Бухорода ўтказилган Зиёрат туризми бўйича I Халқаро форум Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги мавқеини оширишга, шунингдек ислом оламида энг йирик зиёрат марказларидан бири сифатида эътироф этилишига ҳисса қўшади. Бизга берган интервьюсида бир қатор ташкилотчилар ҳамда чет эллик делегация вакиллари бу фикрни алоҳида таъкидлаб ўтишди.
Абдулҳадий Ал ҚАСАБИЙ, Миср ижтимоий бирдамлик, оилалар ва ногиронлар вакиллари палатаси қўмитаси раиси, Миср араб республикаси суфийлар Олий кенгашининг раиси:
–Дунёда бешта шарафланган шаҳар бор. Шулардан бири Бухорои Шарифдир. Мен Ўзбекистонга, ундаги энг қадимий ва кўркам шаҳар – Бухорога келганимдан жуда хурсандман. У ҳақиқатдан ҳам чиройли экан. Ўзбекистон тарихи ҳақида кўп китобларда ўқиган эдим. Юртингизда дунё таниган кўпгина уламолар, ислом дини намоёндалари етишиб чиққан. Нақшбандий мемореал мажмуаси билан танишишни кўп йиллар кутгандим. Шу қадар кўркам ва тарихий обидаларни ўз кўзим билан кўрганимдан қувончим чексиз.
Шу ўринда бир сирни очмоқчиман. Бу ҳақда биласизларми, йўқми… Биз билан Ўзбекистонни боғлаб турадиган ришталар бор. Биздаги баъзи манбаларга кўра, қадимда ўзбеклар Миср давлатларини бошқарган. Мисрда Ўзбекия деган туман ва шу ном билан танилган катта боғ мавжуд. Биз мамлакатимиздаги шу ҳудуд ва боққа катта ҳурмат билан муносабатда бўламиз.
Яқин тарихга назар соладиган бўлсак, Ўзбекистон мустақилликка эришганида уни биринчилардан бўлиб тан олган давлатлар орасида Миср ҳам бор эди. Олимларимиз илмий жиҳатдан ҳамкорликни давом эттиришса, тарихнинг яширин саҳифалари ойдинлашади, албатта, яхши натижаларга эришамиз. Бугунги форум бу ишда дебоча бўлиб хизмат қилади, деб умид қиламан.
Сизларда табиий қазилмалардан ҳам қимматлироқ бойлик бор, бу тарихий ёдгорликлар ва олимларингизнинг ёзиб қолдирган асарларидир. Бундай маънавий бойликнинг қадрига етиш керак, яъни асраб-авайлаб, ҳурмат кўрсатиш лозим. Бу мерос боболарингизнинг қанчалик салоҳият эгаси эканлигини исботлаб турибди.
Дунё давлатлар ва одамлар ўртасидаги урушлардан азият чекмоқда. Бу жараёнда биз низоларга бормасдан, аслиятга қайтсак, яъни ота-боболаримизнинг гўзал ҳулқини ўргансак яхши бўлар эди. Биз азиз авлиёларнинг энг гўзал аҳлоқларини ўрганишимиз, фазилатларидан ибрат олишимиз керак. Мен бугун ўзбекларда пайғамбаримиз таърифлаган шундай гўзал фазилатлар сақланиб қолганлигини кўрдим.
Сами ТОШКАНДИЙ, Арабистондан келган ватандошимиз:
–Биз аслида Бешёғочликмиз. Бобом 1932 йилда чет элга чиқиб кетганлар. 40 йилдан буён Маккаи Мадинанинг чекка ҳудудида яшаймиз. Ўша ерда сайёҳлик фирмамиз бор. Биз яшаётган туманда кўпчилик ўзбекистонликлар йиғилган. Бу жойда ҳамма ҳадис илмининг пешвоси Имом Бухорий Ўзбекистондан эканлигини билади. Аммо одамлар Ўзбекистоннинг меъморий обидалари, мақбаралари, умуман олганда, маданий мероси, табиати ҳақида деярли маълумотга эга эмас. Боиси, шу пайтгача реклама, тарғибот яхши эмас эди. Биз Ўзбекистоннинг овозасини бутун Арабистонга етказиш ниятидамиз.
Мана, Президент Шавкат Мирзиёев туризм учун кенг йўл очдилар. Биз етти иқлимдан сайёҳларни жалб қилиб, Ўзбекистонга зиёратга олиб келмоқчимиз. Фирмамиз орқали Ўзбекистонга туристларни олиб келишни қонуний йўлга қўйишни мақсад қилдик. Бу ташрифимиз чоғида тақрибан 30-40 йилнинг дардини йўқотиб, 10 йилнинг ҳадясини олгандек бўлдим. Иншооллоҳ, Ўзбекистон туризм бўйича Осиёнинг юраги бўлиб дунёга довруғ таратади.
Ҳайрулло ТУРМАТОВ, Тошкент вилояти бош имом хатиби:
–Юртимизда бўлиб ўтган биринчи “Зиёрат туризми” халқаро форуми нафақат Республикамизда, балки халқаро миқёсда ҳам илк бор ташкил этилган форумдир. Унга дунёнинг атоқли дин пешволари, муфтилар, олим-уламолар ташриф буюришди. Бунинг асосий сабаби Ўзбекистон диёри дунёда ислом тамаддунига муносиб ҳисса қўшган Имом Бухорий, Имом Термизий, Самарқандийлар, Хоразмийлар, Фарғонийлар каби буюк зотларни еткизиб берган. Бугунги меҳмонларимизнинг аксарияти ислом уламоларидирлар. Бунинг сабаби улар биздаги ўтган боболаримиздан қолган маданий, илмий, маданий-маърифий меросларни ўз кўзи билан кўришга, ўзбек халқининг бобокалонларига бўлган муносабатини, яъни масжидлар, мақбаралар қай даражада обод этилганини, бизда уларнинг меросини ўрганиш нечоғлик эканлигини билишга қизиқмоқдалар. Ўзбекистон халқи аждодларига қанчалик муносиб эканлигини билишга бўлган қизиқиш нуқтаи назаридан ҳам юртимизга ташриф этувчилар сони ошиб бораётир.
Яна шу нарсани айтиб ўтишимиз керакки, ислом давлатлари фуқароларининг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши ортишига ҳалол исломий туризм учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳам катта ҳисса қўшмоқда.
Жаҳонгир САЛОМОВ, Ўзбекистон мусулмонлар идораси мутахассиси:
–Зиёрат туризми йўналиши бўйича қиладиган асосий иш — йўналиш бўйича яхши мутахассисларни тайёраш. Замонавий тилда айтадигаан бўлсак “гет” тайёрлаш. Ҳозирда жойларга, муҳим объектларга тарихий аҳамияти нуқтаи назаридан баҳо беришади. Қандай қурилган, қачон қурилган… лекин нима учун қурилган, асосий мақсад нима бўлган, асосчилари ким, улар нима билан шуғулланганлигига етарли эътибор берилмайди. Масалан, зиёрат туризмини оладиган бўлсак, “ҳадисшунос” деганда фақат Ал Бухорий, Ат-Термизий ҳақида гапирамиз. Улар ҳадисларни йиққанини, саралаганини айтамиз, холос. Уларнинг ҳаётига, қилган ишларини тадқиқ қилишга яхшироқ эътибор қаратмаяпмиз. Гетларимизни ушбу билимларни ҳам мукаммал биладиган, зиёрат туризми бўйича келган сайёҳларга етказиб бера оладиган даражада тайёрлашимиз керак.
Зиёрат туризмининг афзаллиги шундаки, у мавсум танламайди. Ўзбекистонда туризм мавсуми апрелдан майгача ва августдан октабргача. Қолган вақтда сайёҳлар жуда кам бўлади. Зиёрат туризми эса мавсум танламайди. Ҳар доим – йил-ўн икки ой мижоз бўлишини таъминлайди.
Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг зиёрат туризмини ривожлантиришда қилаётган ишларидан бири – Индонезия, Малайзия мусулмонлари ўртасида Умра зиёратига боришдан олдин Ўзбекистонга келиб, Ал Бухорийни зиёрат қилиб кетиш масаласини илгари суряпти. Лойиҳага кўра кунига битта ё иккита самолёт Индонезиядан Тошкентга келиб қўнади. Зиёратчилар биринчи кун Тошкентни айланишади, иккинчи куни эса Самарқандга учишади. Ҳозир бу борада музокаралар тугалланиб, ташкилий ишлар олиб борилаяпти. Бу борада ҳамкорларимиз Ўзбекистон Ҳаво йўлларига самолёт ажратиш масаласида мурожаат қилдик. Халқаро авиакомпаниялар билан ҳам меҳмонларни Жакартадан Тошкентга олиб келиш масаласи бўйича гаплашиб олдик. Бу масала доирасида Россия федерацияси мусулмонлар идораси билан ҳам ҳамкорлигимиз бор.
Ички туризмни ривожлантириш бўйича қилаётган ишларимиздан яна бири Ҳаж сафарига борувчи зиёратчиларимизни аввало Ўзбекистондаги зиёратгоҳларга олиб бориб, таништириб, ислом илмига тамал тоши қўйган аждодларимиз мероси ҳақида етарли маълумот бергандан сўнг ҳажга жўнатиш кўзда тутилган.
Манзура БЕКЖОНОВА ва Чарос ЁҚУБОВА ёзиб олди.