Шам ёруғида интеллект теранлашади
Англиялик олимлар бу борада бир неча тадқиқот ўтказиб кўришган. Уларнинг барчасида кам ёритилган хоналарда ижод қилиш инсондаги яратувчанликни ошириши тасдиқланган. Бунинг сабаби шуки, ним ёруғлик ижод кишиларининг ўзини тўла маънода эркин ҳис қилишларига замин яратади.
Мир Алишер Навоий, Бедил, Бобур ва Ибн Синолар даврида чироқ бўлмаган. Улар шам ёруғида ўзларини илм-маърифат билан дунёга танитган минглаб бетакрор мисраларини битишган.
Кўк ранг илҳом келтиради
Бу фикр сиз учун қизиқ бўлиши мумкин. Аммо чиндан ҳам яшил ва мовий ранглар ижод самарасини оширади. Бир тадқиқотда қизил ранг турли когнитив (эслаб қолиш, эътиборни жамлаш, фарқлаш, таҳлил қилиш ва ҳоказо) имкониятларни кучайтириши аниқланган. Яъни жисмларнинг ранги қизил бўлса эътиборни жамлашга, бирон нарсанинг шакли, турган жойи ва бошқа маълумотларни эслаб қолишга ёрдам берар экан. Бунинг учун ижодхонани яшил ёки мовий рангга бўяш шарт эмас. шунчаки табиат қўйнига сайрга чиқиш кифоя. Санъаткорлар, шоирлар, архитекторлар, рассом ва дизайнерлар зангори осмон остида, мовий денгиз ҳамда ям-яшил боғлардан завқ олиб, бир-биридан гўзал, бетакрор асарларни яратадилар!
Бетартиблик мияни фаоллаштиради
Мутахассисларнинг фикрича ижодхонада нарсаларнинг сочилиб ётиши ҳам қайсидир маънода тафаккурга “қанот” берар экан. Ишонмасангиз, машҳур ижодкорларнинг иш кабинетига ёки устахонасига кириб кўринг…
Маълум бўлишича, “бор бисоти сочилиб ётган” жойда ижод қилган киши олдингиларга ўхшамаган янгича оригинал асарларни яратар экан. Бундай муҳит мумтоз асарлардан нусха олмасдан, ўзига хос ёндашув асосида янги ижод намуналари яратишга руҳлантиради.
Чекловларда янги ечимлар топилади
Чекловлар янги ечимлар ва ғоялар туғилишига сабаб бўлади. Масалан, бизга бирон нарсада чеклов қўйилса, албатта, шу нарсага эришиш учун бир талай янги ёндашувларни ўйлаб топамиз. Чеклов қўйишда ҳар ким ўзи учун тақиқ объектини танлаши мумкин. Манбаларга кўра бир куни таниқли адиб Эрнест Хемингуэй ўз дўстлари билан бешта сўзни ишлатиб, мукаммал ҳикоя ёзиш борасида бахслашиб қолибди. У: “Мен шундай асар ёза оламан!” – дебди. Дўстлари унга: “Ёзолмайсан”, — дейишибди. Шунда адибнинг сўз аҳлини ҳайратга солган ажойиб асари дунёга келибди: “Сотувдаги маҳсулот – болалар пойабзали, кийилмаган!”
Машқлар креативликни оширади
Биз бадантарбия қилиш ҳар томонлама яхши эканлигини биламиз. Бироқ машқлар кишига илҳом бериб, ижодий онгни кучайтиришини ҳаммамиз ҳам билмаймиз. Жисмоний ва ителлектуал машқлар, шу жумладан шахмат-шашка ўйинлари гўё занглаб қолган мия мурватларини “мойлаб”, янги соғлом фикрлар қанот ёйишига ҳисса қўшади.
Шовқин ижодга туртки беради
Албатта, ўқиш жараёнида шовқин бўлса, бу ижодий фаолликка ҳалал беради, деймиз. Ўқувчи ва ишловчиларга ҳар доим тинч шароит яратиб беришга ҳаракат қиламиз. Ҳозирги замонда дунёда олиб борилаётган тажрибаларда маълум бўляпдики, айрим ижодга мойил одамларда шовқинли мусиқа остида ишлаганда илҳомбахш ғоялар пайдо бўлар экан. Баъзи кишилар эса нафақат мусиқа, балки телевизорда отишмали кино кетаётган бўлса ҳам, мазза қилиб ижод қилаверади.
Сўнгги тадқиқотлар гувоҳлик беришича, болалар ўқиб-ўрганиши учун ўта қулай шарт-шароит яратиш, ҳамма нарсани муҳайё қилиб бериш, аксинча, уларда ижодий онг, топқирлик қобилияти занглаб қолишига олиб келар экан.
Чарчаганда мия яхши ишлайди
Ижодкорларда аниқ фан кишиларидан фарқли ўлароқ, янги ғоялар ҳар хил ўй-хаёлларга эрк берган лаҳзаларда пайдо бўлади. Аниқ фанларга ўзини бағишлаган кишилар эса эътиборни фақат битта масала таҳлилига қаратишади.
Кўпчилигимиз ўзимизни кундузи фаол ишлайдиган “тўрғай” (жаворонок) деб ҳисоблаймиз. Аммо ижодкорларда илҳом келиши вақти асосан куннинг иккинчи қисмга тўғри келади. Яъни ижодий онг куннинг асосий қисми ўтгандан сўнг, одам жисмонан чарчаганда ва бошқа энг номақбул шароитларда теранроқ ишлай бошлайди. Агар миянгиз тун ярмида, сиз чарчаган пайтда ижод қилишга чорласа, демак сизда қоронғида ишловчи “укки”(сова) ларга хос хислатлар мавжуд.
Кечки пайт илҳом келишининг сабаби шундаки, кун бўйи турмуш ва иш ташвишлари билан чарчаган мия дам олиш учун ўзига хуш ёқувчи мавзуга диққатини қаратади.
Мия ҳақиқий мўъжиза! Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, энг мураккаб вазиятларда, масалан, қорин очганда, чарчаганда, муаммоларга дуч келганда ва ҳ.к. бизнинг миямизга ажойиб фикрлар кела бошлайди. Бунда яратувчанлик қобилиятимиз бир неча баробарга ортади. Дунёни ағдар-тўнтар қилиб юборган “Капитал” асари ҳам унинг ижодкорлари томонидан оч-наҳорликда, ижара уйда бир қатор муаммолар гирдобида ёзилган. Хулоса ўзингизга ҳавола…
Манзура БЕКЖОНОВА тайёрлади.
Ўхшаш хабарлар
-
Америкалик муҳандис Темурийлар даврини виртуал реалликда яратмоқчи
-
КИБЕР ЖИНОЯТЧИЛИК ҲУЖУМИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ
-
МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ ДОИРАСИДА ҚУРЪОН КУНИ БЎЛИБ ЎТДИ
-
Гендер тенгликни таъминлашда фуқаролик жамияти ролини кучайтириш лойиҳаси амалга оширилмоқда
-
Янги Ўзбекистон тараққиётининг ягона ва тўғри йўли