Янги қурилган меҳмонхоналар учун субсидиялар ажратилади

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси «Туризм хизматларини сертификатлаштириш маркази»  ДУК  томонидан «Янги меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш учун инвесторларга субсидия ажратиш ҳамда ташкилотларни франчайзинг тўғрисидаги шартнома асосида қисман молиялаштириш учун Давлат бюджетидан маблағ ажратиш тартиби» мавзусида семинар ташкил этилди. Унда меҳмонхона бизнесида фаолият юритаётган ва соҳадаги янги ишбилармонлар иштирок этди. Жонли мулоқот тарзида ўтган учрашувда Марказ мутасаддилари томонидан субсидиялар ажратиш тартиби тушунтирилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5-январдаги ПҚ-4095-сонли «Туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида» ги Қарорига асосан, 3 юлдузли тоифа учун 50 та хонадан кам бўлмаган ва 4 юлдузли тоифа учун 100 та хонадан кам бўлмаган хоналар фондига эга меҳмонхона 2022 йил 1 январгача фойдаланишга топширилган тақдирда, меҳмонхона тоифаси тасдиқлангач янги меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш учун инвесторлар харажатларининг бир қисми Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

Субсиядиларни ажратиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 майдаги «Меҳмонхона хўжалиги фаолиятини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 433-сон Қарори билан тасдиқланган. Унга кўра,
янги меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситаларини қуриб, 2019 йил 5 январдан бошлаб 2022 йил 1 январга қадар фойдаланишга топшириш; қўшимча равишда янги ташкил этилаётган меҳмонхоналарнинг хоналари фонди 50 мингтага етгунига қадар амал қилади; франчайзинг тўғрисидаги шартномалар 2019 йил 5 январдан сўнг кучга кирган бўлиши лозим (кўпи билан 10 миллион АҚШ доллари эквивалентига етгунича).

Хўш, кимлар субсидия олиши мумкин?

— Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида назарда тутилган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи бўлмаган;

-банкротлик ва тугатиш жараёнида бўлмаган;

-Давлат бюджетидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари асосида молиявий таъминот ва харажатларни қоплаш (мазкур Низом асосида ажратилган Давлат бюджети маблағлари ҳисобга олинмайди) мақсадларига маблағ жалб қилмаган меҳмонхоналар субсидия олиши мумкин.

Субсидия ажратиш тартиби

Субсидия ажратилиши учун Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига ариза берилади ва қуйидаги хужжатларни илова қилинади:

  1. ариза берувчининг — юридик шахс бўлган инвесторнинг номи, жойлашган жойи (почта манзили), СТИР ва тижорат банкидаги ҳисобрақами реквизитлари;
  2. кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридан кўчирма;
  3. 3 ёки 4 юлдузли меҳмонхона тоифаси кўрсатилган мувофиқлик сертификатининг нусхаси.

Субсидия 1 маротаба ажратилади:

3 юлдузли тоифага ҳар бир хона учун —      40 миллион сўм;

4 юлдузли тоифага ҳар бир хона учун —      65 миллион сўм.

               Ҳар йили индексация қилинади.

Сертификация жараёни бўйича маълумотлар

  • “Туризм хизматларини сертификатлаштириш маркази” ДУК томонидан амалга оширилади

— Меҳмонҳоналар Oʻz DSt 3220:2017 “Туризм хизматлари. Жойлаштириш воситалари. Умумий талаблар” давлат стандарти талаблари асосида сертификатлаштирилади, камида 90 кун фаолият юритгач тоифага ариза беришлари мумкин.

— Тоифа учун Oʻz DSt 3296:2018 “Туризм хизматлари. Меҳмонхоналар ва ўхшаш жойлаштириш воситалари. Таснифлаш тизими” давлат стандарти талабларига мослиги ўрганилади. Бунда “Кучли тўртлик” ка кирувчи (KPMG  ёки бошқа компания) ташкилотлар жалб қилинади. Хорижий компания харажатлари меҳмонхоналар томонидан қопланади.

Аризани кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш жараёни қандай?

  • Қўмита ариза келиб тушган кундан бошлаб ўн иш кунида унинг «Инвесторларга янги меҳмонхона қуриш ва уни жиҳозлаш учун субсидия ажратиш ҳамда ташкилотларни франчайзинг тўғрисидаги шартнома асосида қисман молиялаштириш учун Давлат бюджетидан маблағ ажратиш тартиби ҳақида»ги Низомда белгиланган талабларга мослигини ўрганиб чиқади;
  • Қўшимча ўрганишлар ўтказиш талаб этилса, Қўмита ариза берувчини хабардор қилади ҳамда аризани ўрганиб чиқишни қўшимча 10 иш кунига узайтириши мумкин;
  • Қўмита аризани ўрганиб чиқиб, бир иш кунида субсидия бериш ёки субсидия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади ва ушбу қарор нусхасини ариза берувчига қарор қабул қилинган куни юборади;
  • Мазкур қарор нусхаси қарор қабул қилинган кундан бошлаб, бир иш кунида Қўмита томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига юборилади.

Аризани кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш жараёни

  • Субсидия беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар аниқ кўрсатиб ўтилган қарор аризачига бир иш кунида юборилади;
  • Ариза берувчи кўпи билан икки ой давомида кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этиши ва уларнинг бартараф этилганини тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда, Қўмитага такроран ариза билан мурожаат қилиши мумкин;
  • Ариза такроран тақдим этилган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида Қўмита томонидан қайта кўриб чиқилади;
  • Бунда янги асослар бўйича субсидия беришни рад этиш мумкин эмас
  • 2 ой муддат муддат тугагандан кейин тақдим қилинган ариза янгидан берилган деб ҳисобланади.

Ариза рад этилганда бажариладиган ишлар

  • Асос бўлган сабаблар аниқ кўрсатиб ўтилган қисман молиялаштиришни рад этиш тўғрисидаги қарор франчайзинг бўйича ариза берувчига бир иш кунида юборилади;
  • Кўпи билан икки ой давомида кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этиши ва уларнинг бартараф этилганини тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда, Қўмитага такроран ариза билан мурожаат қилиши мумкин;
  • Беш иш куни мобайнида Қўмита томонидан қайта кўриб чиқилади.
  • Бунда янги асослар бўйича қисман молиялаштиришни рад этиш мумкин эмас;
  • Икки ой муддат тугагандан кейин тақдим қилинган франчайзинг бўйича ариза янгидан берилган деб ҳисобланади.

Франчайзинг тўғрисидаги шартномага асосан ташкилотларни меҳмонхона фаолиятини ташкил этгани учун қисман молиялаштириш тартиби

Ташкилотларни қисман молиялаштириш ҳажми:

  • 3 юлдузли дастлабки 50 та меҳмонхона —битта хонаси учун йиллик 200 АҚШ доллари эквивалентида;
  • 4 юлдузли дастлабки 30 та меҳмонхона —битта хонаси учун йиллик 400 АҚШ доллари эквивалентида.

— «Brand Finance» компаниясининг топ-50 рейтингига кирувчи ҳамда Кенгаш (Туризмни ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш) томонидан шакллантириладиган рўйхат асосида меҳмонхоналар билан тузилганда амалга оширилади.

Молиялаштириш тартиби

— Молия вазирлиги Қўмита томонидан тақдим этилган буюртманомани уч иш кунида кўриб чиқади ва тегишли маблағларни Қўмитанинг шахсий ғазна ҳисобварақларига ўтказади;

— Маблағлар келиб тушганидан сўнг уларни Қўмита беш иш кунида инвестор ва ташкилотларнинг уларга хизмат кўрсатувчи тижорат банклардаги ҳисобрақамларига маблағларни ўтказиб беради.

АГАР…

  • 3 ёки 4 юлдузли тоифага эга бўлган меҳмонхона учун субсидия ажратилган даврдан бошлаб 5 йилдан кам бўлмаган муддатда меҳмонхонанинг камида ушбу тоифага эгалиги таъминланиши лозим, акс ҳолда ажратилган субсидия Давлат бюджетига қайтарилади;
  • Франчайзинг тўғрисидаги шартнома бекор қилинган вақтдан бошлаб Давлат бюджетидан қисман молиялаштириш тўхтатилади.

Кўп сўралган саволлар

  • Субсидия реконструкция қилинган биноларга бериладими?
  • Низом талабига асосан фақат янги қурилган меҳмонхоналарга берилади.
  • Ажратилган субсидия давлатга қандай қайтарилади?
  • Субсидия меҳмонхона қилган харажатларни қоплаш учун ажратилади, меҳмонхона ўз ихтиёрига кўра тасарруф қилади
  • 5 юлдузли меҳмонхонага субсидия ажратиладими?
  • Низом талабларига мувофиқ фақат 3* ва 4* меҳмонхоналарга ажратилади.
  • Субсидиядан солиқ тўланадими?
  • Тўланмайди.

«Туризм хизматларини сертификатлаштириш маркази»  ДУК
ахборот хизмати

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: