Ерга осмонўпар бино катталигида улкан астероид яқинлашмоқда. Бу ҳақда “Известия” нашри хабар қилди.
Хабарда айтилишича, 10 август куни 2006 QQ23 астероиди соатига 17 минг километрда ҳаракатланиб, Ердан атиги 0,049 астрономик бирлик (7,3 миллион километр)да учиб ўтади.
Таъкидланишича, бу астероидга Ерга яқин объект сифатида қараш ва бундан ташқари астероид Ердан 0,05 астрономик бирликдан қисқа масофадан ўтгани учун уни хавфли астероидлар қаторига қўшиш мумкин.
Ушбу астероиднинг диаметри тахминан 570 метрни ташкил этади, дейишмоқда олимлар. Бу эса АҚШдаги машҳур Эмпайр-стейт-билдинг ўсмонўпар биноси баландлиги (443 метр)дан ҳам каттадир.
NASA’ вакилларининг қайд этишича, ҳозирда бу фазовий жисм Ерга ҳеч қандай хавф туғдирмайди. Чунки ҳар йили ўртача ҳисобда 5-6 та бундай катталикдаги астероид Ер яқинидан учиб ўтади.
NASA ерга яқин объектларни кузатишда ва астероид хавфига қарши чоралар ишлаб чиқишда давом этади.