Ўзбекистон Республикаси Президентининг қишлоқларда оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаларини барпо этиш кўрсатмаларига мувофиқ Тошкент вилоятида очилган инновацион болалар боғчаси «Орзу дарахти» деб номланади. Мазкур инновацион боғчада республикамиз ва Корея мактабгача таълим тизимининг энг ижобий жиҳатлари мужассам этилган.

Боғча 80 ўринга мўлжалланган бўлиб, унда корейс, инглиз ва рус тиллари мукаммал ўргатилади. МТМ душанбадан шанбагача соат 8−00 дан 20−00 гача фаолият кўрсатиб, болалар учун кунига беш маҳал овқатланиш ташкил этилган.

Шунингдек, муассасада массаж муолажалари, дефектолог машғулотлари, дарсонваль терапияси, даволовчи жисмоний тарбия машқлари, электрофорез, парафин терапияси ўтказилади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги тишлар тозалик даражасини баҳолайдиган, кариесни рентгендан ҳам аниқроқ илғай оладиган Qscan ускунасини Тошкент вилоятида биринчи бўлиб ушбу боғчага тақдим этди.

Тақдимотда боғча тарбияланувчиларига ва уларнинг ота-оналарига оғиз бўшлиғининг гигиеник қоидалари ўргатилди, тишларни тўғри тозалашда улар йўл қўяётган камчиликлар кўрсатилиб, сўнгра технология синаб кўрилди.

Мазкур боғчада давлат раҳбари томонидан илгари сурилган 5 та ташаббус жорий этилган. Ташаббуснинг биринчи йўналиши бўйича расм чизиш ва рақс тўгараги, иккинчи йўналиш бўйича бадантарбия машқлари, шашка ва шахмат, сув спорти тўгараги, учинчи йўналиши бўйича «Фарҳод ва Ширин» ҳамда «Лайли ва Мажнун» асарлари асосидаги компьютер ўйинлари, тўртинчи йўналиши бўйича болаларни китобхонликка қизиқтириш мақсадида расмли китоблар ва инновацион аудио китоблар эшитиш машғулотлари ташкил этилган, бешинчи йўналиш бўйича эса бу муассасада 10 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланган.