Тинчлик – энг тотли калом

Тўқсон билан тўқнашиб, кексайиб, кўзи хиралашиб, қулоғи оғирлашиб қолган бувим, ҳар замонда, «Кўча тинчми болам?» деб сўраб қолади. Ўйлаб қарасам, ёшини яшаб, ошини ошаган бувимнинг шу оддий сўровида элдошларга бўлган қанча меҳр, қалб уйғоқлиги бор. Назаримда, бугун ҳар биримиз учун ана шундай огоҳлик, сергаклик ҳар қачонгидан ҳам зарур.

Бугун дунё сатҳи косадаги сувдек қалқиб турибди. Шу кеча кундузда содир бўлаётган турли қўпорувчилик, хунрезликлар замирида элдошларнинг ўзаро тортишуви, бир давлат одамларининг даханаки олишувларига ўт қўяётган, газак олдираётган аксарият учинчи кучларининг таъсири эканлигини кўриб турамиз. 80-йилларда ўзбекнинг мардона халқ шоири, устоз Абдулла Орипов “Сенга инсоф берсин. Учинчи одам!!!” деганда нақадар ҳақ эди.

Айни кез қўшни Қозоғистонда рўй бераётган жанжаллар ҳам янги йил бошида ҳеч ким кутмаган, ўйламаган нохуш ходиса бўлди. Халқнинг кўтарилиши, ҳукуматга қарши норозиликлар аслида бир кунда пайдо бўлган нарса эмас бизнингча. Шундай тўполон кимларгадир қўл келаётганлиги, улар оловга керосин сепилаётганлигини бугун барча англаб, сезиб турибди. Халқимизнинг “Бир кун уруш бўлган ердан қирқ кун барака кетади” деган нақлини эсласак, бундай қалтис вазиятда фақат мамлакатгина эмас, балки миллат ҳам ютқазади, келажак авлод ҳам катта йўқотишлар билан рўбарў келади.  Зеро, қут-барака ариган ерда, хотиржамлик, эртанги кунга умид ҳам сўнади. Ғаламис, фитнакор кимсалар эса асл муддаоларига етиб, вайрон бўлган юрт, ўз оға-инисига мушт туширган миллат устидан кулиб кетаверади.

Юртимиз кўп миллатли мамлакат. Бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элатлар истиқомат қиладиган Ватанимиздаги халқларнинг дўстона ҳаёти, биродарчилик тутумлар асосидаги турмуш тарзи ҳавас қиларлидир. Қўни-қўшни бўлиб яшаётган, миллий байрамларида бир-бирини қутлаётган юртдошларимизни кўриб, ҳаётдаги энг катта бойлик Тинчлик эканлигини чуқур ҳис этасиз. Ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман, озарбайжон, турк каби қардош эллар билан тотувликда яшаётган Ватанимиздаги осойишталикнинг таг замири шукроналик эканлигини амин бўламиз.

Дунёни қандай кўришни истасангиз шу рангни топасиз. Иллат изласангиз иллат, фазилат қидирсангиз тўрт томондан ҳам фазилат бўй кўрсатаверади. Муҳими, бир ҳовучлик умрни илм ва ижодга, юрт ва халқ юзини ёруғ қилишга ҳисса қўшишга улгурмоқ, бу умринг эзгу матлабидир.

Наргиза АСАДОВА

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: