Ранги ўзгарган занжирлар сири
Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари “Навоий” чегара божхона фуқаро Ю.О. исмли шахснинг заргарлик буюмларини оқ рангга бўяб, яширин тарзда олиб чиқиб кетаётганида қўлга олишди. Улар жами оғирлиги 592,16 граммни ташкил қилувчи 207,2 миллион сўмлик занжир ва 2 дона билагузук эди.
Шунингдек, мамлакатимиздан қўшни давлатга чиқиб кетаётган яна бир фуқаро Ю.М. холислар иштирокида кўрикдан ўтказилганда унинг кийим-бошлари орасида оқ рангга бўялган, оғирлиги 601,89 грамм бўлган 210,6 миллион сўмлик тилла тақинчоқлар топиб олинди. Хуллас божхона ходимлари уддабурон тиллафурушларнинг кирдикорларини кетма-кет фош қилишса ҳам ўз билганларидан қолишмаяпти.
Почтадан юборилган тиллалар
Умумжаҳон почта Конвенциясида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2011 йил 18 апрелда 2219-сон билан рўйхатга олинган “Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш” Қоидаларига асосан қимматбаҳо металлдан ясалган буюмларни почта жўнатмалари орқали юбориш ман этилган. Аммо шунга қарамасдан, заргарлик буюмларини почта усулида юборишга уринаётган шахслар учраб туради.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Бош почтамт” ташқи иқтисодий фаолият пости ходимлари томонидан шу турдаги қонунбузарлик ҳолати аниқланди. Жумладан, фуқаро Б.Р. номига хориждан юборилган почта жўнатмаси амалдаги тартибларга мувофиқ кўздан кечирилганда, унда божхона декларациясида кўрсатилмаган 36,7 грамм бўлган 10,2 миллион сўмлик тилла тақинчоқлар борлиги маълум бўлди. Шунчалик қийматдаги заргарлик буюмларини йўқолиб қолишидан ҳам қўрқмай посилкага жойлаб юборишганига қойил қолмай иложингиз йўқ.
Камарга “қистирилган” олтин
Тилла ташувчиларнинг топқирлигига яна бир мисол: «Тошкент-Деҳли» йўналиши бўйича учиб кетаётган фуқаро А.А. яшил йўлакдан ҳаракатланар экан, унинг хатти-ҳаракатлари божхоначилар эътиборини тортди. Белгиланган тартибда холислар иштирокида текширувдан ўтказилганда ушбу фуқаро камарининг ўтказгичи тилладан ясалиб, божхоначилар пайқамаслиги учун қора рангга бўялгани маълум бўлди. Уддабурон фуқаро бу билан кифояланмасдан оёқ кийимлари ичига ҳам тилла буюмларни яширгани анқиланди. Ашёвий далилларнинг вазни 200 граммни ташкил этиб, умумий қиймати 59 миллион сўмга тенг экан.
“Хазм бўлмаган” хазина
Тошкент” халқаро аэропорти божхоначилари қуйма тилла бўлакларини юртимиздан ноқонуний олиб чиқиш билан боғлиқ навбатдаги қонунбузарлик ҳолатларини фош этишди. «Тошкент-Амритсар» йўналиши бўйича учиб кетишга шайланган икки нафар фуқаро Г.Б. ва С.Х. лар назоратдан ўтиш чоғида божхоначиларга “ҳеч қандай ноқонуний буюмларни олиб кетмаяпмиз” дейишганди. Аммо аэропортда ўрнатилган замонавий қурилма уларнинг ички аъзоларида металл жисмлар борлигини аниқлади. Г.Б. ва С.Х. лар жами вазни 451 граммни ташкил этувчи, умумий нархи 90 миллион сўмлик 26 дона қуйма тилла бўлагини ютган ҳолда юртимиздан олиб чиқмоқчи бўлишган экан. Бироқ уларнинг бу “ақлли” режалари замонавий техника мияси олдида ип эшолмай қолди.
Ноқонуний иш – келтирар ташвиш
Амалдаги тартибларга кўра, 65 гр.гача оғирликдаги қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмларини мамлакатга божсиз олиб киришга рухсат этилади.
2019 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахсларга умумий қиймати 5 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган товарларни божхона декларацияси тақдим этмасдан Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишга рухсат этилди.
Юқоридаги ҳолатларда эса қонунбузарлар заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўровида маълум қилмасдан, яширин олиб ўтишга уринишган.
Божхонадан ўтишда яширилган пул ва буюмлар божхона ходимлари томонидан вақтинча олиб қўйилади. Кейин улар суд орқали мусодара қилинади.
Хулоса ўринда айтиш лозимки, ҳозирда божхона тизимида бехато ишлайдиган замонавий ускуналар ва тажрибали мутахассислар фаолият кўрсатмоқда. Уларни алдашга уринган, ҳар хил қинғир усулларни ўйлаб бош қотирган фуқаролар охир оқибатда уялиб қолиши мумкин. Яхшиси божхонадан ўтганда тартиб ва меъёрларга риоя қилиб, бундай “антиқа усуллар”дан воз кечишгани мақсадга мувофиқдир.
Шаҳризода Отабоева тайёрлади.