Мамлакатимизда таълим соҳасини тараққий эттириш, хусусан, олий таълимни ривожлантириш орқали соҳаларга замон талаблари асосида фаолият кўрсатувчи малакали кадрларни тайёрлаш имконияти оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 майда Олий таълим муассасалари ректорлари ва республика илмий жамоатчилиги билан ўтказган йиғилишида ҳам айни шу масала, олий таълимни тубдан ислоҳ қилиш ва ривожлантириш, олий таълим сифатини ошириш, таълим жараёнига ахборот технологияларини кенг жорий этиш каби долзарб вазифалар қўйилган эди.
2019 йилнинг 21 сентябрь куни Низомий номидаги Тошкент давлат университетида Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири И.Мажидов ҳамда олий таълим муассасалари ректорлари иштирокида давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган вазифаларнинг ижроси, олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда уларнинг самаралари муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш, талабаларга ҳар томонлама қулай шароит яратиш, таълим жараёнига ахборот коммуникацион технологияларни жорий этиш каби масаласи муҳокама қилиниб, соҳадаги ютуқлар ҳамда юзага келаётган муаммолар ўрганилди.
Маълумки, ўтган 2018 йил охирида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида “SMART университет” элементларини жорий этишга қаратилган лойиҳани амалга ошириш ишлари бошланган эди.
Ўтган давр мобайнида педагогика соҳасида таянч олий таълим муассасаси ҳисобланган Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида таълим жараёнига СМАРТ элементларини жорий қилиш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан:
- университетнинг таълим, илмий ва маъмурий фаолияти жараёнларини бошқаришни автоматлаштиришга қаратилган “E-univesitet”” ахборот тизимининг 15 та компонентдан иборат таркибий тузилмаси ишлаб чиқилди. Бугунги кунда “E-univesitet” ахборот тизимининг бошланғич 8 та компоненти дастурий платформа кўринишида таълим жараёнига жорий қилинди;
- Талабалар ва профессор-ўқитувчиларни идентификация қилиш тизими (FingerPrint технологияси) орқали уларнинг давоматини назорат қилишнинг электрон тизими жорий этилди;
- Қарши муҳандислик-иқтисодиёт инстутида тадбиқ этилган ахборот тизимларидан Е-минбар тажрибаси ўрганилиб, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида айни вақтга қадар жорий қилинган ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилиш натижасида Smart-аудитория фаолияти йўлга қўйилди. Smart-аудитория ўзида FingerPrint, Smart-минбар, мультимедия проектори каби замонавий ахборот технологияларини жамлаган тизим бўлиб, унда таълимнинг барча жараёнларини онлайн тарзда бошқариш имконияти мавжуд.
FingerPrint технологияси талаба ва профессор-ўқитувчиларнинг бармоқ изларини сканерлаш асосида давоматни автоматик тарзда аниқлайди ҳамда марказий серверда қайд этиб боради. Ушбу технология ўқитувчининг дарс бошланишида анъанавий йўқлама (давомат аниқлаш) учун сарфлайдиган вақтини тежаш билан бирга факультет ва кафедралардаги масъул ходимларнинг иш самарадорлигини ва шаффофлигини оширади.
Smart-минбар дастурий платформаси профессор-ўқитувчига ўзининг виртуал кабинетидаги ишини ташкил қилиш, жорий сана учун дарс жадвали, тақвим-мавзули (календарь-тематик) режа, бугунги мавзу ва дарсга оид бошқа маълумотлар билан танишиш, машғулот давомида талабаларга мавзу доирасида янада кўпроқ маълумот беришда қулай восита ҳисобланади.
Бугунги кунда университетнинг “Инновацион педагогика” қўшма факультетида маърузаларга Беларусь давлат педагогика университетининг етук профессор-ўқитувчилари жалб қилинган бўлиб, улар conf.uzcloud.uz махсус платформаси ёрдамида онлайн вебинар маъруза машғулотларини олиб бормоқда. Ушбу платформа видео, овоз ҳамда ўқитувчининг компьютеридаги тақдимотини бир вақтда трансляция қилиш, шунингдек вебинарни тўлиқ ёзиб олиш имконини беради.
Йиғилишда университетнинг “СМАРТ-аудитория”си тақдимоти ўтказилиб, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети мисолида олий таълим муассасаларининг ахборот технологиялари инфраструктурасини тизимли такомиллаштириш, таълим жараёнини ташкил этиш, бошқариш ва назорат қилишни автоматлаштириш, бу борадаги хорижий давлатлар тажрибаларини танқидий таҳлил қилиш ва таълим жараёнига тадбиқ қилиш масаласи муҳокама қилинди. Мазкур университетнинг ахборот технологияларини такомиллаштириш соҳасидаги ишларини бошқа олий ўқув юртларида ҳам жорий этиш зарурлиги таъкидланди.
–Бизнинг олдимизга олий таълимни, умуман таълим тизимини ривожлантириш вазифаси қўйилган, – деди Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов. – Тизимни ривожлантиришда асосан ахборот технологияларини янада чуқурроқ жорий қилиш билан юқори самарага эришиш мумкин. Ушбу татбиқ қилинаётган тизимларнинг самараси шуки, аввало давоматни текширишга ўқитувчиларнинг вақти кетмайди. Биз биламизки, аввал дарснинг бир қисми талабаларнинг давоматини қайд қилиш билан ўтиб кетарди. Демак ўқитувчи талабаларга дарс мавзусини янада кўпроқ очиб бериш ва улар ҳам дарсда ёки маърузада олган билими, қобилиятини намоён қилиш имкониятига эга бўлишади. Олий таълим муассасаси раҳбарлари ҳам бу дарс жараёнини янги тизим вовоситасида кузатиб боришади. Бундан ташқари, агар талаба қандайдир сабаб билан қатнаша олмаган бўлса дарс жараённи онлайн режимида кўриб бориши мумкин.
Энди ўқув машғулотларига комиссия гуруҳи кириб назорат қилиши шарт эмас. Дарс жараёнини бемалол онлайн тарзда ҳар куни назорат қилиш мумкин бўлади. Бу, албатта, ўқитувчилар масъулиятини ошириш билан бирга таълим сифати яхшиланишига хизмат қилади. Чунки асосий мақсад фақат диплом олиш эмас!
Манзура БЕКЖОНОВА
Ўхшаш хабарлар
-
Америкалик муҳандис Темурийлар даврини виртуал реалликда яратмоқчи
-
КИБЕР ЖИНОЯТЧИЛИК ҲУЖУМИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ
-
МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ ДОИРАСИДА ҚУРЪОН КУНИ БЎЛИБ ЎТДИ
-
Гендер тенгликни таъминлашда фуқаролик жамияти ролини кучайтириш лойиҳаси амалга оширилмоқда
-
Янги Ўзбекистон тараққиётининг ягона ва тўғри йўли