Қарши шаҳридаги ногирон болаларга мўлжалланган «Мурувват» интернат уйнинг жажжи тарбияланувчиларига яшаш ва ривожланиш учун ажойиб шарт-шароитлар яратилди. 2018 йил 23 декабрь куни капитал реконструкциядан сўнг ушбу уйнинг тантанали очилиши маросими бўлиб ўтди.
Мазкур хайрия лойиҳаси «Газпромбанк» акциядорлик жамияти, «Ўзбекнефтегаз» акциядорлик жамияти томонидан «Ривожланиш стратегияси» маркази ва бошқа ҳамкорлар кўмагида амалга оширилди.
Интернат уй 1976 йилда барпо эилган. 2002 йилда унинг қўшимча бинолари қурилган, 2012 йилда эса капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Шу йилнинг апрелида санитария меъёрлари талабларига жавоб берувчи комплексни ташкил қилиш мақсадида капитал реконструкция қилиш ишлари бошланган.
Реконструкция давомида бир неча корпуслар бузиб ташланди, янги ошхона ва бош корпусни ошхона блоки билан боғловчи янги бинолар қурилди. Болалар ва ходимлар қулайлиги учун касалхона лифти ўрнатилди, барча палаталарда ҳавони кондиционерлаш ва шамоллатиш тизимлари монтаж қилинди.
Шунингдек, қуввати ва тежамкорлиги билан ажралиб турувчи қозонхона ўрнатилди. Зарур нормативларга мос равишда ҳудудга канализация тармоғи тортилди, ўт ўчириш бўйича 100 тонна сув сиғимига эга янги тизим ўрнатилди.
«Мурувват» интернат уйи янги мебель билан жиҳозланди ва ён-атрофдаги ҳудуд тўлиқ ободонлаштирилди.
Мазкур интернат уйининг очилиши маросимида сўзга чиққан Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев интернат уйнинг янги қиёфага эга бўлиши учун маблағ киритишдан ташқари, астойдил қайғурган ҳомийларга ўз миннатдорлигини билдирди.
Интернат уйнинг тарбияланувчиларига иккита пони от совға қилинди, болалар бундан беҳад хурсанд. Болаларни от устида соғломлаштириш мақсадида сайр қилдириш ва жониворлар билан мулоқот қилиши «иппотерапия» деб аталади. Бу усул болаларда муҳим туйғуларни ривожлантириш, ташқи муҳитга тезроқ мослаштириш имконини беради.
Янги бино 300 нафар болага мўлжалланган бўлиб, ҳозирги пайтда у ерда 286 нафар бола истиқомат қилади.
–Икки йил аввал барча муаммоларимиз кескинлашиб кетди, болаларнинг турмуши, ходимларнинг фаолияти учун нормал шарт-шароитлар йўқ эди, канализация ва иссиқлик таъминотида камчиликлар мавжуд эди, – деб эслайди интернат директори Рўзиқул Хўжаев. – Аммо бугунги кунда бу ерда янги шамоллатиш тизими, кондиционерлар ўрнатилган, иссиқ пол ётқизилган, замонавий жиҳозларга эга янги ошхона қурилган. Буларнинг барчаси болаларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш билан бирга, муносиб шароитларда ишлаш имконини беради. Биз мамлакатимиз Президентидан ушбу янги йил туҳфаси учун беҳад миннатдормиз».
Шуни таъкидлаш керакки, давлатимиз томонидан имконияти чекланган болалар учун салмоқли маблағлар сарфланмоқда. 300 нафар бола учун нормативда қарийб 300 мутахассис кўзда тутилган. Шундан 27 тиббиёт ходими, 75 тарбиячи, 50 хўжалик ходими, энагалар. Ушбу муассасага уч ёшдан келиб тушадиган болалар билан ўқув ишлари олиб борилади, тиббий хизматлар кўрсатилади. Комиссия томонидан танлаб олинган айрим болалар билан ўқитувчилар якка тартибда шуғулланади.