Насабингизни ўзгартира оласизми?  

“Қайнонам, овсинларимнинг олдида сиз авлодимизни ҳурмат қилмайсиз, бўлмаса ўғлимнинг фамилиясига ўтган бўлардингиз. Фамилиямизга ўтмасангиз, пропискамизга ҳам киритмайман!” – деб изза қилдилар.

“Хотин-қизлар ва эркаклар тенг хукуклидирлар.”

Ўзбекистон Республика Конститутцияси, 10-боб,  46-модда.

Бугун биз эркин фуқаролик жамиятида, демократик давлатда яшаяпмиз. Ҳар кимнинг эрки, яшаш принципи, орзу-интилишлари қонун доирасида ҳимоя қилинади.

Дунё миқиёсида ҳам бу жиҳатга алоҳида эътибор қаратиб келинган. 1948 йили БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декла­рация­си”да эркак ва аёлларнинг тенглиги, зарур муҳим ижтимоий хизматлардан баҳраманд бўлиш, сиёсий ва иқтисодий қарорлар қабул қилиш, меҳнат қилиш ҳуқуқи ва меҳнат учун тенг ҳақ олиш, қонун билан ҳимоя­ланиш борасидаги муаммоли соҳалар алоҳида ажратиб кўрсатилган.

Айни пайтда мамлакатимиз хотин-қизлари ҳамма соҳада фаол. Ўқитувчи, шифокор, тадбиркор, фермер каби бир қанча касб-корда хизмат қилаётган аёлларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлиги аввало оиладаги тинчлик ва хотиржамликдан, аёлнинг умр йўлдош, она сифатидаги қадр-қимматидандир. Биз тилга олмоқчи бўлган мавзу аслида айримлар учун жуда жўн, аҳамиятсиздек туюлар. Бироқ баъзан кичик бир эътиборсизлик катта муаммоларга замин бўлиши бор гап.

Қиз фарзанд кўриб, кўкси тоғ бўлган ота-она эрта-индин балоғатга етган дилбандини турмушга узатаркан, ўзига “майли, бировнинг хасми-да” деб тасалли берар. Лекин 18-20 йил хонадонида гулдек асраган қизининг куёвининг фамилиясига ўтишини бирдан қабул қилиш осонми? Аслида бу никоҳдан ўтувчиларнинг розилиги билан ҳал этилади. Бунда бирон мажбурлов, тайзиққа йўл қўйилмайди. Шундай экан, қиз бола ўз отасининг шарифида қолиши мумкинми? Умуман, у ҳам ўз шажарасини давом эттиришга ҳақлими? Биз шу ҳақда айрим соҳа мутахассисларига юзландик.

Маҳфуза Маҳкамова. Шойхонтоҳур туманинг Фуқаролар ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлими мутахассиси.

– Икки ёшнинг умумий фамилияга ўтиши ихтиёрий. Бу ҳуқуқий ҳужжатларда ўз ифодасини топган. Аммо айримлар оила қуриш деганда битта фамилияга ўтишни тушунишади. Ҳозир қизларимизнинг номида бир эмас тўрт-бешта ҳужжатлари бўлиши мумкин. Дейлик, дипломлари, ҳайдовчилик гувоҳномаси, банк пластик карталари, уй ҳужжатлари ва ҳакозо… Турмушга чиқаётган қиз фамилиясини ўзгартирадиган бўлса, бир ой ичида фуқаролик паспорти билан бирга, ўз номидаги бошқа ҳужжатларни ҳам алмаштиришига тўғри келади. Бу эса ортиқча вақт ва маблағ талаб этади.

Қарийиб ўн беш йилдан буён ёшларнинг оила қуришида расмий вакил сифатида иштирок этаётган бўлсам, ҳозирги ёшлар билим ва дунёқараш борасида анча илгарилаган. Бу замон шиддати, талаби билан боғлиқ бўлса, ажаб эмас. Шундай бўлса-да, мустақил ҳаёт қаршисида турган икки ёшга оилавий саводхонлик борасида зарур билим ва кўрсатмалар бериш мақсадида Республика Оила илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан келин-куёвлар учун махсус Инновацион мактаблар ташкил этилиши йўлга қўйилди. Бу илк маротаба бизнинг ФХДЁ идораси таркибида жорий этилди. Мазкур мактабларда ёшларга бир ой мобайнида психологик, ҳуқуқий, иқтисодий, тиббий маслаҳатлар, кўрсатмалар берилади. Айни пайтда ушбу мактабда сабоқ олган ёшларга сертификатлар топширилди. Оилаларнинг мустаҳкамлигига, эр-хотиннинг тинч-тотув яшашига хизмат қилишда услубий кўмак берувчи мазкур тизим Паркент туманида ҳам йўлга қўйилди. Эндиликда бошқа вилоятларда ҳам тизимни ривожлантириш режалаштирилган.

Хомиджон Ишматбеков, Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг фатво бўлими мудири.

– Шаърий жиҳатдан хотин эрнинг фамилиясига ўтиши ихтиёрийдир. Бу ишга аёлни мажбурлаб бўлмайди. Лекин у ўз ихтиёри билан эрининг фамилиясига ўтмоқчи бўлса, жоизми ёки йўқ?

Ислом қоидасига кўра ҳамма ўз отасининг номи билан чақирилиши керак. Ҳатто асраб олинган фарзандлар ҳам. Қуръони каримда: “У (асранди бола)ларни оталарининг исмлари билан чақиринглар…” дейилган.. (Аҳзоб сураси, 5-оят). Ўз отаси бўлмаган одамни бу менинг отам деб, бунинг изидан келиб чиқадиган шаърий ҳукм (мерос, маҳрамлик, нафақа ва бошқа)ларни даъво қилиш, шариатда ҳаром қилинган ишлардандир. Бу ҳақда Ҳадиси шарифларда баён қилинган. Ҳатто мўминларнинг оналари ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссаломга нисбат берилмадилар (масалан, Оиша бинти Абу Бакр дейилган) . Лекин дейлик, яшаб турган жойида шундай талаб бўлса ёки урфда эрининг фамилиясига ўтиш мавжуд бўлса, ўша одамнинг фарзанди эканлигини даъво қилмасдан бу иш жоиздир.

Қадимда одамлар ўзаро бир-бирларини турли йўллар билан танишган. Фалончининг ўғли, пистончининг мавлоси (озод қилган қули), баъзи кишилар таниқли бўлиши учун онасига ҳам нисбат берилган, фалончи аёлнинг ўғли каби. Шу маънода эрининг фамилиясига ўтиш ҳам гўё фалон оиланинг келини деганидек маъно касб этади.

Комил КАЛОНОВ, Мирзо Улуғек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Социология кафедраси мудири, профессор.

Аслида бу ҳолат собиқ тузумдан қолган “эсдалик”. Фарзандларни фалончининг ўғли, қизи, ёки  -зода, -ий каби қўшимчалар билан шарифлаш ўрнига -ов қўшимчаси билан ёппасига аташ бошланган. Бунинг оқибатида юзага келган тилимиздаги лексик, граматик ғализликларни афсуски, ҳали ҳам бутунлай тўғрилай олганимизча йўқ.

Шу боис бугун бундай стереотип (онгимизда қотиб қолган ноўрин одат)лардан воз кечишимиз керак. Фуқаролар ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлимларида ҳам “Турмуш ўртоғингизнинг фамилиясига ўтасизми?” деган ғалати саволларни олиб ташлаш вақти келди. Бу борада қонунчиликка ҳам ўзгаритиришлар киритиш ўринли.

Айни пайтда фаолият бошлаган махсус Инновацион мактабларда эса социология соатлари ўтилиши мақсадга мувофиқ.

Зебинисо Аҳмедова. “Афросиёб” психологик маркази раҳбари, руҳшунос ва психотерапевт.

– Бизнинг Турон замини буюк алломалари билан қанчалик фахрланса, Тўмарис, Қурбонжон Дадхоҳ сингари қаҳрамон оналари билан ҳам шунчалик ғурурланган. Миллатни, юртни ор-номусидек сақлаган, руҳан кучли оналар оқил ва садоқатли фарзандларни ҳам тарбия қила олган.

Бугунги тезкор даврда ўз фикрига, дунёқарашига, керак бўлса маблағига эга бўлиш – аёл учун эркнинг биринчи кўриниши. Доим ўзига суянган одам, ўзига ишонади ҳам. Оила қураётган қиз ўз фикрига эгами демак, у билимдон, дунёқараши кенгми, демак у ҳамон изланишда. Эҳтиёжларига пул топяптими, демак у касб-корли. Бундай қиз борган ерида турмуш ўртоғининг фамилиясига ўтмаса ҳам эрини ҳурмат қилади, эъзозлай олади.

Бу ҳолат тажрибамизда учраб туради. Гоҳида арзимаган келишмовчилик билан марказимизга мурожаат қилган ёшларга шу тўғрида савол берсам,  “Албатта фамилиямга ўтади” деб биринчилардан бўлиб йигит жавоб беради. Бу ҳали келинлик масъулиятини зиммасига олиб улгурмаган қизни чўчитиши ҳам мумкин.

Яқинда қабулимизга бир келинчак келди. Оила қурганига кўп бўлмагану, аммо анча тушкун кайфиятда. Нима бўлди, десак, “Қайнонам, овсинларимнинг олдида сиз авлодимизни ҳурмат қилмайсиз, бўлмаса ўғлимнинг фамилиясига ўтган бўлардингиз. Фамилиямизга ўтмасангиз, пропискамизга ҳам киритмайман!” – деб изза қилдилар. Ахир менинг дипломларим бор, ортиқча овворагарчиликка, югур-югурга менинг ҳам ўғлингизни ҳам вақти йўқ, десам тушунмайдилар”, – деди. Муаммони ечиш учун қайнона билан учрашдик, гаплашдик. Бир фамилиялик аслида ака-сингилларда, опа-укаларда бўлишини, бу динимизда ҳам жоиз этилмаганлигини, шусиз ҳам келин оиланинг зурриёдларни давом эттирувчи она эканлигини, уни келин мақомида ҳурмат қилиш зарурлигини тушунтирдик. Ҳайриятки, тушунадиган одамлар экан.

Фезуза ҲАКИМОВА, ўқитувчи.

– Оила қурганимизда турмуш ўртоғим ўз фамилиямда қолишимга рухсат берганлар. Лекин қайнотам анча вақтгача норози бўлиб юрдилар. “Келин, нега сиз бизнинг оиланинг номига ўтмагансиз, нима, бизни ҳурмат қилмайсизми?” деб гоҳида уялтирардилар. Шундай пайтларда умр йўлдошим оталарига секин тушунтирар, мени ноқулай вазиятдан олиб чиқардилар. Аммо қизларим келажакда оила қуришса, фамилияларини ўзгартириш, щзгартирмасликни щзлари танлашади. Мен уларга монеълик қилмайман.

Чиндан ҳам, мавзу борасида фикр ва муносабат турфа. Бироқ битта нарса аниқки, орзу-ҳаваслар билан оила қураётган ёшлар учун аслида бу бахтнинг калити эмас. Бахт асли тотув оила, тотли умр, ўзаро ҳурмат ва фарзандлар кулгусидадир.

Наргиза АСАДОВА.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: