2019 йилнинг 27 сентябрида АҚШ пойтахти Вашингтонда «Янги Ўзбекистон: ноёб маданий ташаббуслар» номли учрашув бўлиб ўтди. Унда таниқли америкалик тарихчилар, шарқшунослар, коллекциячилар, иштирок этди.
Олимлар ўзбек тўқимачилигини юқори баҳолаб, ўз маърузаларида, тақдимотларида унинг гўзаллиги, нафислиги ҳақида сўз юритишди, шарқона либосларни намойиш этишди.
–»Ўзбекистон маданий мероси коллекцияси илк маротаба Қўшма Штатларда намойиш этилди. Унда бугунги кунда Америка ва Канада фондларида Ўзбекистон маданий меросига тегишли қандай ноёб коллекциялар борлиги, уларнинг қанчаси шахсий коллекцияларда, қанчаси давлат музейларида сақланаётгани ҳақида сўз юритилди. Дарҳақиқат, лойиҳадаги 35 томлик китоблар, йигирмадан ортиқ ҳужжатли фильмлар фахрланишга арзийди.
Америкалик музей раҳбарлари ва коллекциячилар «Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида» лойиҳаси билан ҳамкорлик қилиш ниятида эканликларини айтишди.
«Англия, Германия, Франция, Польша, Чехияда муваффақиятли ўтказилган тадбирлардан кейин Ўзбекистон маданий мероси тақдимоти Америкага ҳам етиб келди, – деди ўз сўзида Марказий Осиё ва Кавказ институти раиси Фредерик Стар, – Бу жуда катта лойиҳа. Ҳали бирорта мамлакат дунё тўпламларида сақланаётган маданий меросини ягона каталогга тўпламаган. АҚШлик олимлар Ўзбекистоннинг бу йўналишда олиб бораётган ишларини олқишлайди».
Медиа ивент якунида Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бутунжаҳон жамияти раиси Фирдавс Абдухолиқов ва коллекционер Гидо Голдман ўзбек матосининг нодир ва бой намуналари жамланмасини ўз ичига олган “Ўзбек икатлари” номли альбомни нашр қилиш борасида келишиб олишди. Мазкур альбомга кирувчи ажойиб манбаларни доктор Голдман ҳадя тариқасида бир қатор Америка музейларига тақдим этган.
Дунёга машҳур коллекционер ўзбек икатлари каталогини тузиш борасида лойиҳага қўлдан келганча беминнат ёрдам беришини таъкидлади.
Ушбу медиа ивентнинг биз томондан бошқа мамлакатларда ўтказилган одатдаги тадбирлардан фарқи шуки, унда лойиҳа тарихида илк бор америкалик йирик коллекционерлар биз билан ҳамкорлик қилиш бўйича очиқ фикр билдиришди. Улар ўз коллекцияларидаги ўзбек маданий мероси намуналарини китоб ҳолида чоп этишда лойиҳага кўмак беришларини айтишди. Бу янгиланаётган Ўзбекистонга бўлган чуқур ишонч ва эътибор намунасидир.