ИСИТМА КЎТАРИЛИШИ ФОЙДАЛИМИ?

Ҳарорат нима учун кўтарилади? Бу қачон хавфли, қачон хавфсиз? Иситма кўтарилганда нима қилиш керак? Ушбу саволларга жавоб топишни истасангиз, мақолани охиригача ўқинг.

Тиббиёт олимларининг таъкидлашича, агар тана ҳарорати 3-4 кун давомида 40 даража бўлиб турса, организмдаги барча микроблар нобуд бўлар экан. Бироқ ҳамма организм ҳам бундай иситмага дош бера оладими? Ҳарорат нима учун кўтарилади? Бу хавфлими? Иситма кўтарилганда нима қилиш керак?

Қадимда ҳеч қандай дори-дармонлар бўлмаган, лекин одамлар кўп касалликларни мустақил енгишган. Улар тоби қочганда ҳаммомга тушиб, қумга кўмилиб, танасини турли усуллар ёрдамида қиздириб шифо топишган. Демак юқори ҳарорат меъёрий, аниқроғи организм учун фойдали реакциядир. Лекин биз ҳароратнинг 39-40 даражага кўтарилишидан жуда қўрқамиз. Уни тезда туширишга ҳаракат қиламиз. Бу тўғрими?

Қачон хавфли, қачон хавфсиз?

Организмда ҳарорат ошганда модда алмашинуви ва мушаклар тонуси кучаяди. Тери қуруқ ва иссиқ бўлади. Юрак уриши тезлашади, бадан совқотиб титроқ тутади, ҳолсизлик, иштаҳа йўқолиши кузатилади. Шунинг учун грипп билан оғриганда тана ҳарорати кўтарилса, уни дори воситасида тушириш шарт эмас. Негаки, бу вақтда организм нафақат грипп вируслари, балки саратон ҳужайралари ва бошқа яллиғланиш ўчоқлари билан курашаётган бўлади.

Одатда 37-38 даража енгил, 39-39,5 гача баланд, 40-41 даража юқори ҳарорат ҳисобланади. 39 гача бўлган иситма хавфсиз, унинг 40,5-41 даражага етиши инсон ҳаётига хавф туғдириши мумкин. Умуман олганда, тана ҳарорати ошиши ҳар кимга ҳар хил таъсир қилади. Масалан, юрак-қон томир хасталиклари ва тутқаноққа мойиллиги бор болалар ва кексалар учун енгил иситма ҳам хавфли бўлиши мумкин.

Ҳарорат кўтарилганда нима қилиш керак?

  • Ҳарорати баланд бемор ўрин-кўрпа қилиб ётиши керак.
  • Иситма чиққанда иситувчи воситалар: хантал, спиртли компресслар, иситилган ёғлар, электр кўрпа ва бошқалардан фойдаланиш, спиртли ичимлик, малина ёки асалли чой, иссиқ сут ва қаҳва ичиш мумкин эмас.
  • Организм юқори ҳарорат билан курашганда кўп тер ажралади. Табиий равишда ажралган тет танани исиб кетишдан сақлайди. Шу боис ҳарорати кўтарилган болаларни ва катталар кўрпа билан ўраш, иссиқ кийинтириш керак эмас. Бунда тананинг табиий равишда совишига тўсқинлик қилган бўламиз.
  • Катта одамда ҳарорат 39 даражагача кўтарилса иситма туширувчи дорилар ичмай, организмнинг табиий равишда инфекция билан курашишига шароит яратиб бериш керак. Иситмани сунъий дорилар ёрдамида туширсангиз, сиз инфекциянинг организм бўйлаб тарқалишга рухсат берган бўласиз. Бу эса турли асоратларга, хасталик чўзилишига ва антибиотик қабул қилишга етаклайди.
  • Хонани +24 даражадан кўп иситманг ва намлантирманг. Айниқса, сунъий намлантирувчилардан фойдаланманг. Чунки сунъий намлантирилган ҳавода бактериялар кўп бўлади, шунингдек, юқори намлик тернинг табиий ҳолда буғланиши ва танани совитишига ҳалал беради.
  • Ҳарорат 38 гача бўлса уни сунъий равишда тушириш шарт эмас. Агар болаларда 3-4 кун мобайнида 38-38,5 даражадан тушмаса, катта кишиларда 40 дан ошса, уни дори ёрдамида тушириш керак.
  • Иситма чиққанда кўпроқ сув ичиш, аммо у қайноқ бўлмаслиги, хона ҳароратида бўлиши лозим.
  • Иситма тушмаса оёғингизни совуқ сувга солиб ўтиринг.
  • Танага совуқ компресс қўйинг. Сочиқни совуқ сувда ҳўллаб пешанага, бўйинга, билаклар ва қўлтиқ остига босинг.
  • Танангизни илиқ сув билан артинг.

Одамнинг ёши ва саломатлиги қандай бўлишидан қатъий назар унинг организмига ҳар куни минглаб касаллик тарқатувчи вирус ва инфекциялар ҳужум қилади. Аммо ҳимоя тизими ва иммунитети кучли бўлса уларни шу ондаёқ йўқ қилади.

Тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали шифокор Гулнора Мирсаидова маслаҳатлари асосида тайёрланди.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: