Коронавирусга қарши курашилаётган бир пайтда, кўрилаётган ҳар бир чора-тадбирнинг самарадорлигини ўрганиш, профилактика мақсадида қўлланиладиган айрим чоралар самарасиз экани, қайтага салбий оқибатлари кўпроқлигини кўрсатиб қўймоқда. Бу ҳақда ССВ маълум қилди.
Хабарда айтилишича, шундай чоралардан бири дезинфекция туннелларидир. Ҳозирда бундай туннеллар деярли ҳар бир ташкилот, хусусан, умумий овқатланиш объектлари, аэропорт, темир йўл вокзаллари, бозорлар, супер маркет каби қатор муассаса бинолари олдида ўрнатилган. Ҳатто кириш йўлакларининг бошқа қисмлари қизил ленталар билан ўралиб, одамларга шу туннел орқали ўтишдан бошқа йўл қолдирилмаган. Республика ихтисослаштирилган аллергология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разиқова бундай туннелларинг инсон организмига зарарли томонлари ҳақида сўзлаб берди:
— Дезинфекция чораси сифатида хлорли эритмалардан фойдаланишни дунё давлатлари тажрибадан ўтказишди. Америкалик экспертларнинг таъкидлашича, кўчаларни дезинфекция қилиш ва дезинфекция туннелларидан кенг фойдаланиш кўпроқ инсонларни ваҳимага тушмаслиги ёки уларни тинчлантириш мақсадида амалга оширилган. Ва, шуни айтиш лозимки, ханузгача бунинг самараси исботланмаган, — дейди мутахассис.
— Дезинфекция туннелларида фойдаланиладиган хлорли эритмалар тиббиётда жуда кўп йиллардан бери ишлатилади ва унинг инсон организмига хатарли таъсири жуда кучли.
Кун давомида ишлаб турган туннелдан бир киши қайта-қайта ўтишига тўғри келиши мумкин. Давомий ишлатилган ҳар бир кимёвий модда инсон организмида аллергик ҳолатларни келтириб чиқаради. Аллерголог Илмира Разиқова бунинг асоратлари ўта хавфли тус олиб кетишидан огоҳлантиради.
Мутахассиснинг айтишича, бу юқори нафас йўлларининг енгил қизаришидан то енгил куйишгача бўлган холатларни чақиради. Бунинг натижасида инсонда аллергик ринит, коньюктивит, бронхит ва хаттоки оғир касаллик ҳисобланувчи – бронхиал астмага олиб келиши мумкин.
✅Мактаблар фаолиятини қайта тиклаш масаласи ўртага чиққанда, болаларнинг соғлигига салбий таъсирлари инобатга олиниб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги таълим муассасалари олдида дезинфекция туннелларини ўрнатиш қатъиян ман этилишини таъкидлаган эди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам бундай туннелларнинг самарадорлиги исботланмаганлигини билдирди.
— Дезинфекция туннелларини метро ёки бошқа муассаса биноларининг олдида ўрнатилиши шарт эмас . деб ҳисоблаймиз, — дейди аллерголог Илмира Разиқова.
—Ҳозирда бундай нотўғри профилактика кўз коньюктиваси ва юқори нафас аъзоларининг аллергик шикастланишига сабаб бўлмоқда. Туннеллар ўрнига кириш жойларида
⚠️ўзаро масофани сақлаш,
⚠️иситмани ўлчаш,
⚠️қўлларга антисептик билан ишлов бериш
йўлга қўйилгани мақсадга мувофиқ, — деб айтмоқда мутахассис.