Коррупцияга қарши курашда фаол журналистлар тақдирланди

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида “…Жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда.

Бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди.

Тадбиркорлар ҳанузгача ер ажратиш, кадастр, қурилиш, лицензия, божхона, банк, давлат харидлари каби соҳаларда коррупцияга дуч келаётганини Президент номига келиб тушаётган кўплаб мурожаатлар ҳам, матбуот ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишлар ҳам яққол кўрсатиб турибди.

Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак”, дея таъкидлади.

Шу муносабат билан айни пайтда жамиятда илдиз отган коррупцияни таг томири билан йўқ қилиш борасида барча тузилмалар ва органлар фаол кураш олиб бормоқда. Ушбу мавзудаги мақолалар, суриштирувлар, суд залидан репортажлар ҳозирда ОАВда ҳам тез-тез эълон қилинмоқда.

Журналистларнинг ушбу жараёнда билими ва фаоллигини оширишда Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш марказининг муносиб ўрни бор. Марказ ўзининг хорижий ҳамкорлари, бир қатор халқаро ташкилотлар кўмагида маҳаллий журналист ва блогерларни ўқитиш, уларнинг чет элларда малакасини ошириш, чет эллик журналистлар билан тажриба алмашишига имконият яратиш учун тинмай ҳаракат қиляпти. Шу пайтгача кўплаб ОАВ вакиллари марказнинг қайта тайёрлаш машғулотларида қатнашиб диплом ва сертификатларга эга бўлишди.

Куни кеча Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан “Коррупцияга қарши курашда ОАВнинг ўрни” мавзусида яна бир сермазмун давра суҳбати ўтказилди. Унда оммавий ахборот воситалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирни ЖКМ директори Гулнора Бобожонова кириш сўзи билан очиб берди. Сўнг коррупцияга қарши кураш мавзуидаги энг яхши материаллар танловининг 11 нафар ғолиблари тақдирланди. Диплом ва совғаларни Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Тим Торлоу топширди.

Ғолиблар орасида журналист ва блогерлардан Хонбиби Ҳиммат қизи, Мирзо Субҳанов, Манзура Бекжонова, Маруса Ҳосилова, Шарифа Мадраҳимова, Дилрабо Курязова, Малоҳат Менглиқулова ва бошқалар бор эди.

Шундан сўнг Олий Мажлис депутати Расул Кушербоев коррупцияга қарши курашда жамоатчилик назорати ва ижтимоий шерикликнинг аҳамияти ҳақида гапириб берди. Қонунчиликда назарда тутилган аммо айни пайтда амалда ишламай турган баъзи бир йўналишлар ҳақида сўз борди.

Бугунги журналистларнинг коррупция ҳолатларини фош этиш борасида ҳуқуқлари етарлими? Оммавий ахборот воситаларида коррупцияга қарши кураш бўйича материаллар тайёрлашнинг ҳуқуқий жиҳатлари тўлиқ ишлаяптими? Булар ҳақида журналист, медиа эксперти Карим Баҳриев мисоллар билан гапириб ўтди.

Коррупция ва бошқа мавзуларда журналистлик суриштируви материалини тайёрлаганда журналист хавфсизлиги мавзусида сўзга чиққан Ўзбекистон миллий ахборот агетлиги журналисти Анора Содиқова ўз тажрибасидан келиб чиқиб ҳар қандай вазиятда эҳтиёт бўлиш шарт эканлигини таъкидлади.

Лойиҳа доирасида Ўзбекистоннинг журналистлар ва фуқаролик жамияти институти вакилларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги хабардорлигини ошириш, ижтимоий шериклик доирасида ҳамкорликдаги иш режаларини муҳокама қилиш, оммавий ахборот воситаларида бу мавзуни ёритиш лозимлиги таъкидланди.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирокида журналистлик суриштирув тайёрлаш, босма ва электрон ОАВда жойлардаги коррупция ҳолатларини муҳокама қилиш бўйича “очиқ мулоқот майдон”ини яратиш зарур. Ахборот манбалари билан ишлаш ва ёлғон мазмундаги ахборотлар пайдо бўлмаслиги учун уларни текшириш бўйича билим ва кўникмаларни юксалтириш ҳар бир журналист учун муҳим. Семинар доирасида ушбу мазмунда тренинг ҳам ўтказилди. Унда қатнашчиларга Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашишга қаратилган ҳуқуқий чора-тадбирлар ҳақида батафсил ахборот берилди. “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун нормалари тушунтирилди.

Тадбир сўнггида семинар иштирокчилариларга таниқли блогер Қобил Хидировнинг “Коррупцияга қарши курашишда оммавий ахборот воситаларининг роли” номли китоби тақдим этилди.

Хонбиби МАХАМОВА

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: