Хўш, бунинг нимаси ёмон дейсизми? Ҳамма гап ҳам ана шунда-да. Дарвозанинг қаттиқ тақиллашидан хаёли тўзғиб жойидан қўзғалган Раҳим муаллим ташқарига чиқиб қараса, раиснинг ҳайдовчиси ишшайиб турган эмиш. Қуюқ салом-аликдан сўнг мақсадга кўчибди раиснинг ҳайдовчиси:
-Хўжайин бир илтимос билан юборган эдилар-да, Райим ака.
-Хўш?
-Шу, Тошкандга бўладиган алимпиядага Шерзоджонни ҳам қўшиб олиб борсин, – дедилар.
Яқинда Раҳим муаллим томарқага ер сўраб ариза билан раисга кирган эди: “Аслида муаллимлардан хўжаликка фойда кам-у, ҳа майли, яхшиликни унутмасангиз бўлгани”, — деб аризасига қўл қўйиб берганди. Шуларни ўйларкан “хўп” деб юборганини ўзи ҳам билмай қолди. Энди дарчадан кирмоқчи бўлиб изига бурилган эдики, ортидан:
-Э, Райим малим, табриклаймиз, табриклаймиз, – деган овоз эшитилди. Раҳим муаллим орқасига қараган эди, ўзидан сал нарироқда қўшниси – омбор мудири Лапасвой ака кўришиш учун у томон лапанглаб келарди.
-Яшаворинг, Райимжон ука! Бизнинг қишлоқдан ҳам марадонналар чиқар экан-ку, ука!
Омбор мудирининг ялтоқланиб келишидан ниманидир сезгандай, уни хўмрайиб қаршиларкан, совуққина қилиб “раҳмат”, деди-ю, аммо бундан бирон ойлар чамаси илгари озроқ пул қарз сўраб чиққани ёдига тушди-да сал мулойим тортди.
-Райимжон ука, шу, Отабек дейман жа хит қилиб юборди-да. Мусобоқага борар экансизлар, икки кундан буён қулоқ-миямни қоқиб қўлимга бераяпти. Бир илож қилиб ўйинчиларга қўшиб юборинг, Тошканларни бир айланиб келсин!
-Отабек футбол ўйнашни яхши билмайди-ку… (Раҳим муаллим, аслида: “Футбол ўйнай олмайди-ку”- демоқчи эди.)
-Тушундим, тушундим, – деди унинг сўзини бўлиб омбор мудири,- ҳалиги … унинг оёғи сал… Ҳеч бўлмаса, дарвозабонга ёрдам бериб турар, ахир, бирор хизмат бўлса, бу ёғига ўзимиз турибмиз…
Раҳим муаллим уйда ўтириб, рўйхатни кўздан кечирар экан, ундаги асосий ўйинчиларнинг устидан чизиқ тортилиб, янги- янги номлар ёзилмоқда эди.
-Хўш, директорнинг ўғли бор, завучнинг ўғли бор, раисники бор, омбор мудириники бор… хўш, хўш…
“Ие, — дея ўйлади ўзича у, — асосий ўйинчилардан бор — йўғи икки кишигина қолибди-ку, бу ёғи қандоқ бўлди?!” Шу пайт шўри қуриб, хотини гапириб қолди:
-Дадаси, эшитишимча, болаларга қўшилиб битта дўхтир ҳам бориши керак экан, шу вазифага мени олиб бора қолинг, жон дадаси! Мана, сигир соғишга киядиган оқ халатим, оппоқ сурп рўмолим бор. Бунинг устига унча- мунча укол қилишниям биламан…
Шундоқ ҳам боши қотиб, фиғони фалакка чиқай, деб турган Раҳим муаллим қандай қилиб хотинининг юзига тарсаки тортиб юборганини ўзи ҳам билмай қолди. Худойберди КОМИЛОВ