ЗАМОНАВИЙ ОФТАЛЬМОЛОГИЯ МЎЪЖИЗА ЯРАТАДИ

Бизнинг рисоладагидай ўқиб билим олишимиз, касб-ҳунар ўрганишимиз, ҳатто яхши ёмонни ажратишимизда ҳам кўзларимизнинг кўмаги чексиз.

Кўз инсон сезги аъзолари ичида энг муҳим аъзолардан бири, ҳаёт гўзалликларидан баҳраманд бўлишда энг бабаҳо воситадир. Бизнинг ўқиб билим олишимиз, касб-ҳунар ўрганишимиз ҳатто яхши ёмонни ажратишимиз учун ҳам кўзларимизнинг кўмаги чексиз. Агар кўриш тизимида қандайдир муаммо туғилиб қолса ёруғ жаҳон кўзларимизга тор бўлиб кўринади. Шунинг учун бир жуфт “юлдузимизни” турли шикастлардан асраш, унинг нурини оширувчи витаминли маҳсулотлардан кўпроқ истеъмол қилиш мақсадга мувофиқдир. Ёш офтальмолог, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти кўз касалликлари кафедраси ассистенти Азизбек ХУДОЙБЕРГАНОВ биз билан суҳбатда кўз касалликлари борасидаги бир қатор саволларга жавоб берди.

Оқ қоғозга қараш, ҳаддан ортиқ ёруғликда китоб ўқиш, кўп телевизор кўриш кўз нурини олади, дейишади. Шу тўғрими? Қайси ранглар кўз тез толиқишига сабаб бўлади?

–Рангларни кўриш диапазони ҳаммада ҳар хил бўлади. Дейлик,  кўзнинг марказий соҳаси маълум рангларни, бошқа соҳаси қолган рангларни яхшироқ кўради. Баъзи кишилар қоронғи хонада зангори чироқ ёқиб ўтиришади. Аксарият ота-оналар болага ёниб-ўчувчи, ёрқин рангдаги ўйинчоқларни олиб беришади. Шуни унутмаслик керакки, инсон қандай шароитда яшаши ёки қайси соҳада ишлашидан қатъи назар, унинг атрофини қамраб турган ранглар кўзига, албатта, ўз таъсирини ўтказади.

Айрим ранглар кўзни чарчатса, айримлари аксинча дам олдиради. Масалан, ранглар орасида тўқ кўк ранг кўзга кўпроқ зиён келтиради. Шу боис ҳам олимлар компьютер дастурларини ишлаб чиқиш жараёнида бу масалага алоҳида ёндошишган. Маълум рангни бироз камайтириб, бошқа бир рангни кўпайтириш орқали кўз толиқишининг олдини олса бўлади. Кўк ранг камайтирилиб, яшил ранг кўпайтирилса, кўзга ижобий таъсир кўрсатади. Сариқ ранг кўзни қувонтиради, руҳиятни кўтаради. Қизил ранг эса одамни фаолликка чорлайди. Лекин қизил рангга узоқ тикилиб туриш зиён. Қора ранг кўз тубига деярли салбий таъсир кўрсатмайди, чунки бу рангни сезиш учун мия томонидан жуда кам энергия сарфланади.

Ҳаддан  ташқари оппоқ рангга қараганда кўзнинг тубида жамланган фойдали элементлар кўпроқ сарфланади. Шу боис ҳам қорда чанғи учиш спорти билан шуғулланувчилар машғулот пайтида кўзларига, албатта, кўзойнак тақиб олишлари керак.

–Баъзи болалар кўзларини сал очиб ухлашади. Бу қандайдир кўз касаллигими ёки бошқа сабаби борми?

–Дарҳақиқат айрим болалар ухлаганда кўзларини чала юмиб ётишади. Чунки уларда бошқа мушаклар каби кўз мушаклари ҳам тонусда, яхши ривожланмаган бўлади. Ухлаётган болада кўз қирининг бироз очилиб туриши касаллик эмас, меъёрий ҳолат ҳисобланади. Агарда бу ҳолат болага салбий таъсир кўрсатса, яъни уйқудан уйғонганда, кўзида қизариш, қуриш ва шиш кузатилса, албатта, шифокорга учрашиш зарур. Агар бундай бўлмаса, табиий ҳол сифатида қараш керак.

Нерв шамоллаши туфайли ёки турли хил туғма жароҳатлар сабаб ҳам баъзи болаларда  кўзнинг ёпилмай қолиш ҳолати вужудга келиши мумкин. Бу ҳолда болани невропатолог ва офтальмолог шифокорлар биргаликда даволайди.

Катаракта ва глаукома бир-биридан қандай фарқ қилади? Бу икки касаллик бирга кечиши ҳам мумкинми? Уларнинг давоси қандай?

–Глаукома – кўз ички босимининг ошиши, катаракта – кўз гавҳарининг хиралашиши. Қарияларда бу касалликлар кўпинча бирга кечади. Лекин кўзнинг хиралашиб бориши ёшга доир муаммо ҳисобланади. Албатта, бемор кўришни яхшилаш учун шифокорнинг барча тавсияларига амал қилиши лозим. Кўриш қобилияти ҳаддан зиёд сустлашса, уни жарроҳлик амалиёти орқали тиклашга тўғри келади. Бундай вазиятга тушмаслик учун кўзларга қувват берадиган маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилиш керак. Масалан, оддий сабзи ва ошқовоқ А витаминига бой. Буларнинг хоҳ ўзини, хоҳ сувини икки ой давомида ҳар куни бир маҳалдан ярим стакандан истеъмол қилиб турилса кўриш қобилияти сезиларли даражада яхшиланади.

Глаукомада кўзларга анча эътиборли бўлиш лозим. Кўзнинг ички босимини ўлчаб туриш, агар у ошса, шифокор назорати остида даволаниш талаб этилади.

Катарактани операция қилмасдан фақат дори-дармонлар билан даволашнинг иложи борми?

–Юқорида таъкидланганидек, катаракта бу – кўз гавҳарининг дегенератив ўзгариши ҳамда хиралашишидан вужудга келадиган ҳолат. Хиралашиш даражаси ва сабаби ҳар хил бўлиши мумкин. Мисол учун ёш улғайиши, яъни кексалик билан боғлиқ ҳолда ёки бирор асорат сабабли кўз хира тортади. Баъзан қандли диабет ва гипертония касалликлари, турли хил жароҳатланишлар ва бошқалар туфайли кўз хиралашиши мумкин. Дори-дармонлар гавҳар хиралашишининг илк босқичларида самарали ёрдам беради. Кўз нима сабабдан хиралашишидан қатъий назар, катаракта касаллигининг бирдан-бир давоси бу жарроҳлик амалиёти ҳисобланади.

Ҳозирги замон тиббиёти, офтальмология ютуқлари кўз хасталикларини даволашда мўъжиза яратмоқда. Яъни турли жарроҳлик амалиётлари ўрнига ультратовушда, кесмасдан, чоксиз даволаш усуллари амалга оширилаяпти. Авваллари катаракта касаллигида кўз буткул кўрмай қолгандагина операция қилинарди. Аслида ўз вақтида ўтказилмаган амалиёт беморда турли асоратларга сабаб бўлиши мумкин. Ҳозирги кунда эса микрожарроҳлик техникалари такомиллашиши самарасида мазкур амалиётни кўз хиралашишининг дастлабки босқичида қўллаш имкони мавжуд. Бу кўплаб нохушликларнинг олдини олишга ёрдам беради. Шундай экан, бемор ўзида кўз касалликларининг бирор аломатини сезиши билан шифокорга мурожаат этиши, махсус текширувлардан ўтиб, исталган вақтда даволаниши мумкин. Бугунги кунда кўзга қўйиладиган гавҳарларнинг сифати шу даражада такомиллашганки, уларнинг тузилиши кўзнинг табиий структураси билан деярли бир хил. Гавҳар қўйилган кўз ташқаридан қараганда ҳам, кўриши жиҳатидан ҳам табиий кўздан умуман фарқ қилмайди.

Лазер амалиёти кўзга зиён қилмайдими? Бундай усулда даволашнинг ножўя таъсирлари йўқми?» 

–Ҳозир айрим кўз касалликларини лазер ёрдамида даволаш жуда оммалашган. Лекин бу амалиётнинг беморда бирор-бир жиддий асорат қолдириши деярли кузатилмаган. Тўғри, ҳар кимнинг организми муолажани турлича қабул қилиши мумкин. Лазер муолажасидан сўнг айримларнинг кўзлари турли инфекциялар билан курашишга ожизланиб қолади. Натижада уларни конъюнктивит ва бошқа кўз яллиғланишлари қийнаши мумкин. Лекин муолажалар тўғри бажарилса, бу муаммоларни бартараф этса бўлади.

Лазер муолажасининг устун жиҳати шундаки, кўзларингиз ҳеч қандай кўзойнак ёки линзасиз ҳам яхши кўра бошлайди. Бу эса кўриш қобилияти сустлашган ҳар бир инсоннинг орзусидир.

Катта ёшда, айниқса аёлларда кўз қуруқлашиши кўп кузатилади. Бунинг сабаби нима?

–Кўзнинг ичи қуруқлашишига иқлим ва ҳавонинг қуруқлиги, нотўғри овқатланиш тарзи, аёллардаги климакс даври ўзгаришлари ҳам таъсир этиши мумкин. Бундай вақтда шифокор, албатта, кўз ичини намлантирувчи дори-препаратларни тайинлайди. Шу билан бирга, уйдаги ҳаво намлигини меъёрида сақлаш чораларини ҳам кўриш керак. Масалан, хоналарни тез-тез нам латта билан артиб туриш зарур. Вентилятор ёки соч қуритишга мўлжалланган фенлар ўзидан қуруқ шамол чиқаради. Бу эса қуруқ кўзлар учун зарарли. Шу сабабли кўзларни уларнинг иссиқ шамолидан эҳтиёт қилиш керак.

Бундан ташқари, шифокор билан маслаҳатлашиб, кўз ҳолатини яхшиловчи мультивитамин ва минерал препаратларни қабул қилиш мумкин.

Компьютерда ишлаш, телевизор кўриш ёки китоб ўқиш қуруқ кўзлар синдромида зарарлидир. Кўзлар қуруқлашмаслиги учун компьютерда ишлаётганда ёки китоб ўқиётганда уларни кўпроқ пирпиратиб туриш лозим.

Ишлатилган кўк ва қора чой пакетчаларини илиқ пайтида олиб кўз қовоғи устига қўйиб 2-3 дақиқа ётиш кўз қуриши ва чарчашида яхши фойда беради.

Гулшан суҳбатлашди.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: