Бугун АОКА залида Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева иштирокида брифинг ўтказилди. Унда муҳим саволларга жавоб берилди.
4 маҳал гепарин, 2 маҳал дексаметазон, аскорбин кислотаси, 2 маҳал цефипим антибиотикларини олдим. Яна даволанишим керакми ёки вақт ўтса, бу белгилар ўтиб кетадими?
— Сиз коронавирусни ўртача оғирликда ўтказгансиз. Шу боис, шифохонада даволаниш тартиби белгиланган бўлса, сиз ўзингиз танловингиз асосида хусусий клиникада даволанган бўлсангиз керак.
Даволаниш жараёнида олган дори воситаларингиздан сиздаги ҳолат сал оғирроқ кечган ва йўтал зўрайиши, орада ҳансираш, шу билан бирга қон қуюлиши ҳам кузатилган.
Бугунги кундаги ҳолатингиз касалликдан қолган қолдиқ ҳолат, яъни ўпка жароҳатланиши 30% дедингиз, бу ҳолат 1 ҳафта даволаниш билан тузалиб кетмайди. Аслида, бирор аъзо жароҳатланса, уни қайта тикланиши учун кўп муддат талаб этилади.
Шу боис, бундай ҳолатларда организм тикланиб олгунига қадар шифокор назоратида реабилитация муолажаларини, яъни табиий усуллардан фойдаланган ҳолда организм тикланишига ёрдам бериш, физиотерапевтик муолажалар олиш, керак бўлса кўшимча гиёҳлар, витаминлар ва микроэлементлар қабул қилиш, тўғри ва соғлом овқатланиш, жисмоний фаолликни секин-аста кўпайтириш тавсия этилади. Бу борада сиз учун нафас машқларини кунига 5-6 мартадан бажариш жуда ҳам ёрдам беради.