– Дадаси туринг, соат етти бўлди!
Шундоқ ҳам ўрнидан турмоқчи бўлган Ҳикмат хотинининг бу гапини эшитиб, қайтадан ётиб олди. Бир нима деб ғудраниб ҳам қўйди, сўкиндими ё бошқа нарса дедими, хотини тушунмади.
–Турақолинг, дадаси!
Ҳикмат бир кўзини очиб, хотинига қаради.
–Нима десанг ҳам “туринг” демагин онаси. Шу гапинг жудаям совуқ-да!
Хотини кулди:
–Хўп дадаси, хўп. Ишга кеч қоласиз дадаси, туринг.
Ҳикмат ўрнидан турди:
–Иш, иш, қачон тугайди бу иш. Зерикдим шу “иш” деган сўздан. Пенсияга чиқишимга неча йил бор, онаси?
Хотини дарҳол жавоб берди:
– Йигирма беш йил, дадаси!
Нонуштадан сўнг Ҳикмат кийина бошлади. Қизиқ, унинг бугун ҳар кунгидек шаҳди йўқ эди. Хотини яна жавради.
–Намунча имиллайсиз, тезроқ кийининг, автобусга кеч қоласиз!
Ҳикмат аёлига илтижоли боқди.
–Ишга боргим йўқ. Бугун дам олақолайин, онаси…
Хотини энди Ҳикматни яхши гап билан аврай бошлади.
–Озгина қолди дадажониси, енгил машина оволайлик, кейин ишламай қўя қоласиз.
Ҳикмат ўн бешта кам саккизда йўлга отланди. Ишхона автобуси роппа-роса саккизга етиб келарди. У сўқмоқдан катта йўлга чиқиб, автобусни кутиб оларди. Ҳикмат ҳар куни ёлғизоёқ йўл ёқасига боғлаб қўйилган ола сигирнинг пешонаси бир силаб ўтиб кетарди. Сигир ҳам мўлтираб уни кузатиб қоларди. Ҳикмат соат саккизга беш дақиқа қолганида бекатга етиб келиб, йўл белгиси осилган бетон устун ёнида ўз автобусини кутарди.
Бугун ҳам у ола сигирнинг пешонасини силаб, ўтиб кетмоқчи бўлди. Сигирнинг кўзлари қандайдир бежо эди. Кутилмаганда сигир Ҳикматнинг оёғига зарб билан урди. Ҳикмат “оҳ” деб юборди-да, бир нафас тўхтаб қолди. Сўнг сигирга ғазаб билан қаради.
–Ишдан қайтиб келсам, сени боплаб савалайман, – деди-да, оқсаганича йўлида давом этди.
Лекин ўн метр юргандан кейин тўхташга мажбур бўлди. Унинг оёғи оғрий бошлаганди. Ҳикмат бекатни шу ердан кўриб турарди. У соатига қаради. Беш дақиқа кам саккиз…
Ҳикмат ўрнидан турдию, шу заҳоти даҳшат билан яна қайтиб ўтирди. Бир машина бекатдаги бетон устунга урилиб, думалаб кетди. Чанг-тўзон кўтарилди. Бир зумда йўлдан ўтиб кетаётган йўловчилар ҳам тўпланишди. Ҳикмат эса қалтирар, довдираб гаранг одамга ўхшаб қолганди.
Ахир у ҳозир ўша ерда бўлиши керак эди-ку! Хўш, унда нима бўларди?.. Бетон устунни кўчириб олиб кетган машина уни соғ қўярмиди?! Демак, ола сигир уни ҳалокатдан қутқариб қолган… Ҳикмат аста-секин юриб, ола сигирнинг олдига келди. Унинг пешонасини силади ва “ҳалоскорим” дея пичирлаб қўйди.
Сигирнинг нигоҳлари хотиржам эди. У Ҳикматга парво ҳам қилмай, мазза қилиб кавш қайтарарди. Ҳикмат “Худойим, ўзингга шукр” дея сигирнинг пешонасини яна бир бор силаб, оқсоқлаганича уйи томон йўналди.
Мушфиқ Қозимий