Ёш улғайганда сиз ҳатто кўнглингизда ўзингизни ёш ҳис қилсангиз ва фаолликдан тўхтамасангиз ҳам кўзгудаги аксингиз сизни хурсанд қилмаслиги мумкин. Аммо бир қатор оддий усуллар борки, уларга амал қилсангиз жисмоний саломатлигингиз яхшиланиб, ўзингизга ишончингиз ортади. Шу билан бирга қиёфангиз ҳам ички биологик ёшингизга монанд бўлади.
1.Тўғри ўтиринг.
“Гавдасини тўғри ушлайдиган одамлар ёш кўринади. Ўзларини тетик, бахтиёр тутишади. Қоматини қийшиқ тутадиган ва доим қаддини долдек эгиб юрувчиларга нисбатан ўзларига ишончи баланд бўлади”, – дея таъкидлайди таниқли итальян шифокори, тиббиёт фанлари доктори Пол Д”Ареццо.
Бу сизга ўзингизни яхши ҳис қилишингизга ёрдам беради: қоматни тўғри тутиш мушак ва бўғимлардаги оғриқни тўхтатади, шунингдек бош оғриғи ва бўйин соҳасидаги зўриқишни камайтиради.
Мунтазам равишда йога ёки пилатес машқлари билан шуғулланишни бошланг. Бу машғулотлар қорин, тос ва бел мушакларини мустаҳкамлайди. Бу эса сизга қоматингизни вертикал ҳолатда тутиб юришга ёрдам беради. Бундан ташқари агар сиз ўтириб меҳнат қиладиган касбда ишласангиз ҳар соатда чўзилиш машқларини бажаришга ҳаракат қилинг.
2.Қошларингизни тўқ қора рангли қаламда бўяманг.
Экспертлрнинг фикрича қалин қора қошлар сизни ёшингизга нисбатан қари кўрсатади. Очроқ рангдаги қош эса тескари самара беради. Тониклар ёрдамида қошингизни очроқ рангга бўясангиз қиёфангиз очиқ ва беғубор кўринади. Юзингизга бироз румяна суртсангиз ҳам зарар қилмайди.
- Хайлайтерлардан фойдаланинг.
Юзингизга ифодали соя бериш учун бир неча хайлайтер сотиб олинг. Уларнинг ранги сочингиз рангидан бироз очроқ бўлсин. Булар юзингизнинг соғлом ва ялтироқ кўринишини таъминлайди. Бу, албатта, ёшликнинг яққол белгиси бўлиб, 40 ёшдан кейин терида пайдо бўладиган ўзгаришларни, айнан сўлғинлик ва салқишни яширишга ёрдам беради.
- Сочларингизни ўстиринг ёки… қирқинг!
Экспертларнинг сўзларига кўра агар сочларингиз қалин бўлса ва елкаларингиздан тушиб турса анча ёш кўринасиз. Бордию сочларингиз сийрак бўлса калта қирқилган соч кексалик аломатларига қаршилик кўрсатишга ёрдам беради.
- Янги сийнабанд сотиб олинг.
Албатта, катта аёлларда бюст ёшликдагидек бўлмайди. Аммо бунинг ҳам йўли бор. Махсус қолипли сийнабандлар қоматингизни расо, виқорли қилишга кўмаклашади. Бюстингиз қирраси тирсак чизиғида бўлса улар ёрдамида яна ёшликдагидек елка-тирсак марказидаги нуқтага кўтарасиз.
- Маникюр қилинг.
Яқинда инглиз пластик жарроҳлари томонидан бир амалиёт ўтказилди. Унинг натижаларига қараганда тирноқларда бўёқлар ва бармоқларда узуклар бўлса қўллардаги қарилик аломатлари, бўртиб чиққан веналар ва теридаги кексалик доғлари ўзига эътиборни тортмайди.
Тадқиқотчилар одамларга фақат аёллар қўлининг суратларига қараб уларнинг ёшини аниқлашни топширишди. Натижада сўровнома ўтказилганларнинг 49 фоизи маникюрли қўллар ёш кўринишини, 52 фоиз одамлар тақинчоқлар таққан қўллар ёш аёлга тегишлилигини айтишган.
- Табассумингизга эътибор қилинг.
Чарақлаб турган табассум сизни соғлом ва ёш кўрсатади. Биласизми, профессионал стоматолог тишингизни оқартириб берса бир неча ўн ёшга ёшаришингиз мумкин. Агар бу муолажани чўнтагингиз кўтармаса бугунги кунда тишни оқартирувчи кўплаб воситалар мавжуд. Улар сизнинг табассумингиз кўз қамаштирадиган даражада оппоқ ва мусаффо бўлишини таъминлайди.
Ушбу оддий маслаҳатлар сизнинг янада соғлом ва мафтункор бўлишингизга ёрдам беради!
Шаҳризаода АТАБАЕВА тайёрлади.