МАТНАЗАР АБДУЛҲАКИМ: «Мен сизнинг юракда бўлиб кўрганман…»

 

ОНАГИНАМ

Бахт изладим мен дала-даштдан,

Орзуим – бол, умидим – асал.

Онагинам! Сени алдашдан

Ҳалокатни санадим афзал.

 Сармаст қилди чаманлар васли,

Қайғурмадим ризқи рўзимни.

Яшадим мен бағишлаб, асли,

Фақат ўзгаларга ўзимни.

Билмам, учдим қанчалаб чақрим,

Гоҳ мағлуб, гоҳ ғолиб келдим мен.

Бол, деб меҳрим, асал, деб фахрим,

Топганимни олиб келдим мен.

Гуллар ичдим ичгандек қасам,

Лойиқ бўлдим заҳматкаш сафга.

Балки… балки янглишиб баъзан

Қўниб қўйдим сассиқ алафга.

Ноз бўйлардан уйғониб саҳар,

Учмоққа йўқ, эҳтимол, ҳаққим.

Балки, асал деганим заҳар,

Бол деганим, эҳтимол, заққум.

Хуллас, ўзинг биласан, онам,

Сен минг сирдан хабардор ҳакийм.

Хоҳла, мени қабул эт, мана,

Хоҳла, бошим узиб ташлагин.

 

ДИЙДОР

Билмадим, айланди неча бир фасл,

Неча бир асрлар шамолдек елди.

Мен кўнгилма-кўнгил наслма-насл

Сени излаб ўтмиш қаъридан келдим.

 

Ва бир жуфт ғазалга илтижо айлаб,

Топиб олдим азал ва абад ичра.

Биласан ким сени кетганин жойлаб,

Қорачиқларимдан қилмайсан ҳижрат.

 

Мана, чақнаяпсан тун бағрин ўйиб,

Ўз бахтингдан ўзинг сўнгсиз ҳайратда.

Бу бахт булбулларни лол қилиб қўйиб,

Кўкда юлдузларни чах-чах сайратди.

 

Қани эди, сени майин мақтасам,

Бўлмаса кўксимда ҳар бир сўз тошдан.

Йўлимга кўз тутиб яшамоқдасан

Неча асрларки ўн саккиз ёшда.

 

Энди тош сўзлар ҳам бошлар-ов кўчки,

Ҳаётимга солиб тинмай зилзила.

Лекин менга таскин беролмас ҳеч ким,

Бошимни бир умр муттасил силаб.

 

Ошиғинг мангулик сени қийнайди,

Бўлгиси йўқ сенга хазон харидор.

Мени аёв билмай ёмон қийнайди,

Гўзаллигинг билан сенинг бу дийдор.

 

Дийдоринг бўлмаса ҳаётим барбод,

Дийдоринг бўлмаса мен забун кимса.

Ўзимни тилайман сенга умрбод,

Илдизи юракда ўсимлигимсан.

 

Мен рашкда қоврилган мағрур ноламан,

Менда муҳаббат бор, йўқ менда шафқат.

Сени мангуликдан тортиб оламан,

Қанча севсанг, шунча яшайсан фақат.

 

***

Хоразмни қазсангиз агар

Ер остидан дарёлар чиқар.

Хоразмни қазсангиз агар

Ер остидан дунёлар чиқар.

Нола тортиб юборажаксиз,

Қорачиқдан чақнаб зиёлар.

«Ер остига нега кетдингиз,

Азиз дарё, азиз дунёлар

 

Шундай жавоб бўлгайдир сизга:

«Йўқ! Кетмакчи эмас эдик биз.

Сизларнинг кўп кирдикорлардан

Ер ёрилди, ерга кирдик биз.

 

 Ҳали бир авлодлар келгайдир,

Номингиздан тавбалар айтиб.

 Шунда, иншооллоҳ, ҳаммамиз

Ер юзига чиқурмиз қайтиб!»

 

ТУН БЎЙИ

«Ёмғир юриб чиқди томда тун бўйи…»

 Шуҳрат Маткарим

 

Руҳимда тонггача ингранди бир най,

Бир тотлиғ тушларни толега ўйиб…

 Ўй ўйлатиб, пичир-пичирлаб тинмай,

 Ёмғир юриб чиқди томда тун бўйи.

 

Иблис ўлдими ё, тушди изиллаб,

Бўлмоқчими бирон фаришта тўйи.

Суюнчига мени келдими излаб,

Ёмғир юриб чиқди томда тун бўйи.

 

Эсладим яноққа жо гулларингни,

Димоғдан кетмади сочларинг бўйи.

Хаёлимга чирмаб кокилларингни,

Ёмғир юриб чиқди томда тун бўйи.

 

Минг-минг бахт бағишлаб ҳар бир қатраси

Ҳар қатраси дилга минг-минг нақш ўйиб,

Ишқ сирин англамоқ бўлдими насиб,

Ёмғир юриб чиқди томда тун бўйи.

 

Туҳфа етмоқ учун турфа бир гилам,

Қизғалдоқлар экиб ташламоқ ўйи,

Қутлуғ ғам, табаррук тараддуд билан

 Ёмғир юриб чиқди томда тун бўйи.

 

Ошиқлар тўккувчи кўзёшларми ё,

Оромим бошига минг оёқ қўйиб…

 Руҳимга таратиб маҳзун бир зиё,

Ёмғир юриб чиқди томда тун бўйи.

 

Заминни изларми дарбадар, нодон,

Осмону фалакни ногаҳон ўйиб…

 Тўйиб-тўйиб йиғлаб, ўксиниб гирён,

Ёмғир юриб чиқди томда тун бўйи…

 

ҒОФИЛ

Уйқуга кетасан – тўрт мучанг ҳам бут,

Уйқуга кетасан – кўнглинг, қорнинг тўқ.

Уйғониб қарайсан – қўлларинг кесик,

Уйғониб қарайсан – оёқларинг йўқ.

 

Даҳшатдан тегрангда бутун бир замин

Ё метин ёки тош қотган бўлади.

Қўл-оёқ ўрнига тўрт улкан илон

Вужудингни чирмаб ётган бўлади.

 

Тўртовлон бошингни талашар тинмай,

Тингламасдан фарёд ва нолишини…

Истайсан на бошинг ғажилишин сен,

Ё на илонларнинг оч қолишини.

 

БОТАЁТГАН КУН

Хожихон Болтаевга

 

Ботаётир кун «Гиря» айтиб,

Борлиғида қонталаш бир дард.

Нафақат уфқ, юрак-юракка

Чўка бошлар нурафшон ҳасрат.

 

Юрак пардамизни ёргудек

Ловуллайди уфқда бир хитоб.

Хоразмни бошига кийиб,

Яллиғланиб куйлайди офтоб.

 

Чиқишини билсак-да тонгда,

Юракни изтироб қийнайди.

Она қуёш имиллаб ботар,

Умримизни кўзи қиймайди.

 

Илож топмай у муштипарни,

Кузатамиз маҳзун, ўйчан, жим.

 Гарчи сўнгсиз умри қошида

Бизнинг умр – денгиздан томчи,

 

Инсон билан қуёш бир-бирин

Қайғуришар шундай азалий.

Тонг отгунча юлдузлар сўйлар

Жимирлаган совуқ тасалли.

* * *

Сен келсанг бас, майсалар тугул

Бу йўлларда гуллар унарлар.

Сўнгра… сўнгра… ҳар бир унган гул

Кўрсатади минг-минг ҳунарлар.

 

Чалинади алвон дардларга

Салқинлари, ҳовурлари ҳам.

Исминг билан тўлиб тошади

Шовқин, ғала-ғовурлари ҳам.

 

Келсанг минг хил, минг бир турланиб,

Бу йўлларнинг ҳар бир бекати

Лолаланиб, атиргулланиб,

Фақатгина сенга тегади.

 

Бу йўлларда ҳар бир муюлиш,

Бу йўлларда ҳар бир чорраҳа

Сенсиз борлиғимни тилкалар,

Юрагимга солар жароҳат.

 

Ҳозир эса сенинг хаёлинг

Мана шундай қутлуғ наводир.

Тахминларим – кечиккан бир бахт,

Ҳаяллаган ғамгин хавотир.

 

Гул не қилсин, сенсиз бу ерда

Онда-сонда қовжироқ ажриқ.

Айрилиқни кесатиб қўяр,

Йўқлигимни қилар қочириқ.

 

Типирчилар кўксимда юрак,

Бекор қанот қоқишлар билан.

Кетгандирсан, сен, гулим ахир,

Йиғлаб-йиғлаб оққушлар билан…

* * *

Чайир қанотингиз шамширдек кескир,

Ҳадемай етасиз иссиқ элларга.

Лекин бўлаверманг бу қадар сезгир,

Менсимасдан қаранг совуқ елларга.

 

Сиз ҳақ. Бунга ҳеч ким шубҳа қилмаган.

Бугун мен илк дафъа шубҳа қиламан.

Турналарим. Тўхтанг. Мен сиз билмаган

Қутлуғ бир ҳикматни биламан.

 

Аҳир мен сиз келгач барқ уриб неча,

Сиз кетгач неча бор сўлиб кўрганман.

Сизни танимадим бугун ё кеча,

Мен сизнинг юракда бўлиб кўрганман.

 

Турналарим, кетиб қолмасангиз, бас,

Шундай бир мўъжиза беражакдир юз –

Бошланишга қишнинг юзи чидамас,

Тамом бўлай деса, уялади куз…

 

АГАВА ДАРАХТИ

Агава – умрида фақат бир марта гуллайди,

сўнгра у қуриб қолади…

 

Хуш кўришдик! Ниҳоят, келдим

Неча шодлик, неча ғам оша.

Агаванинг гули бу – завқдир,

Агаванинг гули – томоша.

 

Ачинмайман кетган фурсатга,

Ҳар бир лаҳза гарчи хазина.

Агаванинг гули бу – зебдир,

Агаванинг гули бу – зийнат.

 

Кечикмадим, не бахт, улгурдим,

Раво бўлди олий дақиқа.

Агаванинг гули бу – чин сўз,

Агаванинг гули – ҳақиқат.

 

Мени зарра қўрқитолмади

Йўл азоби солса ҳам таҳдид.

Агаванинг гули бу – орзу,

Агаванинг гули бу – умид.

 

Чақнанг, чарақланглар, кўзларим,

Қутлуғ бўлсин ноёб салтанат.

Агаванинг гули бу – тўйдир,

Агаванинг гули – тантана.

 

Минг дардга ҳам гирифторлигин

Минг кўрсанг бас, қилиб бўлмас рад

Агаванинг гули бу – қайғу,

Агаванинг гули бу – ҳасрат.

 

Юзим тушгач бу гулга бўлди

Ҳар томирим бир олов дарё.

Агаванинг гули бу – доддир,

Агаванинг гули бу – фарёд.

 

Тоқат қилдим гулдаста тузмай

Андишадан қўйиб олдга ғов.

Агаванинг гули – имтиҳон.

Агаванинг гули бу – синов.

 

Илож қанча қисмат ҳукмини

Қийғос гуллар қилмоқда ижро.

Агаванинг гули бу – висол,

Агаванинг гули бу – ҳижрон.

 

Керакмикан дод-фарёд, асли,

Ҳаёт, ўлим чамбарчас, зотан.

Агаванинг гули бу — аза,

Агаванинг гули бу — мотам.

 

Бир севмак ва бир ўлмак бахти

Насиб этмас ҳар бир ошиққа.

Агаванинг йўриғи – бўлак,

Агаванинг йўриғи – бошқа.

 

Бу – Қайс гули, бу – Мажнун гули,

Гар узатсам қоврилгай қўлим.

Агаванинг гули бу – бир бахт,

Бу – мангу бир ҳаётбахш ўлим.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: