Тошкентда илк бор гастрономик туризм фестивали бўлиб ўтди

Тадқиқотларга кўра, сайёҳларнинг учдан бир қисми бораётган давлатининг миллий ошхонасини саёҳат учун эътиборни жалб қилувчи омиллардан бири деб ҳисоблайди

Жорий йилнинг 9-11-август кунлари Тошкент шаҳрида «Гастро Базар — 2019» И Халқаро гастрономик фестивали бўлиб ўтди. Юртимизда гастрономик туризм йўналишини ривожлантиришга хизмат қилувчи мазкур фестиваль Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.

Фестивальда UNWTO, ICCA, Туркия Ошпазлар уюшмаси ҳамда Гастрономик академиясидан таклиф қилинган халқаро экспертлар ҳам иштирок этишди.

Ривожланган давлатлар тажрибасига қарайдиган бўлсак, гастрономия ва туризм ўртасидаги алоқалар сайёҳлар оқимини кўпайтиришга ва уларнинг ташриф кунларини узайтиришга ёрдам беради. Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида гап кетганда, хорижий сайёҳлар энг аввало биздаги қадимий обидалар, халқимизнинг меҳмондўстлиги ҳамда ўзбек миллий таомларини алоҳида тилга олишади. Ўзбек миллий таомларидан бўлган палов ЮНЕСКО номоддий бойликлари рўйхатига киритилган. Умуман олганда, сайёҳлик саноатининг умумий даромадларида гастрономик туризмнинг улуши 30 фоизга етади ва бу кўрсаткич ўсиб бормоқда.

Фото: М.Бекжонова

БМТнинг Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти УНWТОнинг озиқ-овқат туризм бўйича Глобал ҳисобот тадқиқотлари натижаларига кўра, саёҳатчиларнинг деярли 80 фоизи аввало ўзлари саёҳатга қилмоқчи бўлган мамлакатларнинг маҳаллий ошхоналари хусусиятларини ўрганиб чиқади. Ва албатта, қаерга бориш ҳақида бир қарорга келишда ўша давлатнинг миллий таомлари, уларнинг тайёрланиш услубларини ҳам инобатга олишади. Тадқиқотларга кўра, сайёҳларнинг учдан бир қисми бораётган давлатининг миллий ошхонасини саёҳат учун эътиборни жалб қилувчи омиллардан бири деб ҳисоблайди ва у умумий харажатларининг тахминан 30 фоизини овқатланишга сарфлайди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича сўнгги 20 йил ичида дунёда туризмнинг ўсиши ўртача 9,4 фоизга ошган бўлса, барча йўналишлар ичида гастрономик туризм кўрсаткичи 15,5 фоиз ҳисобида йиллик ўсишни кўрсатган.

Фото: М.Бекжонова

Ҳозирги вақтда кўпгина хорижий давлатларнинг бош шаҳарларида ўзбек миллий таомлари ошхоналари мавжуд. Бир нечта рейтинг тадқиқот агентликлари ҳамда журналлар лойиҳалари асосида ўтказилган сўровномаларда Ўзбекистон гастрономик туризм йўналишида энг машҳур йўналиш сифатида тан олинмоқда. Бу маълумотлар миллий ошхонамизга чет эллик фуқароларнинг қизиқиши катта эканлигини билдиради. Шу сабабли юртимиз туризм салоҳиятини юксалтиришда миллий ошхонамизни тарғибот қилиш ва ресторан хизматлари сифатини оширишга қаратилган тадбирлар муҳим аҳамиятга эга. Пойтахтимизда бўлиб ўтган илк халқаро гатрономик туризм фестивали бу борада муҳим қадам бўлиши шубҳасиз.

Ўзбек ошхонасини дунёга танитиш мақсадида ташкил қилинган фестивалда миллий ошпазларимиз билан биргаликда чет эллик машҳур пазандалар, ширапазлар ҳам ўз санъатини намойиш қилишди. Фестиваль доирасида миллий таомларни тайёрлаш маҳорат дарслари, ошпазлар беллашувлари, миллий либослар ярмаркаси ва бошқа кўнгилочар тадбирлар бўлиб ўтди.

Фестивалнинг сўнгги кунида пойтахтимизнинг гавжум кўчасида туркиялик, хитойлик ва бошқа давлатлардан келган музқаймоқ сотувчилари қизиқарли ҳазиллар билан уйғунлашган ўзига хос савдо қилиш услубларини кўрсатишди.

Манзура БЕКЖОНОВА

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: