Рўзаи Рамазон ҳайити куни кечки овқатдан сўнг «Севимли» телеканалидаги сериални берилиб томоша қилиб ўтиргандик. Бирдан ташқаридан қаттиқ шовқин эшитилди. Балконга чиқиб қарасам кучли дўл ёғаётган экан. Момақалдироқ овози ва дўлнинг дераза ойналари, шиферларга урилишидан қаттиқ шовқин кўтарилганди. Чақмоқ чақиб бу манзарага янада қўрқинчли тус берарди. Қарасам очиқ турган дераза ойналаридан кирган муз бўлакчаларидан оёқ ости тўлиб кетибди…
Бир неча дақиқада ёғаётган дўл кучли ёмғирга айланди.
Телефоннинг заряди тугагани панд берди, видео лавҳа олишга улгуролмадим. Аммо бир неча фотосурат олишга улгурдим.
Эшигимизда энди сарғая бошлаган ўрик остига дўлдан катта талофот етган ўриклар тўкилди. Бу йил ҳам энди Тошкентда ўрик қиммат бўлади фикримча…
Кейинги пайтда ёғаётган кучли ёмғир, дўл, шунингдек туз ва қум бўронлари каби табиат ҳодисалари, улар оқибатидаги сув тошқинлари, бунинг боғдорчилик ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилига зарари одамларни ташвишга соляпти. Буларнинг барчаси табиатнинг инжиқлиги ёки даккиси дейиш мумкин. Кексалар айтишларича осмон инсонларнинг номақбул хатти-ҳаракатларига ўз норозилигини шу тарзда намойиш қилар экан…
Маълумот учун: Википедия маълумотлар базасининг айтишича дўл шакл жиҳатидан турли-туман (думалоқ, қиррали, бурчакли), бир неча миллиметрдан бир неча сантиметргача катталикда бўлиши мумкин.
Дўл шаффоф кўринишдаги муз бўлакчаларидан ташкил топади. Бу ёғин йилнинг илиқ мавсумида баландда жойлашган жала ёғдирувчи булутлар бир жойда тўқнашиши натижасида ёғиши мумкин. Асосан дўл ёғиши бир неча дақиқадан ярим соатгача чўзилган ҳолатлар кузатилган. Метеорологлар маълум қилишича узоқ ёққан дўл ер юзасини бир неча сантиметргача қоплаши мумкин. Сайёрамизнинг турли мамлакатларида кўпинча 5-10 дақиқалик дўл учрайди. 1 соат давом этгани жуда кам кузатилган. Дўл асосан ёз фаслида кундуз куни ёғиб ўтиши мумкин. Тунда дўл ёғиши деярли учрамайди.
Дўлнинг олдини олиш мумкинми?
Дўл иқтисодиётга, қишлоқ хўжалигига, айниқса узум, гилос ва ўрик каби мевалар ҳосилига катта зиён етказади. Ҳозирги замонда дунё мамлакатларида янги технологияларга таяниб, дўл оқибатида зарар кўришнинг олдини олиш чоралари ишлаб чиқилган. Бунинг учун муз кристаллари ҳосил қиладиган булутларга оддий йоднинг кимёвий бирикмаларини пурковчи ракеталар учирилади. Бу амалиёт йирик дўл бўлаклари пайдо бўлишига йўл қўймайди. Майда муз бўлакчалари эса ерга тушгунча иссиқ ҳаво оқими таъсирида эриб кетади ва экинларга айтарли зиён етказмайди.