Республикамизда қандли диабетга чалинган беморлар онлайн-регистри яратилади

“Қандли диабет” ташхиси қўйилган болалар, ўсмирлар ва ҳомиладор аёлларни аналогли инсулин ҳамда инсулин юбориш учун мосламалар ва ўзини ўзи назорат қилиш воситалари билан таъминлаш бўйича комплекс чоралар амалга оширилади.

Ўзбекистон Президентининг қарори билан 2019-2021 йилларда республика аҳолисига эндокринология ёрдами кўрсатишни такомиллаштириш миллий дастури тасдиқланди.

Миллий дастурнинг асосий йўналишлари сифатида қуйидагиларга урғу берилди:

эндокрин касалликларнинг олдини олиш, уларни барвақт аниқлаш ва аҳолини профилактика тадбирлари билан камраб олиш бўйича вазиятни тубдан яхшилаш;

қандли диабетга чалинган беморларнинг онлайн-регистрини яратиш, беморларни даволаш амалиётига қандли диабетнинг сурункали асоратлари юзага келиши ва ривожланишини камайтиришга қаратилган клиник ёндашувларни жорий қилиш, шунингдек, беморларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш;

вилоятлар эндокринология диспансерлари ва филиалларида эндокрин хирургия, диабетик тўпиқ, диабетик нефропатия ва реанимация бўлимларини ташкил қилиш орқали кўрсатилаётган тиббий хизматлар турларини кенгайтириш;

“қандли диабет” ташхиси қўйилган болалар, ўсмирлар ва ҳомиладор аёлларни аналогли инсулин ҳамда инсулин юбориш учун мосламалар ва ўзини ўзи назорат қилиш воситалари билан таъминлаш бўйича комплекс чораларни амалга ошириш;

ҳудудий ўзини ўзи назорат қилиш мактаблари негизида профессионал инструкторларни жалб қилган ҳолда эндокрин касалликларга чалинган беморлар ва уларнинг оила аъзоларини касалликларни тўғри олиб бориш ва назорат қилишга ўқитиш;

эндокринология муассасаларининг тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, уларнинг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш;

эндокринология соҳасидаги маҳаллий илмий тадқиқотлар кўламини, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва соғлиқни сақлаш амалиётига жаҳондаги илғор тажрибалар, илмий ишланмаларни татбиқ қилиш;

янги эндокринология муассасаларини қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, уларни замонавий диагностика ва махсус тиббий ускуналар, воситалар ва инвентарлар билан жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш) орқали эндокринология муассасаларини модернизация қилиш ва уларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш.

Ўзбекистонда қандли диабетга чалинган беморларнинг онлайн-регистри яратилиши билан қуйидагиларни мунтазам равишда амалга оширишни кўзда тутувчи тартиб жорий этилади:

қандли диабетнинг I тури билан касалланган болалар ва ўсмирлар учун аналогли инсулинлар ва ўзини ўзи назорат қилиш воситаларини (тест-чизиқчалар) марказлашган тарзда харид қилиш ва барча вилоят эндокринология диспансерлари орқали тарқатиш;

калий йодид препаратлари билан узлуксиз таъминлаш орқали аҳолининг касалликка чалиниш хавфи юқори бўлган гуруҳлари (болалар, ўсмирлар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар) орасида йод танқислиги касалликларини профилактика қилиш.

2019 йил 1 августга қадар бирламчи тиббий-санитария ёрдамининг штатлар нормативларини қўшимча эндокринолог, шу жумладан болалар эндокринологи лавозимларини киритишни кўзда тутган ҳолда қайта кўриб чиқилади.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: