги ҳар бир ўзгаришга диққатли бўлиши керак.
Вакцина инсонлар учун хавфсизми?
Вакцина туфайли битта хасталик ортидан минглаб одамлар вафот этиши ҳолатига чек қўйилди, эпидемиялар устидан ғалаба қозонилди.
Вакцина (эмлаш) ─ инсониятнинг энг катта ютуғи. Яъни муайян бир хасталик билан оғриган бемордан биоматериал олиб, у маълум дозада соғлом одамга юборилади, яъни сунъий йўл билан “юқтирилади”. Соғлом организм бу ёт модда билан танишиб, унга қарши реакция кучи ─ иммунитет ҳосил қилади. Бу инфекция яна организмга тушганда қандай курашиш йўлини билиб олади. Эмлаш саломатлик учун жуда ҳам керак. Агар боланинг физиологик ҳолати талаб этилган меъёрларга тўғри келса, вакцинани ўтказиш лозим.
Аммо вакцинанинг зарарсизлигига шубҳа билан қарайдиган, уни турли касалликлар қўзғатувчиси деб биладиган ─ антивакциначилар ҳам талайгина. Улар вакцина инъекциялари ёмон асоратларни, сурункали хасталикларни келтириб чиқаради, деб ишонишади. Эмлашдан кейин кузатиладиган баъзи нохуш ҳолатларни тўғри баҳолаш лозим. Чунки организм ёт моддани қабул қилади, у билан курашиш шунчаки кечмайди. Масалан, гриппга қарши эмлаш ўтказилса, инсон чиндан ҳам грипп билан оғриганда ўзини қандай тутса, худди шундай бўлиши, ўзини намлик ва совуқдан узоқ тутиши, тана ҳароратини назорат қилиб туриши керак. Ҳеч бўлмаганда 3 кун ўзини парваришлаши лозим. Шундагина вакцина кутилган натижани бериб, асоратларсиз кечади.
Бизда кўпчилик шифокорлар боладаги қандайдир ҳолатни рўкач қилиб, эмлашни рад қилади. Ҳозир эмас, кейинроқ қиларсизлар, деб юборишади. Вакцина ўтказишни асосланмаган тарзда рад этиш ҳоллари кўп.
“Вакцина маҳаллий бўлиши керак”
Вакцина инъекциялари маҳаллий бўлиши керак. Чунки вакцина касалликни чақирадиган инфекциянинг заифлаштирилган ёки ўлдирилган шакли бўлади. У ўлдирилган бўлса ҳам антиген хусусиятлари сақлаб қолинади, яъни иммун реакциясини чақиради.
Мисол учун, мен ўзим билан бир хил иқлим ва континентда яшаган организмдан олинган гепатит В вакцинасини олсам, вакцинанинг самарали ишлаши эҳтимоли ортади. Биз барчамиз ягона организм каби яшаймиз, иммун тизимимиз бир хил шароитга мослашган бўлади.
Европадан, чет элдан келтирилган “импортный” вакцина зўр ишлайди дегани эмас, чунки уларнинг иқлими, турмуш тарзи, ейдиган таоми бошқа.
“Клиник иммунолог мутахассислиги ҳатто кадрлар реестрига киритилмаган”
Ўзбекистонда иммунологик ҳолатни балансда ушлаб туришга эҳтиёж катта. Чунки бизнинг об-ҳавомиз қуруқ. Минтақа марказида жойлашганимиз боис инфекциялар тўқнашуви кучли. Миграция ҳам катта. Урбанизация тезлик блан ўсяпти. Бизнинг ҳазм тизимимиз табиатан мослашмаган таомлар кўп кириб келяпти, уларни истеъмол қиляпмиз. Камҳаракат ҳаёт тарзига ўтиб боряпмиз. Атрофимизни синтетик маҳсулотлар ўраб олган. Инфекциялар биздан кўра тез ривожланиб, ташқи таъсирларга чидамлилиги ортиб боряпти. Бу омилларнинг барчаси иммунитетга ўз салбий таъсирини кўрсатмай қолмайди. Шунинг учун иммунологик хизматни ривожлантириш керак.
Аслида ҳар бир шифокор иммунолог билан ҳамкорликда ишлаши зарур, негаки ҳар бир органнинг фаолияти иммун тизими билан бевосита боғлиқ. Бизда оилавий поликлиникаларда иммунолог мутахассислар бор, лекин улар фақатгина эмлаш ишлари билан банд бўлиб қолган. Иммунологик реабилитация бўйича кўникмаларга эга эмас. Сўнгги 20 йилда тиббиёт соҳасида қўлга киритилган Нобел мукофотларининг барчаси иммунология бўйича олинаётган бир пайтда клиник иммунолог мутахассислиги Соғлиқни сақлаш вазирлигида тиббиёт мутахассислари реестрига ҳам киритилмаган.
Бизнинг институтимиз иммунологик хизмат, иммунореабилитация, эмлаш бўйича бир қатор лойиҳаларни шилб чиқиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этган эди, аммо бу лойиҳалар ҳатто кўриб чиқилгани ҳам йўқ.
“Антибиотикларни олиб кириш, сотиш назоратга олинмаган”
Ўзбекистонга жуда катта миқдорда турли мураккабликдаги антибиотик олиб кирилади. Дорихоналарда антибиотикларнинг сотуви назоратга ҳам олинмаган. Истаган одам дорихонадан истаган антиботикни бемалол сотиб олади ёки дорихоначининг “таклифи” билан биронта дорини кўтариб кетаверади. Аслида унинг организми учун қанақа антибиотик керак, умуман, унга антибиотик керакми ўзи, бу ҳақида ўйлаб ҳам кўрилмайди. Ёки шифокорга борса, соддароқ таркибли антибиотикни ишламайди деб, энг мураккабини ёзиб беради. Дори компаниялар берадиган бонус эвазига, албатта.
Антибиотикларни қанчалик кўп истеъмол қилган сари инфекцияларнинг уларга чидамлилиги ортиб бораверади. Уларнинг истеъмоли билан биз инфекцияларни парвариш қиляпмиз холос. Аслида аниқ кўрсатма бўлмаса, антибиотик буюриш керак эмас.
“Занжабил онкология касалликка мойиллик бўлганда мумкин эмас”
Бизда одамлар сал боши оғриса, иммунитетим тушиб кетган деб, ўзини даволашга киришиб кетади. Турли гиёҳли чойлар, биологик фаол қўшимчалар, витаминларни қабул қилишади. Гиёҳлар ҳам кучли стимулятор, улрни қўллаш-қўлламаслик бўйича аниқ йўриқнома бор. Дуч келган гиёҳдан чой дамлаб ичавериш организмдаги яширин касалликни қўзғаб юбориши мумкин. Биологик фаол қўшимчалар, витаминларга ҳам аслида организмга эҳтиёж бўлмаслиги, уларнинг гиперфаоллиги зарар келтириши мумкин. Мисол учун, ҳозир кўпчилик занжабил (имбир)ли чой ичишга ўтиб олган. Занжабил, албатта, фойдали, аммо онкологик хасталикларга мойиллиги юқори бўлганларга мумкин эмас.
Бизда “иммунитетни кўтариш” эпиемияси бор. Дорихонага кирсангиз, иммунитетни кўтариш учун камида 20та дори турибди. Ичган олиб ичаверади, дорихоначи ҳам молиявий манфаати учун сотаверади. Европада одамлар иммунитетни дори билан кўтариш ҳақида ўйлашмайди ҳам. Улар шунчаки соғлом турмуш тарзини танлашади. Вақтида ишлаб, вақтида дам олиш, фойдали мева-сабзавотларни истеъмол қилиш, тоза ҳавода ҳордиқ чиқариш, асабийлашмаслик орқали барқарор иммунитетга эришиш мумкин.
“Профилактик тиббий кўрикни йўлга қўйиш керак”
Илгари барча аҳоли учун бепул профилактик тиббий кўрик ўтказиларди. Бундай тадбир инсонлардаги эҳтимолий хавфли касалликларни ўз вақтида аниқлаш ва даволашга йўналтириш имконини беради. Бизда, афсуски, жуда кўп хасталиклар жиддий босқичга ўтиб кетгандан кейингина аниқланади. Дард жонимиздан ўтиб кетгач, шифокорга боришга ўрганганмиз. Профилактик тиббий кўрик тизимини қайта тиклаш лозим. Шу орқали давлат ўз аҳолисига зарурий ижтимоий ҳимоянинг бир шаклини тақдим этади, унинг саломатлиги учун қайғуради. Саломатлиги муҳофазаланган инсонлар эса жамиятда ўз вазифасини маромига етказиб бажара олади.
Саодат Абдураҳмонова суҳбатлашди.