Дюден шаршараси – Анталиянинг энг сўлим маскани

Фото: М.БЕКЖОНОВА

 

 

 

 

 

 

Туркияга қилган сафаримиз хотимасида гид Хусейн Инже бизни Анталиядаги бетакрор Дюден шаршарасига олиб борди. Унинг айтишича шаршара босими Анталиядан 30 километр масофада бўлган Дюден дарёси ирмоғидан бошланади.

Шаҳарда асли иккита шаршара бўлиб, Юқори Дюден ва Қуйи Дюден деб номланган. Юқори Дюден Анталия марказидан 10 километр узоқликда жойлашган.

Қуйи Дюден эса шаҳардан 8 километр узоқликда Ўртаер денгизи соҳилида қад ростлаган. Биз томоша қилган шаршара Қуйи Дюден деб аталади.

Аслида шаршарага бир кун олдин ҳам борган эдик. Аммо қуёш ботиб қолгани сабабли у ерда чиройли фотосуратлар ва видеолавҳалар олишнинг имкони бўлмади. Шу сабабли самимий ва ҳазилкаш инсон Ҳусейнбейдан бизни шаршарага яна бир бор олиб боришини сўрадик. Албаттада, ахир туризм тарғиботи фото билан жонланадику!

Бу ерлар ўзи рекламага муҳтож эмас. Аммо ҳозирги панедемия шароитида ўйлаган режаларини амалга оширолмаётган, коронавирус инфекциясидан қўрқиб, саёҳатга чиқишни ортга сураётган инсонлар жуда кўп. Биз уларга туризм коронавирусдан қўрқмаслигини, гигиена ва тартиб-қоидалар сақланса, у ҳар доимгидек ривожланишда давом этишини асосли лавҳа ва материалларда очиб беришимиз керак, албатта.

Айтиш керакки, Туркия пандемия даврида туризмни ривожлантириш бўйича кўплаб намунали ишларни амалга оширмоқда. Самолётларда барчага спирт ва ниқоблар солинган гигиена пакетларининг берилиши, келаётган туристлар ва мамлакатдан чиқиб кетаётган меҳмонлардан ПЦР тест таҳлиллари олиниши, гид ва таржимонларнинг соғлиги ҳақида маълумотнома мажбурийлиги, меҳмонхоналар ва ресторанларда масофа ва гигиена нормаларига қатъий риоя қилиниши шулар жумласидан.

Ҳатто аҳолининг масъулияти оширилгани ҳам бу борадаги тарғибот ва ташвиқот ишлари тўғри йўлга қўйилганидан далолат беради. Кўчада ниқобдан бурнини чиқариб юрган биронта одамни кўрмайсиз, агар сиз расмга тушиш учун ниқобни ечсангиз ҳам шу заҳоти атрофдан «Ниқобингизни тақинг!» деган танбеҳни эшитасиз. Оддий одамлар ҳам хавфсизлик талабларини сидқидилдан бажаришига ва жамоатчилик назорати кучли эканлигига гувоҳ бўласиз.

Хуллас, ўзбекистонлик журналистлар Туркиянинг Истанбул ва Анталия шаҳарларидан бир дунё таассурот билан қайтишди. Бу тассуротлар ва олинган маълумотлар бизга анчагача хавфсиз туризм тарғиботини олиб боришимиз учун етарли бўлади, деб ўйлайман.

Биз тасвирга олган фото ва видеолар эса Туркиянинг туризм жавоҳирларини ўзи билан олиб кетади, уларни кўрган инсонларнинг қалбида муҳрланиб, уларни ҳам Туркияга олиб келади.

Пандемия барча иқтисодиёт тармоқлари каби туризмнинг ҳам йўлига тўғаноқ бўлди, аммо биз унинг найрангларидан энди қўрқмаймиз, эҳтиёжимизни қилиб, сафарга чиқаверамиз! Чунки бу манзилда дунёга машҳур табиат жавоҳирлари, тарих марваридлари жойлашган. Қолаверса, туркий халқларнинг маданий ва тарихий илдизлари шу қадар туташиб кетганки, нафақат туризм, сайёҳлик йўналишида, балки маданият, санъат, тижорат, илм ва маърифат каби бошқа соҳаларда ҳам ҳамкорлигимиз узлуксиз давом этади.

Манзура БЕКЖОНОВА, Анталия

 

 

 

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: