Ўзбекистонда Naqshbandi tourism festival—2019 фестивали бўлиб ўтмоқда

Халқаро фестиваль доирасида 18 та давлатдан, жумладан, Малайзия, Индонезия, Туркия, Ҳиндистон, Хитой, Буюк Британия, Янги Зеландия, Австралия, Бразилия ва АҚШ  каби мамлакатлардан 200 га яқин меҳмон юртимизга ташриф буюрди.

Малайзиянинг «Умумжаҳон Сўфийлар ташкилоти» ташаббуси билан Ўзбекистонда зиёрат туризми йўналишида ташкил этилган Naqshbandi tourism festival—2019 номли халқаро фестиваль қатнашчилари илк зиёратни Бухородан бошлади. Бу ҳақда Бухоро вилояти туризмни ривожлантириш департаменти хабар берди.

Мазкур тадбир Hilal Travel сайёҳлик ташкилоти ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси кўмагида, шунингдек, Дин ишлари бўйича қўмита, Ташқи ишлар вазирлиги, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ва «Ўзбекистон темир йўллари» ҳамкорлигида ташкил этилган.

Зиёрат дастури доирасида меҳмонлар вилоятда жойлашган «Етти пир» номи билан машҳур: Ҳазрат Абдухолиқ Ғиждувоний, Хўжа Ориф Ревгарий, Хўжа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбандий, Хўжа Бобои Самосий, Хўжа Али Ромитаний, Абул Ҳафс Кабир ҳамда Саййид Амир Кулол каби улуғ зотларнинг зиёратгоҳларида бўлишди.

Бундан ташқари, 8-мўъжиза деб тан олинган Пойи Калон мажмуасида жойлашган Мири Араб Олий мадрасасига ҳам ташриф буюриб, унинг фаолияти ҳамда тарих саҳифаларида сайқалланган Арк қўрғони ва Лаби Ҳовуз майдони, қадимий савдо тоқлари ва бир қатор маданий мерос объектлари билан яқиндан танишди.

Мазкур фестиваль 31 октябрдан 7 ноябрга қадар ўтказилиши кўзда тутилган.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: