Жорий йилнинг 21- 28 сентябрь саналарида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида “Озарбайжон киноси кунлари” ўтказилмоқда.
Шу муносабат билан жорий бугун 23 сентябрь куни “Ўзбеккино” Миллий агентлиги биносида матбуот конференсияси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизга ташриф буюрган Озарбайжон делегацияси, қардош озарбайжонлик ва ўзбекистонлик киноижодкорлар иштирок этишди. Матбуот конференсиясида сўзга чиққанлар ўзбек ва озарбайжон киноларининг бир-бирига яқинлиги ҳақида сўзлашди, ўзбек томошабинлари учун ҳам севимли бўлган “Қайнона”, “Аршин мол олон”, “Аҳмад қаерда?” каби озарбайжон фильмлари эсланди. Ушбу картиналарга руҳияти, мавзуси яқин бўлган “Маҳаллада дув-дув гап”, “Келинлар қўзғолони”, “Суюнчи” каби ўзбек фильмлари озарбайжонлик киноижодкорлар томонидан эътироф этилди.
Алишер Навоий кино саройида
Шунингдек кино соҳасидаги келгуси ижодий алоқалар ҳақида ҳам маслаҳатлашиб олинди.
Шу куни Алишер Навоий номли кино саройида тадбирнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда Озарбайжон делегацияси раҳбари Озарбайжон маданият вазирлиги Кинематография бўлими бошлиғи Алмаз Гажибаба, Озарбайжон маданият вазирлиги Кинематография бўлими консультанти Гулнора Жавадова, кинорежиссёрлар Озарбайжонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Аёз Салаев, Мирбала Салимли, Шомил Алиев ҳамда киноактёр Мақсуд Маммадовлар иштирок этди.
Тадбирни “Ўзбеккино” Миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов очиб берди ва ўзбек-озарбайжон ижодий ҳамкорлиги истиқболлари хусусида гапирди, ушбу ҳафталик ўзбек томошабинлари учун катта кино байрами бўлишини таъкидлади. Тадбирда озарбайжонлик режиссёр ва актёрлар ҳам сўзга чиқиб, қўйилажак картиналарнинг мавзуси, ғояси ҳақидаги сўзлаб беришди.
Зарафшон тантаналар залида
“Озарбайжон киноси кунлари”нинг илк кунида Зарафшон медиа-холлида ташкил этилган тантанали маросимида режиссёр Мирбала Салимлининг “Қирмизи боғ” бадиий фильми намойиш этилди.
Тадбир олдидан медиа холлда тасвирий санъат ва миллий кийимлар кўргазмаси ташкил этилди.
Озар халқи миллий кино ҳафталиги дастуридан ўрин олган илк кино тақдимотида сўзга чиққан «Ўзбеккино» Миллий агентлиги Бош директори Фирдавс Абдуҳолиқов: «Ушбу ҳафталик доирасида биз ҳам тили, ҳам маданияти, ҳам руҳияти, ҳам қадриятлари жиҳатидан дилга яқин бўлган қардошларимизнинг кино санъати янгиликлари ҳамда янги киноасарлари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўламиз.
Ўзбекистонда «Озарбайжон киноси кунлари» 2010 йилда охирги бор ўтказилган эди. Мана, бу йилдан яна Озарбайжонлик киноижодкорлар билан турли лойиҳаларни бошлаш арафасида турибмиз. Шу йилдан бошлаб ҳар йили Ўзбекистонда ва Озарбайжонда ўзаро ҳамкорликда ўзбек ва озарбайжон киноси кунларини ўтказиб борамиз», – деган фикрларни билдирди.
Маълумот учун: Мирбала Салимлининг «Қирмизи боғ» фильми 2016 йилда суратга олинган бўлиб, картинада фарзанд кўриш орзусида яшаётган эр-хотин ҳақида ҳикоя қилинади. Фильмга қўйилган «Қирмизи боғ» номи метафорик хусусиятга эга. Қирмизи боғ инсон орзу-истакларининг тимсолидир. Мазкур фильм 2016 йилда «Евразия», 2018 йилда «Байкал» халқаро кинофестивалларида «Энг яхши фильм» номинацияси ғолиби бўлган.
Эртага – ҳафталикнинг иккинчи кунида (24 сентябр, соат 17:00да) Алишер Навоий номли кино саройида режиссёр Илғор Нажафнинг “Анорзор” бадиий фильми намойиш этилади.
Шунингдек, 24 сентябр куни Олмалиқ шаҳридаги “Металлург” номли маданият саройида “Озарбайжон киноси кунлари” тадбирининг расмий очилиши бўлиб ўтди ва тадбирдан сўнг “Нахичеванлик Ҳусейн Хон. Қайтиш” ҳужжатли фильми ва режиссёр Шомил Алиевнинг “Степняк” бадиий фильми намойиш қилинади.
25 сентябрь куни Самарқанд шаҳридаги “Шарқ юлдузи” кинотеатрида “Озарбайжон киноси кунлари” тадбирининг расмий очилиши ўтказилади ва тадбирдан сўнг режиссёр Наталья Завозненконинг “Боку вақт кўзгусида” ҳужжатли фильми ҳамда режиссёр Шомил Алиевнинг “Степняк” бадиий фильми намойиш этилади.
26 сентябр куни режиссёр Одил Озойнинг “Ўн аллома” ҳужжатли фильми ҳамда режиссёр Илғор Нажафнинг “Анорзор” бадиий фильми кўрсатилади.
Барча сеансларга кириш бепул бўлади.