Юртимизда меҳмон бўлиб турган Халқаро меҳнат ташкилоти ва Халқаро молия корпорацияси делегацияси Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмасида бўлдилар.
Чет эллик мутахассислар Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси раиси Муртазо Раҳматов билан мулоқотда мамлакатда меҳнат шароитларини яхшилашга доир «Better Work» дастурини амалга ошириш, пахта-тўқимачилик саноати, хусусан, кластерларда муносиб меҳнат шароитлари яратиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Таъкидланганидек, Ўзбекистонда меҳнат ҳуқуқи соҳасида ижобий ўзгаришлар кузатиляпти. Чунки кейинги йилларда ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг барча тармоқларида меҳнат муносабатларини яхшилашга қаратилган тизимли ишлар амалга ошириляпти. Бу жараёнда Халқаро меҳнат ташкилотининг асосий конвенциялари ҳамда муҳим келишувлари ратификация қилингани айни муддао бўлаётир. Уларнинг изчил ижроси таъминланаётгани туфайли пахта етиштириш ва йиғим-терим мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам берилди.
Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликнинг ҳозирги босқичида меҳнатга муносиб шароит яратиш ва ҳақ тўлаш, ижтимоий ҳимоя тизимини ривожлантиришга алоҳида аҳамият берилмоқда. Шу мақсадда «Better Work» дастури ҳаётга татбиқ қилиняпти.
— «Better Work» дастури Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси мақсадларига ҳамоҳанг, — дейди Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси раиси, сенатор Муртазо Раҳматов. — Инсон ҳуқуқларини таъминлаш, унинг қадр-қимматини ошириш, аҳоли ҳаёт даражаси ва турмуш шароитини юксалтириш кейинги беш йилликда дастуриламал ҳужжатнинг энг устувор вазифалари этиб белгиланган. Шу боис халқаро дастур ижроси пахта-тўқимачилик кластерлари учун қийинчилик туғдирмайди. Аксинча, қишлоқ аҳолиси бандлигини таъминлаш, улар даромадини кўтариш борасидаги ишлар кўлами кенгайишига катта туртки бўлади.
Таъкидлаш керакки, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қишлоқ хўжалигида кластер тизимига ўтилгач, ишга бўлган муносабат ҳам, меҳнат шароитлари ҳам тубдан ўзгарди. Натижада аграр соҳада банд бўлганлар сони ортиб, уларнинг иш ҳақи муттасил равишда кўтарилмоқда. Эндиликда кластер қишлоқ хўжалиги меҳнаткашлари ишини енгиллаштириш мақсадида амалиётга энг илғор технологияларни қўллаш, соҳани механизациялаштириш ва саноатлаштиришга интилмоқда. Натижада дала юмушларидан бўшайдиган иш кучлари замонавий фабрикаларга жалб этиляпти. Айни пайтда кластернинг биргина саноат тармоқларида 200 мингдан зиёд киши меҳнат қилаётгани ана шу саъй-ҳаракатлар самарасидир. Фойдаланишга топширилаётган янги қувватлар доирасида эса ҳар яна 100 мингта иш ўрни очилиб, қишлоқ хотин-қизлари юқори маошли ишга жалб этиляпти.
— Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси раиси Муртазо Раҳматов билан учрашувимиз ўта қизғин ва ишчан руҳда ўтди, — дейди Халқаро меҳнат ташкилоти “Better Work” дастури раҳбари Конор Бойл. — Икки соат давом этган мулоқотда кластер тизимида ишчиларга муносиб меҳнат шароити яратиш ва ҳақ тўлаш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида яхлит тасаввурга эга бўлдик. Айниқса, ишчи-ходимларни моддий рағбатлантириш учун йил якунлари бўйича бонус, яъни қўшимча ҳақ тўлаш тизими йўлга қўйилганини юқори баҳолаймиз.
Делегация куннинг иккинчи ярмида Қуйи Чирчиқ туманидаги “TCT Cluster” кўп тармоқли кластерига ташриф буюрди.
Ушбу туманда кластер усули жорий этилгач, қишлоқ хўжалигида банд бўлганлар сони қарийб 8 баробар, уларнинг ўртача иш ҳақи 4 баробар ошган. Ҳудуд ижтимоий ривожида муҳим манба бўлган солиқ тўловлари эса 10 баробар кўпайган.
Халқаро ташкилотлар вакиллари кластер томонидан бунёд этилаётган тўқимачилик фабрикаси қурилиш майдонида бўлиб, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини кўздан кечирдилар. Кластер ишчи-ходимларига яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Хусусан, кластер таркибидаги шолини қайта ишлаш заводида меҳнат қонунчилиги ижроси, ишчилар меҳнат муҳофазасини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни юқори баҳолашди.