Шизофрения даҳоси

Коинот миллиардлаб йиллардан буён мавжуд. Ер юзи аҳолиси орасидаги ўта онгли инсонлар сони эса бир неча ўн мингдан зиёд. Улар ракеталар, осмонўпар бинолар, телевизион ҳамда компьютер тармоқларини кашф этишди. Қолаверса, буларнинг барчасини йўқ қилишга қодир водород бомбасини  ҳам яратишди.  

Биз тоғдаги ғорларда яшамаётганимиз, совуқда гулхан атрофида исинмаётганимиз учун улардан миннатдор бўлишимиз керак.  Бундай кишилар ўз манфаатидан кечиб тинимсиз меҳнат қиладилар, ёлғизликни хуш кўрадилар, ҳаётини фанга бағишлайдилар. Бундай даҳоларни қадимда тушунарсиз ва ғалати хатти-ҳаракатлари учун сазойи қилишган, гулханда ёқишган…

Даҳолар ҳеч кимнинг ақлига келмайдиган назарияларни ўйлаб топган, ҳеч ким ечолмайдиган жумбоқларни ечган, шу тариқа оқимга қарши сузганлар. Афсуски, шу боис кўпинча уларнинг пешанасига қувғинлик, ёлғизлик, касаллик каби тамғалар босилган.

Даҳолик телбаликми?

Итальян психиатри Ломброзо мазкур масалада тадқиқотлар олиб борди ва даҳолар шизофрения белгилари бўлган, деган фикрга келди. Айрим руҳшуносларнинг қайд қилишича, қобилиятсиз болалардан ҳам даҳолар етишиб чиқади. Масалан, Леонардо да Винчи самолёт ихтиро қилинишидан 500 йил олдин илк самолёт лойиҳасини  яратган эди. Ваҳоланки, болалигида оддий лотин алифбосини ўрганиш унга қийинчилик туғдирарди. Демак туғма даҳолар мактаб дарсликлари доирасида ўқиб-ўрганолмайди. Яъни, уларнинг онги мантиқий меъёрларга бўйсунмайди. Улар мактабда икки олишади, лекин кейинчалик фанда ўз сўзини айта олади. Мисол учун, Моцарт тўрт ёшида ўзинанг клавесин учун йирик концертини яратганда, унинг отаси: “Бу концерт шу қадар мураккабки, уни ҳеч бир мусиқачи ижро қила олмайди!” деди. Шунда Моцарт: “Бекор гап, буни ҳатто ёш бола ҳам чала олади. Масалан, мен”.

Айрим даҳоларнинг “омади” келган. Ота-онаси улар билан умуман шуғулланмаган.  Масалан, Пушкинлар оиласида ўғил — отанинг, қиз эса онанинг эркатойи бўлган. Отасининг фарзанд тарбиясига вақти бўлмагани учун Александр 9 ёшигача ўз ҳолича яшади. Уни энага катта қилди. Лекин буюк шоир бўлиб етишди.

Даҳолик наслдан наслга ўтадими?

Буюк композитор Бахнинг аждодлари ичида мусиқачилар кўп бўлиб, улардан 57 нафари элга танилган эди. Аммо фақат биттаси даҳо даражасига етган.  Итальян психиатри Ломброзонинг таъкидлашича, даҳолар кўп ҳолларда шезофрения хасталигига мубтало бўлган. Бу касаллик насл суради. Лекин даҳолик наслдан-наслга ўтмайди. Унинг аломатлари кутилмаганда юзага келади. Ҳатто у даража билимли бўлмаган одамларнинг фарзандлари ҳам даҳо даражасига етишиши мумкин. Мисол учун, буюк композитор Бетховеннинг отаси майпараст бўлган, онаси бир умр касалманд бўлиб, охир-оқибатда силдан вафот этган. Леонардо да Винчи эса, оддий нотариуснинг ўқимаган аёлдан ноқонуний туғилган фарзанди эди.

Буюк физик Эйнштейн ҳам қариганда шизофрения хасталигига дучор бўлгани айни ҳақиқат. Машҳур файласуф Афлотун ўз вақтида даҳоликни худо томонидан ато этилган телбалик, деб атаган эди. Чунки даҳоликка талабгорлар оддий одамлардан фарқли равишда ўзини бошқача тутади. Улар баъзан атрофдагиларга аҳамият бермасдан, тушунарсиз бир нималарни гапиради, шеърлар айтади. Қадимги греклар айтганидай, даҳоликка юз тутган кишилар, шоир ва файласуфларнинг ўз дунёси бўлади.

Агар олимлар бизнинг атрофимиздаги барча замонавий оламни яратган бўлса, файласуфлар, шоирлар ва буюк башоратчилар инсоният қаерга қараб кетаётганини, қандай қилса тўғри ёки нотўғри бўлишини асослаб берган, мантиқ, аҳлоқ-одоб меъёрларини яратган.

Мутахассислар тарихда яшаб ўтган буюк шахслардан Руссо (француз ёзувчиси), Ницше (немис шоири), А.Гитлер (немис диктатори) кабиларнинг руҳий касал бўлганини таъкидлайди. Шунингдек, Декарт, Шопенгауэр, Спенсер ва бошқалар билимли бўлса ҳам ақли-хуши телбавор бўлган. Бундан ташқари, Европанинг ярмини босиб олган Наполеон ҳам мания ва фобия каби руҳий хасталиклардан азият чеккан.

Ижодкор қачон руҳий таназзулга учрайди?

Биласизми, Ван Гог, Сальвадор Дали кабилар шезофрения тамғаси босилган буюк рассомлар эди. Улар ажойиб картиналар яратиш билан бир вақтда телба-тескари фикрлари билан барчани лол қолдиришган.

Немис файласуфи Ясперс таъкидлаганидек, шизофрениясиз даҳолик келиб чиқмайди, аммо шизофрения ривожланишда давом этса, бир куни ижодни ўлдиради. Даҳоликнинг фожеаси ҳам айнан шундадир.

Антрополог, профессор Ломброзонинг қайд этишича, инсонда даҳолик ва телбаликнинг келиб чиқишига бир хил сабаблар замин яратар экан. Олим тузган руҳий касалликка йўлиққан даҳолар рўйхатида Сократ, Руссо, Наполеон, Шуман ва ҳатто Гоголь ҳам бор эди. Унинг айтишича, даҳолик шезофрениянинг бир тури ҳисобланади. Ломброзони буюк кишиларнинг ғайриоддийлиги ҳайратга солган. Унинг аниқлашича, даҳоларнинг кўпчилиги оила қурмаган. Масалан, буюк рассом Микеланжело бир умр бўйдоқ ўтган ва: “Санъат мен учун хотин ўрнини боса олади” дея таъкидлаган. Ньютон ҳам уйланмасдан ўтган. Шопенгауэр, Спиноза, Декарт, Гоголь, Лермонтов, Тургенев ҳам турмуш қуришни ўйламай ўзини ижодга бахш этган. Архимед эса ўзининг “Эврика!” деган машҳур сўзини айтган вақтда чўмилаётган бўлган ва шу алпозда кўчага отилиб чиқиб кетган.

Даҳоларни тан олишмайди

Буюк Циалковский (космонавтика отаси): “Кимнингки кашфиёти ўлимидан камида 20 йил ўтиб тан олинса, ўша даҳодир” деган эди. Чиндан ҳам у: “ Ҳали одамзод коинотни забт этади, у ерда шаҳарлар қуради” деганида уни алаҳсираётганга чиқариб қўйишганди. Аммо Циалковскийнинг ўлимидан 25 йил ўтгач, Гагарин космосга учди.

Менделеев ўзининг элементлар даврий жадвалини тушида кашф қилган, дейишади. Кўриниб турганидек, шезофрения даҳоси таъсирида инсон миясига келган “бемаъни” ғоялар йиллар ўтиб чинга эврилган, айрим даҳолар ўз назарияларини тушида кўриб, ростга айлантирган.

Ҳозирги замон психологлари Ломброзонинг даҳолик шизофрениянинг бир кўриниши, деган фикрига қўшилмайди. Лекин статистика маълумотларига кўра дунёдаги 6 та одамдан 1 тасида шизофрения гени мавжуд экан. Шуниси аниқки, бу ген одамзод қонида ҳаёти давомида пайдо бўлиб қолмайди.

Демак биз яшаб турган оламнинг турфа эврилишларини сиз билан бизга ўхшамаган, ўзгача одамлар — яратган. Улардан қўрқиш, қочиш ёки юз ўгиришмас, иқтидорини ишга солишига, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ғояларни ўйлаб топишига имконият яратиб бериш зарур, уларга ишониш керак.

М.БЕКЖОНОВА тайёрлади.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: