23 сентябрь кечаси ўтказилган тунги рейд вақтида 13 бош жайронни отиб ўлдирган браконьерлар қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.

Тунги рейд Қорақалпоғистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат инспекциясининг «Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ ҳудудида сув объектларини муҳофаза қилишга ихтисослашган тезкор назорат гуруҳи» ходимлари томонидан ўтказилди.

Кечаси соат 3:00 да Мўйноқ тумани «Қозоқдарё» ОФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи «Ақшадарё» коллектори атрофида ўтказилган тунги рейдда УАЗ-469 русмли давлат рақами 95 V 654 DA автомобили тўхтатилиб, кўздан кечирилганда ичида икки дона ов милтиғи ва ўн уч бош отиб ўлдирилган жайрон борлиги аниқланди.

Браконьерлар Т. Б.ТОЗ-63 ва П. А. ИЖ-18 русумли ов милтиғи ёрдамида Ўзбекистон Қизил китобига киритилган 13 бош жайронларни 2019 йил 22 сентябрда кундузги соат 15:00-17:00 орасида ноқонуний тарзда овлашган.

Айни дамда мазкур «ов» бўйича барча ҳужжатлар тўпланиб, Орол табиатни муҳофаза қилиш прокуратурасига юборилган.

Республикамиз ҳудудларида бундай ноқонуний ов фаолияти билан шуғулланаётган кимсалар учраб турибди.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойи бошида «Қазақдарья» овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган «Акпеткей» кўллар тизимида ўтказилган рейд вақтида браконьерлар экоинспекторлар машинасига ўқ узган эди. Олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида ноқонуний ов билан шуғулланиб келган фуқароларнинг шахси аниқланиб, уларнинг барчаси қўлга олинган.

Шунингдек, 3 августда Қорақалпоғистонинг Тахтакўпир туманида 3 бош, 24 августдан 25 августга ўтар кечаси Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидаги ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида 2 бош урғочи жайронни овлаган браконьерлар ушланган.