Талабалик қисмати

Ёшларнинг хорижда ўқигани ҳам, ишлагани ҳам, халқаро чемпионатда ғолиб бўлгани ҳам, ҳатто ёлланиб, меҳнат қилгани ҳам республикага қўшқўллаб валюта олиб киряпти. Биз маҳсулот экспортида етакчи бўлмасак ҳам инсон ресурслари экспортида етакчимиз.

Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоиздан кўпроғини ёшлар ташкил этади. Улар бизнинг бойлигимиз, асосий ресурсларимиз. Дарҳақиқат, ҳозир қайси корхона ёки ташкилотда ёш, замонавий фикрловчи, технологияларни яхши билган раҳбар кадр ишласа, шу ерда илдамлаш бўляпти.

Ёшларнинг хорижда ўқигани ҳам, ишлагани ҳам, халқаро чемпионатда ғолиб бўлгани ҳам, ҳатто ёлланиб, меҳнат қилгани ҳам республикага қўшқўллаб валюта олиб киряпти. Биз маҳсулот экспортида етакчи бўлмасак ҳам инсон ресурслари экспортида етакчимиз.

Айрим “ақллилар” хорижда ишлаётган ёшларни ватанпарварликдан йироқ дейди. Шу тўғрими?! Ахир бутун дунё ёшлари хорижга интилади-ку. Чунки уларнинг онги болаликдан шунга кодланган. Ишонмайсизми? Хўш, эртаклардаги уч оғайни ботирлар, девларни енгган полвонлар, халқ қаҳрамони Алпомиш, Паҳлавон Маҳмудлар ҳам ўзга юртларда бўлиб, мукаммалликка эришиб қайтмаганми?!

Дарҳақиқат, таҳлил қиладиган бўлсак, ривожланган мамлакатларда ўқиб, ишлаб келган ёшлар бу ерда ҳам дадил илдамлаяпти. Факт шуки, ҳовуздаги балиқ ҳам дарёни кўрмагунча ҳаёт шу кичик ҳавзадан иборат деб ўйлайди, ундан яхшисини орзу қилмайди. Шунинг учун ёшларга аввало танлаш имконини берсак тўғри бўлади.

Баъзан ўзимизда ишлашга бел боғлаган ёш мутахассислар ҳам коррупция, таниш-билишчилик балосига йўлиқиб, иш тополмай шашти сўниб қолади.

Бундан ташқари ишсизлик ақлий ва жисмоний меҳнатнинг қадрсизлиги ёшларни мамлакат ташқарисидан бахт излашга мажбур қиляпти.

Яна бир томондан, бизда айрим корхона  раҳбарлари ёшларнинг лаёқатига ишонмайди. Ишонса ҳам яхши маош бермайди. Шу боис улар барчасига қўл силтаб кетишга мажбур бўляпти.

Русларда бир мақол бор “ёшлар қандай ишлашни билмайди, ёши катталар эса қандай ишламасликни билади”. Буни “ёшларнинг ғайрати бор, тажрибаси йўқ, катталарнинг эса тажрибаси бор, хоҳиши йўқ” деб тушуниш мумкин.

Турли жамоаларда шижоат билан ишга кирган ёш мутахассисларни менсимаслик, ташаббусига имкон бермаслик, хато-камчилигини дастак қилиш, шогирд эмас, нонига шерикдек қараш, меҳнат ҳуқуқларини камситиш оқибатида кўп ўтмай шашти пасайиб қолганига гувоҳ бўламиз. Шу боис яхши мутахассислар, ўқимишли, онгли ёшлар ёт юртлардан паноҳ излашга мажбур бўлишар…

Яна бир гап. “Инсон меҳнатга яраша ҳақ олмаса, ҳаққа яраша меҳнат қила бошлайди…” Бу ҳақда хулоса қилиш ўзингизга ҳавола.

Тадбирбозликдан ҳамма безор

Тўғри, бизда ҳам ёшларнинг бошини бирлаштирувчи, уларга ёрдам кўрсатувчи ташкилотлар бор. Аммо уларнинг қиладиган иши кўпроқ умумий гап, тадбирбозлик бўлганидан фаолияти яхши самара бермаяпди. Улар юқори ташкилотлар олдида иш қилган бўлиб, қайсидир “билимдон” қоғозда узундан-узоқ тузган режаларни бажариш билан овора. Хўжакўрсинга тадбир ўтказиш урф бўлиб кетган. Бу тадбирларга қанча пул ажратилади, лекин ёшларнинг фойдасигамас зарарига хизмат қилади. Баландпарвоз маърузалар, панду насиҳатлардан иборат йиғилишларга талаба-ёшларнинг қимматли вақти сарф бўлади. Баъзан талабалар дарсдан сўнг дам олиш ўрнига оч-наҳор 2-3 соатлаб тадбирда қатнашишга мажбур қилинади. Бундай ҳолатлардан безган талабалар ижтимоий тармоқлар орқали ўз эътирозини билдирмоқда.

Талабаларнинг оммавий тадбирларда иштирок этиши ихтиёрий бўлиши керак аслида. Мажбурий ваъзхонлик, кўпчиликни “бир мусиқа остида рақсга тушириш” ҳаётда яхши самара бермайди. Ёшлар фойдали машғулотни ўзи танлаши лозим. Бундан ташқари, стипендия кам, тирикчилик муаммо бўлган бир пайтда талабалар – ижтимоий заиф қатламга ишлашга имкон бериш зарур.

Талабалик қисмати

Олдин ўқишга кириш машаққат эди. Бир ёқда коррупция тўсиқ бўлса, бир ёқда таълимдаги оқсашлар кўп ёшларни талабалик бахтидан мосуво қилди.

Яхшиямки, ҳозирда ОТМлар кўпайган, ўқишга киришда енгилликлар бериляпти, кўпчилик абитуриентларнинг орзуси ушалмоқда.

Лекин бошқа томондан катта миқдорда контрактни тўлаб қўйса бўлди, миясида “алифи” йўқ ҳам 4 йилда олий маълумотли деган диплом олади. Кейин бир столнинг эгаси бўлиб, қайсидир ташкилотни “судрайди…”

Аввал мактабни тамомлаган ёшлар коллежда бепул мажбурий таълимга йўналтирилган бўлса, ҳозир пуллик ихтиёрий олий таълимга жалб этилмоқда. Бир неча ўн йилдан сўнг ҳамма “капитан” бўлиб олса, “эшкак эшишга” одам қолмайди. Негадир диплом олиш ҳашаматли уй қуриш ёки дабдабали тўй қилиш каби одамларнинг мавқеини, насабини белгилаш мезонига айланиб бормоқда.

Лекин келгусида ёппасига дипломли бўлган ёшларга иш топиб бера оламизми? Ота-она уйини, сигирини сотиб, ёки чет элда мардикорлик қилиб контрактда ўқитган фарзандлар ўқишни битириб, бу сарф-харажатларни қайтара оладими, деган ҳавотир ҳам йўқ эмас…

         Ёшлар эртасидан ҳавотирда…

Жаҳон тиллари университетида ўқиётган талабалардан бири домлага: “Стипендиямиз етмайди. Қаерга иш сўраб бормайлик, нима қила оласиз, деб сўрашади. Инглиз тилини биламиз, десак, нима қипти, ҳозир инглиз тилини ҳамма билади…” дейишади. Ҳозир жуда кўп ёшлар шу ОТМни тамомлаяпти, биз эртага Ўзбекистондан иш топа оламизми?” деб савол берибди. Устози «репетиторлик қилинглар, шаҳрингиздаги, маҳаллангиздаги болаларга тил ўргатинглар, ўқитувчига иш доим топилади», дебди. Аммо ўқитувчининг маоши уларни қониқтирадими? Хорижий тилни билган ёшлар кўнгилдагидек иш топмаса имкон туғилиши билан чел элга чиқиб кетади.

Кўриб турганингиздек, ҳали ўқишни тугатмаган ёшлар ҳам бугун ўз келажагидан ҳавотирда…

…Қизимнинг танишларидан бири – 2 курс талабаси яқинда иш излаб юрганида Қўйлиқ бозори ёнида машина уриб кетибди… Бу реал фожиа!.. Биргина талабанинг фожиаси эмас бу… Ҳозирда тақдири вазирлик ёки университет доирасида қонунга ҳилоф тазда ҳал этилаётган, билим олиш, дам олиш, етарли стипендия олишда, ишга жойлашишда ҳуқуқлари камситилаётган кўпчилик талаба ёшларнинг қисмати.

Яна битта аёвсиз тартиблардан бири 3-курсгача талаба пулсиз қолса ҳам, оч-наҳор юрса ҳам ишга кириши мумкин эмас. Шундай тақиқ бор. Фақат 4-курсдан ишга кириши мумкин экан. Олийгоҳ раҳбарлари агар табақаланган стипендия беришни хоҳламаса, талабаларга дарсга келишни ихтиёрий қилиб қўйсин. Чунки “бўш қоп тик турмайди”. Акс ҳолда ўқишни тамомлагунча бирон жиддий касалга чалиниб, олган дипломи ҳам татимай қолиши мумкин.

Аммо биз барчамиз ёшлар мавзусида гап кетадиган бўлса ҳамон уларга яратилаётган имкониятларни санашдан чарчамаймиз. Уларнинг ноласини, оғриғини, муаммосини ҳис қилмаймиз. Ваҳоланки, улар ҳали бола, мустақил бўлиши биланоқ кўплаб муаммолар гирдобига тушиб довдираб қолган болалар…

Қашшоқлик, ишсизлик, иложсизлик, мусофирлик, катталарга тобелик, уларнинг кўмагига муҳтожлик… Талабалик машаққатлари ёшларни қийнаётган муаммоларнинг бир қисми холос.

Бир онанинг хулосаси

“Ўғлим мактабда яхши ўқирди. Кичиклигидан ишлашга қизиқди. 4 синфлигида фотографга шогирдликка бердим. Бир неча йил дарсдан кейин студияга қатнаб ҳунар ўрганди. Ўсмирлигидан рўзғорга пул олиб кела бошлади. Коллежни битирган йили ўзи алоҳида студия очмоқчилигини айтди, фотоаппарат билан принтер олиб беришимизни илтимос қилди. Биз отаси билан унинг сўзларига жиддий қарамадик. Унинг институтда ўқишини хоҳладик. Аммо ўқишга кирмайман деб, керакли аппаратларни бировлардан ижарага олиб ишини давом эттирди.

Ўтган йили оилаларни тадбиркорликка жалб қилиш кучайган вақтда таваккал қилиб, кам фоизли кредит олиб бердик. Мана, иш бошлаганига бир йил ҳам бўлмай, ишлари юришиб кетди. Ҳозир кредитни ҳам тўлаяпти, оилани ҳам боқяпти. Янги уйга пул тўплаяпти. Аввалроқ унга студия очишга руҳсат бермаганимиздан афсусдамиз…”

Келгусида ёшларга яхши бўлиши учун аввало мутахассисларни режали тайёрлаш тизимини жорий қилиш керак. Фақат олий маълумотлиларни эмас, техник, технологик ёки бошқа соҳа ишчиларини ҳам мақсадли тайёрлаш зарур.

Талабаларга транспорт, тушликда бир марталик тамадди бепул бўлишига эришиш лозим. Бунинг ечимларини таклиф қиладиган инсонлар юртимизда топилса керак.

Турли зерикарли тадбирлар ўрнига ёшларга сўз айтишга, ўзларига қизиқ мавзуда дебатлар ўтказишга, ўзаро бахс-мунозара қилишга имкон бериш зарур. Улар шу тарзда фикрини очиқ айтишни, қатъиятли бўлишни, тўғри тўхтамга келишни ўрганади, ҳамфикр, характерига мос йигит-қизлар билан дўстлашади. Шу тариқа интеллектуал жуфтликлар, оилалар яралади. Бунинг нимаси ёмон?!

Ёшларнинг вақтини тежаш, фойдали машғулотларга жалб қилиш учун чет элдаги каби айрим дарсларга киришни ихтиёрий қилиш керакдир балки… Уйга вазифани ҳам камроқ бериш лозим деб ўйлайман. Негаки ҳозир дарс юкланмалар кўплигидан ўқувчи-ёшлар ҳатто ёшлик завқини туймай улғайиб қоляпти. Ҳатто кутубхонага, театрга, кинога боришга, спортга қатнашга, шунчаки бозор айланишга, ҳатто тишини даволатишга уларнинг вақти йўқ! Вақти бўлганда эса нақди йўқ…

Ёшлар ўзини англаши, ҳаётини изга солиши, имкониятлардан дадил фойдаланиши учун уларга ишонч билдирайлик.

Манзура БЕКЖОНОВА

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: