Ўзбекистонлик шахматчи қиз АҚШ миллий терма жамоаси таркибига кирди. Унга бу сафар федерация ҳалал беролмади

Гулруҳбегим Тоҳиржонова аёллар ўртасида шахмат бўйича бўлиб ўтган АҚШ чемпионатида иккинчи ўринни қўлга киритди. Бу билан Гулруҳбегим АҚШ миллий терма жамоасидан жой эгаллади, дея хабар бермоқда olamsport сайти.

Маълум қилинишича, ўзбекистонлик моҳир шахматчи Гулруҳбегим Тоҳиржонова ҳозирда АҚШда истиқомат қилмоқда.

Блогер Азиза Умарованинг маълум қилишича, Гулруҳбегим Тоҳиржонова оилада ягона шахматчи эмас, опа-сингиллари Нафиса ва Хулкар ҳам  гроссмейстер мақомига эга бўлган.

Блогернинг айтишича, уч опа-сингил асли қўқонлик. Қизлар шахмат сирларини ўз оталаридан ўрганишган. Уларнинг каттаси — Нафиса халқаро гроссмейстер мақомини олган илк ўзбекистонлик аёлга айланди. Мавжуд бўлган барча мусобақаларда ғалаба қозонади.

«- Нафиса 2007 йилда ҳудудий мусобақада муваффақиятли иштирок этиб, аёллар ўртасидаги Жаҳон чемпионатига йўлланма олади. Бу уни 18 ёшгача бўлган қизлар ўртасида 2008 йилги Осиё чемпионати ва 2010 йилги Осиё ўйинларидаги бронза медалларига етаклайди.

Федерация билан кескин муносабат 2014 йилда — учала опа-сингил (ўша вақтда спорт устаси мақомини олишга улгурган Гулруҳбегим ҳам) рейтинг бўйича Олимпиада терма жамоаси аъзосига айланганда ўзининг чўққисига чиқади.

Мамлакатнинг биринчи рақамли шахматчиси нима бўлган тақдирда ҳам қатнашар эди, бироқ қолган икки сингилга рухсат берилмади. Учала қиздан фақат бир нафари бора олиши айтилади. Шахматчиларнинг юқори рейтингига қарамай федерация шу қарорни қабул қилади. Бунақаси ҳеч қайси қоидаларда ёзилмаган ва аниқ тушунтириш берилмаган.

Опа-сингиллар бу адолатсиз қарорга қарши чиқади ва ўз кучларини барчага кўрсатиб қўйиш учун очиқ равишда қўшимча ўйин ташкил қилишни таклиф қилади. Федерация рад этади. Охир-оқибатда учала опа-сингил ҳам иштирок этишдан бош тортади. Сабаби улар Ўзбекистон терма жамоасида бирга дона суришни бутун умр орзу қилганди.

Қизлар кейинги барча йилларда турли мусобақаларда ғолибликни қўлга киритди. Кенжа қиз — Гулруҳбегим ҳатто Жаҳон чемпионати ярим финалига қадар етиб борди. Ўзбекистон тарихида илк бор аёл шахматчи бу натижани қайд этди! Сиз уни Тошкентда мухлислар тўдаси кутиб олди, деб ўйлайсизми? Уни ҳеч ким кутиб олмади, автомобиль калитини гапирмай қўя қолай, ҳатто бир даста гул ҳам берилмади. Унинг муваффақиятлари ҳар доим эътиборсиз қоларди, балки бунга федерациянинг «саъй-ҳаракатлари» сабаб бўлгандир.

Гулруҳбегим АҚШда билим олиш имкониятига эга бўлди. У ерда унинг машғулотлари, клубдаги фаолияти учун кетган барча харажатлари қоплаб берилмоқда. Унга ҳеч қандай федерация ҳалал беролмайди. Ҳеч қандай қизиқишлар тўқнашуви бўлмайди. Унда ғалабалар сари бориш учун яхшироқ шароит бор.

Бизда бу каби иқтидорли қизларни қадрламасликларидан афсусдаман. Бироқ бу ажойиб шахматчилар қачонлардир Қўқондаги оддий ўзбек оиласида туғилганидан чексиз фахрдаман. Улар қаерда совринли ўринларни эгалламасин, ўзбек бўлиб қолади. Қолгани — спорт функционерларининг айби. Ота эса — тилла одам.

Биз сизлар билан фахрланамиз, қизлар! Сиз миллатимиз ғурурисиз, — дейди блогер Азиза Умарова.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: