Қашқадарёда одамларга таҳдид қилган қўнғир айиқ отиб ўлдирилди

Чироқчи туманида яшовчи фуқаро Х.Тўраевнинг хонадонига айиқ ҳужум қилди. Қишлоқ аҳолиси томонидан чақирилган овчи айиқни отиб ташлади. Айни вақтда ҳолат бўйича текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати атрофини одамлар қуршаб олган қўнғир айиқ жасади тасвирланган видеоёзув бўйича маълумот берди. Ижтимоий тармоқлар ва айрим ОАВларда жонивор одамлар томонидан калтаклаб ўлдирилгани хабар қилинган эди.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, 28 май куни Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Лангар МФЙ Тутли қишлоғига Самарқанд вилояти билан чегара ҳудуддан айиқ кириб келиб, томорқаларни пайхон қилган, уй ҳайвонларига зарар етказиш билан бирга аҳоли ҳаётига хавф туғдирган. Хусусан, фуқаро Ҳусан Тўраев, Рустам Сулаймонов, Ҳайдар Очилов ва бошқаларнинг хонадонига кирган айиқ агрессив ҳаракатланган ҳолда хонадон эгаларига таҳдид (отилиб) қилиб, қўрқитган. Шу сабабли қишлоқ аҳолиси томонидан расмий рўйхатдан ўтган овчи Қахрамон Сулаймонов ёрдамга чақирилган ва айиқ ИЖ-17 русумли милтиқ билан 16-калибрли ўқдан отиб ўлдирилган.

Хабарга кўра, ҳодиса жойига етиб борган профилактика инспектори жойни кўздан кечириб, процессуал тартибда расмийлаштирилган ва айиқ туман марказига олиб келинган.

Мазкур ҳолат туман ИИБнинг жиноят ҳақидаги ариза ва хабарларни рўйхатга олиш китобида 28 май куни қайд этилди. Айни вақтда тергов бўлинмаси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳолат бўйича сўралган Х.Тўраев ўша куни томорқасида ишлаб турганида адирдаги тепаликдан унинг хонадонига айиқ ҳужум қилиб кириб келгани, унга қараб икки марта таҳдид сифатида бақирганидан қўрқиб кетгани, шу вақтда қишлоқ аҳолиси томонидан чақирилган овчи унинг хонадонидан 20 метр пастроқда айиқни отиб ташлаганини баён қилган.

Айиқ жасади туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиқлари томонидан кўздан кечирилиб, айиқнинг ҳолатига оид ҳамда (қутуриш) касалликларга чалинганлиги юзасидан текширув ўтказиш учун ветеринария бўлимига топширилган. Ветеринария бўлими томонидан айиқ жасадидан олинган намуналар экспертизадан ўтказиб, ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат хавфсизлиги марказига юборилган.

Мазкур ишга ваколатли идоралардан малакали мутахассислар жалб этилган ҳамда текшириш ҳаракатлари туман прокуратураси томонидан назоратга олинган. Текширишда асосий эътибор, айиқнинг ўлдирилиши айнан охирги зарурат билан боғлиқ бўлганми, уни ўлдирмасдан ҳам хавфнинг олдини олиш имкони бормиди деган саволларга жавоб топишга қаратилади. Шу асосда тегишли шахслар ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилиб, натижаларга кўра қонуний қарор қабул қилинади, дейилади хабарда.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: