Украиналик шифокорлар гуруҳи коронавиурсга қарши курашда ёрдам бериш учун Италияга юборилмоқда. Зеленский коронавирус ўчоғига айланган мамлакатга инсонпарварлик ёрдами жўнатиш бўйича ҳужжатга имзо чекди. Бу ҳақда президентнинг расмий сайтида маълум қилинди.
Ҳужжатда айтилишича украиналик тиббиёт ходимлари Италияда COVID-19га қарши курашда ўз ҳамкасбларига кўмаклашади ва ўзига хос амалиёт ўтайди. Ёрдамга жўнатиладиган шифокорлар рўйхати Украина Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги томонидан шакллантирилади.
«Мутахассисларимиз ҳали бизда эпидемия чўққига чиқмай туриб, Италиядан керакли тажриба ва амалиёт тўплаб қайтишади. Улар COVID-19 билан боғлиқ турли ҳолатларни ўрганишади. Бундай муҳим малака оширишни ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди», – дея таъкидлади Зеленский.
Шу ўринда Украина томони Италияга кетаётган шифокорлар делегациясининг иш ҳақи ва ҳимоя воситаларини таъминлашни ўз зиммасига олди, Италия томони эса уларни ётоқхона ҳамда зарур озиқ-овқат билан таъминлайди.
«Шифокорлар барча ҳимоя воситалари: ишончли махсус кийимлар, қўлқоплар, кўзойнак ва тиббий ниқоблар билан етарли таъминланади. Бу энг зарур икки томонлама ёрдам чорасидир. Чунки вақти келса Италия ҳам бизга кўмаклашади. Биз шуни назарда тутяпмиз», – деди Зеленский.
Украина кейинги ҳафтада мамлакатнинг ички эҳтиёҳларини ҳисобга олган ҳолда Италияга катта миқдорда тиббиёт спирти партиясини юборишни ҳам режалаштирган.