Тошкент давлат университетида “Янги Ўзбекистон Учинчи Ренессанс остонасида” номли янги китоб тақдимоти бўлиб ўтди. Мазкур тадбир университет ҳузуридаги Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришнинг илмий асослари ва муаммолари илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Ушбу асар иқтисодиёт фанлари доктори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи, сенатор Муртазо Раҳматов ҳамда академик, биология фанлари доктори, профессор Бакриддин Зарипов қаламларига мансубдир.
Тадбирда сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, юртимиз замини тарихда иккита буюк уйғониш даврларига бешик бўлгани, дунё илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ мутафаккирларни етиштириб бергани китобда маҳорат билан қаламга олинган. Айниқса, Учинчи Ренессансга қўйилаётган пойдевор ва янги тамаддун асослари аниқ далиллар асосида очиб берилган. Шу маънода, мазкур асар китобхонларда мамлакатимизда янги ўсиш ва ривожланиш босқичига кўтарилиш борасида белгилаб олинган Янги Ўзбекистоннинг стратегик йўли ҳақида тўлиқ ва мукаммал тасаввур ҳосил қилишга имкон беради.
— Минтақамиздаги Биринчи Ренессанс алломаларидан бири Форобий фозил жамиятни шундай тасвирлаган эди. “Давлатнинг вазифаси инсонларни бахт-саодатга олиб боришдир. Бу эса илм ва яхши ахлоқ ёрдамида қўлга киритилади”. Бугун юртимизда амалга оширилаётган ишлар, хусусан, илм-маърифат соҳасидаги улкан ўзгаришларни таҳлил этганимизда, ҳар гал улуғ алломанинг шу сўзлари ёдимизга келаверади, — дейди Муртазо Раҳматов. — Чунки Ўзбекистонда тарихан жуда қисқа фурсатда бутунлай янгича сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, илмий-маърифий ва маданий муҳит яратилди. Бу мамлакат обрў-эътибори ва нуфузини оширишга хизмат қилаётган эврилишларга асос бўлаётир.
Ушбу рисола кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган бўлиб, барча таълим муассасалари, хусусан, олий ўқув юртлари, ташкилот ва идоралар, ҳар бир хонадонга кириб бориши мақсадга мувофиқдир. Зотан, қайси замонда бўлмасин, буюк эврилишлар, ўзгариш ҳамда янгиланишлар, аввало, халқнинг қудрати, салоҳияти ва кучига таянилади.
Китоб муаллифларидан яна бири Бакриддин Зариповнинг эътироф этишича, Президентимизнинг Учинчи Ренессанс ғояси ниҳоятда ажойибдир. Сабаби, бугунги илму фанга асосланган, дунёни фақатгина илм билан бошқариш мумкин бўлган замонда шундай ғояларгина қудратли куч касб эта олади.
Мазкур рисолада давлатимиз раҳбарининг ғояси асосида мамлакат пахтачилигида жорий этилган кластер усули Янги Ўзбекистон иқтисодиётининг “драйвери”га айланаётганини содда ва халқона тарзда очиб берилгани муаллифларнинг муваффақияти бўлган, десак, айни ҳақиқат.
Тақдимотда Президентимизнинг Учинчи Ренессанс асосини яратиш бўйича ғоялари кенг очиб берилган ушбу асар ўқув-режасига киритилиб, республикамиз олий таълим муассасалари ичида биринчи бўлиб Тошкент давлат иқтисодиёт университетида махсус курс сифатида ўқитилиши айтиб ўтилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси билан ҳамкорликда алоҳида марказ очиш саъй-ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинди. Ушбу янгиликлар талабалар ва ёш олимлар томонидан олқишлар билан қарши олинди.
Ўта самимий руҳда бўлиб ўтган тадбирда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга университет битувчиси, янги асар ҳаммуаллифи Муртазо Раҳматовдан атрофлича жавоб олдилар. Истеъдодли ёшларнинг бир гуруҳига китоб муаллифлари дастхати қўйилган китоблар тақдим этилди.