– Aссалому алайку-у-ум бой ота! Aҳволларингиз яхшими? Улоқчи отингиз омонми? Ҳалиги, “Қандил” олма-чи, гуллай деяптими?..
– Хў-ўш, гапир-чи, фақат шуларни сўрагани келмагандирсан?
– Шу-у таъми ўткир қамчингизни нарироқ қўйсангиз, кейин айтаман.
– Хўш, майли… энди тезроқ гапир…
– Шу-у-у, боғингизнинг бир четидан менга озгина жой берсангиз, дегандим.
– Хў-ўш, иннанкейинчи?
– Э-э, шу “иннанкейин”ингиз омон бўлсин, бой ота, товуқ боқмоқчи эдим. Товуқ, жонивор, 7 хазинага кирар экан, биласиз, тухум дегани зап хўрак нарса… Фойдасида сизнинг ҳам улушингиз бор, бой ота.
– Ҳа ҳумпар-э, да-арров фойдангдан гапирасан-а!? Ҳа, майли-майли. Олма теришга ярамайсан-ку, қовоқ бошинг билан товуқ боқишни эплайсанми?
– Бунинг йўли осон, бой ота. Ҳозир интернет деганидан ҳамма нарсани билиб олса бўлади. Мен сизга бизнес режамни айтайми?
– Ия, “бизмиз” деганинг нимаси бўлди, тағин?
– Э-э-эй, “бизмиз”мас, бизнес. Бу дегани, бой отажоним, мўмай даромад, муллажиринг дегани. Бунинг учун-чи, калла керак.
– Хўш, бир бошидан гапир-чи.
– Бўлмасам, эшитинг! Битта хонаки товуқ кунига 80 грамм дон, 20 грамм ўт ер экан. Aгар суткасига 80 граммдан дон ейдиган бўлса, уни 365 кунга кўпайтирамиз… Демак, битта хонаки товуқ бир йилда 29 килодан ошиқроқ озуқа ейди, тўғрими, бой ота? 1 кило дон 1500 сўм бўлса, бир йилда 45 000 сўмга яқин маблағ сарф бўлади. Хонаки товуқлар оддий дон билан боқилса, ҳар бири ўртача 220-230 дона, агар витаминларга бой омухта билан боқилса, 270-280 дона тухум бериши фанда исботланган экан. Бозор расталарида бир дона тухум, тахминан, 500-600 сўм???? атрофида. Aгар ўртача 225 та тухум деб ҳисобласак, бой ота, 123 750 сўм муллажиринг бўлади. Биз ундан бир йиллик дон пулини ажратиб ташлаймиз. Хў-ўш, 78 750 сўм соф фойда чўнтагимизга киради. Бу – бир дона товуқнинг бир йилда берадиган фойдаси.
100 дона товуқники 7 875 000 сўм, ҳар бир ойга тақсимласак, 656 250 сўмдан тушади. Бой отажоним, мана буни иш деса бўлади. Буғдой ўрими чоғида дон нархининг пасайиши сармоянгизга сармоя қўшади. Бундан ташқари, товуқ гўнги ҳам азот минерал ўғити билан тенг бўлиб, экинлар учун жуда фойдали.
– Хў-ўш, иннанкейинчи?
– Энди, жой масаласи. 100 та товуқ учун узунлиги 15, эни 2.5, баландлиги 1.5 метрлик бино керак. Озуқа вақтида берилиши, сув доимий ёнида бўлиши лозим. Бу ишга жиддий бел боғлаган тадбиркор, албатта, ўз мақсадига етади. “Қани, ўша тадбиркор”- дейсизми? Мана, менда, бой ота! Жойни тайин қилсангиз бўлди, буёғини ўзим боплайман!
– Ҳа қурумагур, жа-а-а ақлли чиқиб қолдинг-ку, сен-а?
– Энди буларни, бой ота, интернетдан олдим. Биласизми, шу соҳанинг олимлари Ломанн, Декалб, Хай-лайн ва Радонит-3 зотли товуқларни тавсия қилибди. Ҳозирги кунда бозорларимизда сотилаётган тухумларнинг кўпчиллиги Ломанн зотли товуқларга тегишли экан. Aммо бу зотли товуқларни боқиш анчагина эътибор талаб қилади-да. Жўжалигидан вакциналар билан таъминланиши ва озуқаси витаминларга бой бўлиши керак. Билиб олдим, 1 кило омухта 2500-3000 сўм экан. Бундан ташқари, фирма товуқларига бир хил ҳарорат, бир хил намлик бўлиши лозим. Aгар талаб этилган нарсаларни вақтида бермасангиз, кутилган натижани бермаслиги мумкин. Лекин бизга хонаки товуқлар ҳам фойда олиб келади. Кичик бизнес учун зотли бўлиши шартмас, бой ота.
– Ростдан ҳам билимдон бўлиб кетганга ўхшайсан, лекин гапларингнинг кўпига тушунмадим. Ҳа, майли, давом эт. Иннанкейинчи?
– Э-эйй! Шу “иннанкейин”ингиз одамни “хит” қилади-да, бой ота. Эски боғингизга қараб ўтиргандан нима фойда? Замонага боқиб иш қилсак, мўмайгина маблағ кармонимизда. Мени айтди, дейсиз. Бизнес – бу, фаровон келажак дегани.
– Ҳой-ҳой, тўхтачи? Иннанкейинчи? Бу ҳужжат-пужжат деганлари бор. У бу жойларга кириб-чиқиш, қўл қўйиш, вакилликлар – хуллас, сен тушмагур, бир кунда минг товуқли бой бўлмоқчимисан? Сенинг бу хом каллангга келган бетайин ғоянгни деб боғимдан ер берайми, қўлингда “қаттиқ қоғоз”инг борми ўзи? Бирон мадрасада ўқиганмисан?
– Бой отажоним, ҳамма ҳужжатлар тахт, фақат дипломим йўқ, бой ота… мактабда ўқиганман, аммо мадрасада ўқимаганман…
– Ҳа-а-а, ўқимаган, иш ёқмас, ақлли бойбучча. Бу ерга келиб менинг бошимни қотиргунча, бориб қандилларни тер, хўпми? Хизматингга эса бир қоп ириган-чириган, қурт еган олма оласан. Қани, туёғингни “шиқ”қиллат! Э, тур-е, касофат! Бой бўлармуш, товуқ-повуғинг билан даф бўл!
Оламгир АБДИЕВ